Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
 
Сўнгги янгиланиш: 11 Май, 2009 - Published 14:29 GMT
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
Би-би-си меҳмони - Шуҳрат Аббосов
 
Шуҳрат Аббосов фильмлари ўзбек киносининг олтин фондидан ўрин олган
Атоқли ўзбек кинорежиссёри, СССР Халқ артисти Шуҳрат Аббосов BBCUzbek.com ўқувчилари ва тингловчиларимизнинг саволларига жавоб беради.

Шуҳрат Аббосов 1931 йил 16 январда Қўқонда таваллуд топган.

1949 йилда Тошкент Тиббиёт техникумини тамомлаган.

1954 йилда А.Н.Островский номли Тошкент Театр ва рассомчилик санъати институти (Ҳозирги Маннон Уйғур номидаги Театр санъати институти), 1958 йилда эса "Мосфильм" студияси қошидаги Олий режиссёрлик курсларида таҳсил олади.

Аввалига Янгийўл драма театрида бош режиссёр, 1959 йилдан бошлаб "Ўзбекфильм" киностудияси режиссёри бўлиб ишлаган.

Шуҳрат Аббосов суратга олган "Маҳаллада дув-дув гап" (1960), "Сен етим эмассан" (1963), "Тошкент-нон шаҳри" (1968), "Оловли йўллар" (1977-1983), "Катта урушдаги кичик одам" (1990) каби филмлар совет киносининг мумтоз намуналари ҳисобланади.

Режиссёрнинг мустақилликдан сўнг Тоғай Мурод романи асосида суратга олган "Отамдан қолган далалар" филми ҳам томошабинлар томонидан яхши кутиб олинган.

Шуҳрат Аббосов кино санъатини ривожлантиришдаги хизматлари учун СССР Халқ артисти, Ўзбекистон Давлат мукофоти ва бошқа кўплаб юксак мукофот ва унвонлар билан тақдирланган.

Би-би-си: Лондондан Жавоҳирбек Султонбеков сизнинг сўнгги филмингиз - "Отамдан қолган далалар" фильмини қаерда топса бўлади?" деб сўрабди. Шуҳрат исмли тингловчимиз ҳам Тошкентдан ушбу фильмни топа олмаганини айтиб, наҳотки, фильм таъқиқланган бўлса, дея ажабланган. Марҳамат.

Шуҳрат Аббосов: Бу фильмимни томошабинлар жуда қизғин қабул қилишди. Бухорода ўтган миллий кинофестивалимизда унга энг олий мукофот берилди. Кейин Туркияга фестивалга олиб бордик. Туркияда ҳам фильмни тик туриб, олқишлар билан кутиб олишди. Ўзимизда телевидениеда кўрсатишди. Кейин қизиқиш унчалик бўлмади, шекилли, давоми бўлмади.

Би-би-си: Филмни кейинроқ тақиқлаб қўйишган, деган гаплар юради. Бу қанчалик тўғри?

Шуҳрат Аббосов: Ким билади энди. Бунақа қарор чиққанини билмаймиз биз, хабаримиз йўқ. Президентнинг охирги, "Маънавият- енгилмас куч" деган китобларида "Тоҳир ва Зуҳра", "Ўтган кунлар", "Маҳаллада дув-дув гап", "Сен етим эмассан" фильмларини "ўзбек кино мактабини яратган" филмлар, деб ёзган сатрлари бор. Энди баъзи кинолар кўп яшайди, баъзиларининг умри қисқа. Мана энди Ҳамза Ҳакимзода ҳақидаги "Оловли йўллар" фильмим. Ўз вақтида Москвадаги Марказий телевидение 17 серияли фильмни қайта - қайта кўрсатишган. Бутун совет республикаларидан қоп-қоп хатлар олган эдим. Кейин мустақиллик бўлди, инқилобга муносабат ўзгарди. Чунки Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийни шундай образ қилганмизки, миллатпарвар, тараққийпарвар, айни пайтда бойларга қарши, халқни инқилобга кўтарган бир шахс...

Би-би-си: Яъни ўша давр, мафкуранинг маҳсули, демоқчисиз...

Шуҳрат Аббосов: Ҳа, даврнинг, мафкуранинг маҳсули.

Би-би-си: Буюк Британиядан Абдулло исмли веб саҳифамиз ўқувчиси худди шу ҳақда сўраган. Яъни кино-санъат, аммо даврга, мафкурага қараб санъатга муносабат ўзгариши керакми?

Шуҳрат Аббосов: Энди давлатнинг ҳам ўзининг сиёсати бор, ўзининг мафкураси бор. Мана, Бобурнинг номини ҳам айттиришмади-ку. Ҳамзанинг "Бобур буюк аждодларимиздан, буюк шоиримиз" деган сўзлари бор эди. Ўз вақтида шуни кестириб ташлаган эди. Бу энди, совет мафкурасига тўғри келмаган.

Би-би-си: Шу маънода сизнинг "Маҳаллада дув-дув гап", "Сен етим эмассан", "Тошкент-нон шаҳри" фильмларингиз давр синовидан ўтди, дейиш мумкин. Шундай эмасми?

Шуҳрат Аббосов: Жуда тўғри. Чунки мана қаранг-да, "Маҳаллада дув-дув гап" да сиёсий масалалар ҳеч қўйилмаган эди. Халқимизнинг ҳаёти, миллатимизнинг образлари ҳаққоний, жуда ҳаётий бўлиб чиққан.

Би-би-си: Шуҳрат исмли тингловчимиз худди шу фильмнинг тарихи ҳақида гапириб беришингизни илтимос қилибди. сўраган. "Фильмнинг ғояси кимга тегишли, ундаги воқеалар, қаҳрамонлар ва биз ҳанузгача эслаб юрадиган диалогларни ким ўйлаб топган?" деб сўраган.

