Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

8 июннинг видеохабарлари

Суриянинг шимолий Алеппо шаҳрида исёнчилар назорати остидаги ҳудудларда ҳаво ҳужуми натижасида камида 10 инсон ҳалок бўлган. Фаолларга кўра, ҳужумлардан бири Шаар туманидаги касалхона яқинида содир этилган. Ҳужум лавҳалари акс этган видеоларда кўчаларда ётган жасадлар ва вайрон бўлган бинолар кўринади. Ҳужумга ким масъул экани ҳозирча номаълум, бироқ ҳукумат кучлари бу ҳудудни ўз назоратига олишга ҳаракат қилиб келади.

БМТнинг текширув комиссиясига кўра, Эритреада систематик тарзда инсониятга қарши жиноятлар содир этиб келинган. Бу мамлакат мустақилликка эришган 25 йилдан бери давом этиб келган, дейилади ҳисоботда. Қийноқлар, зўрлаш, қотиллик, бедарак йўқолиш ва калтаклашлар оддий одамлар орасида қўрқув пайдо қилиш кампанияси доирасида ўтказиб келинган, деб таъкидлайди БМТ комиссияси.

Туркиянинг Сурия билан чегара жануби-шарқидаги Мардин вилояти Мидят шаҳрида портлаш содир этилган. Ҳодисада икки полициячи ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ инсон яраланган. Dogan ахборот агентлиги маълум қилишича, бомба ўрнатилган автомобил шаҳардаги полиция идораси биносига бориб урилган. Туркия ҳукумати портлашда курд исёнчиларини айблаган. Охирги икки ойда Мардин вилоятида курд исёнчилари томонидан бир қанча ҳужумлар юз берган.

Покистоннинг Лаҳор шаҳри полицияси ўрта ёшлардаги аёлни ўзининг 17 ёш қизини ўлимида гумонлаб ҳибсга олган. Полицияга кўра, қизнинг танасида қийноқ излари бўлган. Зийнат исмли келинчак яқинда турмушга чиққан бўлган. Бу Покистонда охирги ҳафталарда ёш аёллар билан содир этилган учинчи воқеадир.

Хиллари Клинтон Калифорнияда ўтган демократларнинг праймериз сайловида 56 фоиз овоз олиб, Берни Сандерс устидан ғалаба қозонган. Шу тариқа Клинтон хоним президентликка номзодлар орасида илғорликни янада мустаҳкамлаб олган. Олдинроқ Клинтон хоним АҚШ президентлигига Демократик партиядан номзодини қўйиш учун депутатларнинг етарли овозларини тўплашга муваффақ бўлганди.

Москвада Федерал хавфсизлик биноси олдида норозилик ёнғин акциясини ўтказган радикал рус рассоми Пётр Павлинский озодликка чиқарилган. Москва маҳкамаси Павлинскийни ФСБ биноси эшигини ёқиб, маданий бойликка зиён етказгани учун 500 минг рубл жарима тайинлаган.