Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Аҳмадбой пирамидаси: савол ва жавоблар

Чинозлик суҳбатдошларнинг Би-би-сига айтишларича, молиявий пирамидасига минглаб одамлардан пул олган маҳаллий тадбиркор Аҳмад Турсунбоевининг уйи ва мол мулки маҳаллий милициянинг назорати остида қолмоқда. "Одамлар пулларини, машиналарини талаб қилиб боришяпти, лекин ҳатто кўчасига киритилмаяпти экан", дейди бир суҳбатдош.

Аҳмадбой лақаби билан танилган тадбиркорнинг ўзи ҳибсда қолар экан, на маҳаллий ҳукумат ё на марказий ҳукумат норози кредиторларнинг мулкига нима бўлиши борасида маълумот беряпти.

Ҳўш, Аҳмадбой молиявий пирамидасининг қарийб беш йил давомида афтидан муваффақиятли амал қилиб келиши сири нимада?

Нима учун бу ноқонуний амалга чек қўйилмади?

Халқнинг пулига нима бўлади ва нима бўлиши керак?

Ва, ниҳоят, бу каби уддабурон ва ишбилармон шахслар давлат томонидан рағбатлантирилиши керакми?

Би-би-си бу саволлар билан тошкентлик иқтисодий таҳлилчи Анвар Ҳусаиновга мурожаат этди.

Иқтисодчи Ҳусаиновнинг айтишича, Ўзбекистонда фуқаролар ўз жамланган пулларидан фойда олиши мумкин бўлган муқобил қонуний йўллар иш бермаяпти, хусусан банклар ўз мажбуриятларини бажаришмаяпти.

"Одамларнинг болалари юборган пуллари бор, ёки хурмачада турган пулларини қаергадир қўйиб, 5-10 фоиз ундан фойда олиш, агар тўғри йўлда қилинса, ҳалол-ку. Шунга халқ интилади. Халқнинг қондирилмаган эҳтиёжини ўша халқнинг орасидан чиққан инсон - Аҳмадбой қондирган", - дейди у.

Таҳлилчининг айтишича, молиявий пирамида қоидасига биноан, 100 одамдан пул олинади ва, мисол учун, 10 нафарига юқори фоиз билан қайтарилади. Лекин, айни дамда, пирамида эгаси қолган 90 нафарига пулни қайтариб бера олмаслигини яхши билади.

"Бу жуда оғир жиноят. Чунки 100 одамга фойда келтирган бўлса, 20 мингининг хонадонини куйдириб, келажагини йўқ қилган", - дейди жаноб Ҳусаинов.

Иқтисодчига кўра, Аҳмадбой маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқ-тартибот органларини "кўнглини олиб" ўз ишини давом эттиришга муваффақ бўлган, шундай экан, ҳукумат маҳаллий ҳукмдорларни ҳам жазолаши керак.

Ҳозирда кредиторларнинг мол-мулки ва нақд пуллари уларга қайтарилиши ё қайтарилмаслиги борасида бирон расмий маълумот берилмади.

"Мусодара қилинган пуллар, валюталар, қорамоллар ва бойликларни жамоатчилик комиссияси тузган ҳолда имконқадар бечора, куйиб қолган одамларга қайтаришни ташкил қилиш керак. Тўлиқ қайтариб бўлмайди. Чунки, халқдан олинган пулларнинг асосий қисмини улар ўғирлагани ва четга чиқаргани табиий", - дейди иқтисодий таҳлилчи.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.