Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Париж сарҳадида ‘теракт’

Сўнгги қонли ҳодиса мезбон Францияда футбол бўйича бу йилги Оврўпо чемпионатининг бешинчи кунида юз берган.

Бу ҳужумга ҳам масъулиятни Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи ўз зиммасига олиб чиққан.

ИШИД пойтахт Парижда ўтган йил ноябр ойида уюштирган ва 130 кишининг умрига зомин бўлган мувофиқлаштирилган қонли ҳужумлар сабаб, Франциядаги Оврўпо чемпионати шундоқ ҳам ўта кучайтирилган хавфсизлик чоралари остида очилган.

Чемпионат хавфсизлигини таъминлаш учун ўн минглаб хавфсизлик кучлари сафарбар этилган.

Биринчилик арафасида бутун Франция бўйлаб кенг кўламли аксилтеррор машқлари ҳам уюштирилган.

Биологик ва кимёвий ҳужумларнинг олдини олиш учун, ҳатто, дронларга қарши мосламалар ишга солиниши ҳам баён қилинганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Аммо, эътироф этиш жоиз, айнан хавфсизлиги назарда тутилганда, оврўполик футбол масъулларининг ўзлари ҳам ҳали спорт беллашувлари тарихида Франциядаги Оврўпо чемпионати қадар хавотирга сабаб бўлгани кузатилмаганини эътироф этишганди.

Пойтахт Париждан суҳбатдошимиз Тўрабекнинг айтишича, сўнгги ҳужум маҳаллий аҳоли ва ишқибозлар орасида ҳам у қадар жиддий хавотирга сабаб бўлмаган.

Сўнгги ҳужум

ИШИДнинг сўнгги ҳужуми пойтахт Париж чеккасидаги Маньанвил шаҳарчасида юз берган.

Номаълум ҳужумчи аввалига бир полиция ходимини пичоқлаб ўлдирган, сўнгра унинг уйига кириб, аёли ва ёшгина боласини гаровга олган.

Воқеа шоҳидларининг айтишларича, 42 ёшли полиция ходимига ҳужум қилишдан аввал ҳужумчи “Аллоҳу Акбар”, дея ҳайқирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Сатҳга полиция махсус бўлинмаси етиб келган, аммо уларнинг ҳужумчи-гаровгир билан музокаралари бирор бир самара бермаган.

Ҳужумчи “Твиттер” орқали тутқунларидан бирининг ўлдирганини маълум қилиши ортидан эса, полиция кучлари уйга куч билан бостириб киришган. Аммо фақат 3 яшар гўдакни тирик топишган.

Ҳужумчининг исм-шарифи, ҳалича, расман эълон қилинмаётир.

Аммо Франция оммавий-ахборот воситаларининг хабарларига таянилса, ҳужумчи 2013 йилда илдизи Покистонга бориб тақалувчи жиҳодий гуруҳга алоқадорлик гумони билан судланган бўлган.

Ҳужум ортидан Франция Президенти Франсуа Олланд вазирлари иштирокида фавқулодда йиғин чақирган.

Ушбу йиғин ортидан Франция Ички ишлар вазири Бернар Казнев ҳужумни “террорчилик амали”, деб атаган.

Агар даъвоси тасдиқланса, бу – фавқулодда вазият ҳолати эълон қилинган ўтган етти ой ичида Францияда ИШИД қайта уюштиришга муваффақ бўлган илк ҳужум бўлади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.