Шуҳрат Аббосов: Энди жуда қизиқ бўлган. Мен 1959 йилда Москвада Олий режиссёрлик курсларини битириб келдим."Ўзбекфильм" га келганимдан кейин бор сценарийлар билан танишиб чиқдим. Биронтаси ҳам кўнглимга ёқмади. Менда ё зўр фильм қилишим керак ёки умуман қилмаслигим керак, деган жуда принципиал бир қатъийлик бор эди. Ёш эдик, ғайратли эдик. Москвада бутун дунёнинг киноларини кўриб келган эдим-да. Бир куни мени киностудиянинг директори чақириб, "топинг бирон нарса, ўзбек адабиёти билан танишиб чиқинг", деди. Мен "ҳаммасини ўқидим, биронтаси ҳам ёқмади", дедим. У "бўлиши мумкин эмас, ҳозир фильм олиниши керак, бўлмаса ишчилар маошсиз қолишади планни бажармасак. Яна сценарийлар бўлимига боринг-да, бир нарса топиб келинг", деб айтди. Мен сўкиниб-сўкиниб бордим-да, яна қоғозларни варақладим. Бундай қарасам, иккита варақ шундай учиб тушди ерга, қушнинг паридай. Кўтариб, чангларини қоқиб ташладим-да, бир мисрасини ўқидим ўша ерда. Она Москвада ўқиётган ўғлига ўша ердан хотин олиб келмасин, деб "болам, мен сенга Тошкентдан қиз топиб қўйдим, тўй қиламан", деган бир парча бор экан. Мен "вой, дедим. Бу менинг онамнинг худди ўзи-ю, раҳматли онамнинг" дедим. Аямлар ҳам менга "болам, Москвада ўқияпсан, ўша ердан хотин опкемагин, бу ерда битта келин топиб қўйдим, ажойиб бир қиз", деганлар. Мен айтдим, нима ҳақда фильм қилардим, онажоним ҳақида қилишим керак-да" дедим. Икки варақ қоғозни ёзган одам Абдулла Рамазонов деган киши эди. Рус тили ўқитувчиси эди. Шунақаям саводли эдики рус тилида, руслар ҳам унчалик саводли бўлмаса керак, деб ўйлардим. Ҳамманинг ёзувларини тузатиб чиқарди. Кейин жуда қизиқ бўлди. Москвада Гинзбург деган домлам бор эди. Шу одам "агар фильм қилсангиз, бир одамни чақирасиз" деди. Уруш йиллари Ўзбекистонда бўлган экан, ўзбек халқини шунақаям яхши кўраркан, неча йилдан бери ўзбеклар ҳақида гапириб юраркан. "Бу қанақа ажойиб халқ экан, бизга уй-жой берди, еб турган нонини биз билан бўлишди" деб юраркан. Шу билан у кишини чақирдик, келди, ўн икки кун ичида "Тошкент" меҳмонхонасида сценарийни битирдик. Мен эртасига съёмкага чиқишиб керак, бир ўқиб чиқдим-да сценарийни, " ўзбек актёрларига рус тилидаги сценарийни қандай бераман. Бу жуда ҳам ўзбекона асар бўлиши керак. Ўзбек актёрлари ўз тилида яйраб ижро этиши керак, бўлмаса бунинг нима кераги бор, олиб юраверайлик ўша комсомол, партия ҳақидаги фильмларни дедим". Кейин уни Ойбек домлага олиб бордим. У киши ўқиб чиқдилар-да, "сиз буни Абдулла Қаҳҳорга олиб боринг, Абдулла Қаҳҳор яхши билади комедияни, мен комедия ёзмаганман", дедилар. У киши стационарда даволанаётган эканлар. Олдиларига бориб, "шуни тез қилиб берасиз домла" десам, "менга ташлаб кетинг, бир ҳафтадан кейин оласиз" дедилар. Мен "Абдулла акажон, эртага съёмкага чиқаман, эртагача текст бўлмаса бўлмайди, фақат диалогларини ўзбек тилига ағдариб беринг", дедим. Кейин ўша ерда "хўп, қани қоғозингиз, қаламингиз борми," деб, стационар ҳовлисидаги скамейкада ўтириб, икки соат ичида диалогларни тузатиб бердилар. Мен орқаларидан мўралаб, бундай қараб, бирданига хохолаб кулиб юборсам, чўчиб тушдилар. "Ҳа, нима бўлди, нимага кулаяпсиз?" дедилар. Мен "мана бу репликани боплабсиз", дедим. "Қайсиниси?" дедилар. Мен "э, телевизорни бошингга урасанми, уйингда сичқонлар ҳасса таяниб юрибди-ку", деган реплика", дедим. Менга шунақанги таъсир қилди. Тилга бой одам эди-да. Кейин у кишини фильмга редактор қилиб олганмиз. Шунақа бўлган...

Би-би-си: Буюк Британиядан ёзган Муслимбек исмли тингловчимиз "Маҳаллада дув-дув гап"да бош роллардан бирини ижро этган марҳум санъаткор Ҳамза Умаровни эслаган...

Шуҳрат Аббосов:Энди Ҳамза Умаров деганда... Мен бу одамга бутун умр раҳматлар, деб ўтишим керак, чунки медтехникумда ўқирдим, фармацевтика бўлимида, мен дори тайёрловчи бўлишим керак эди. Аптекада ишлашим керак эди. Лекин мен медтехникумда бадиий тўгаракда жуда фаол қатнашардим, роллар ижро этишни яши кўрардим. Островскийнинг "Айбсиз айбдорлар" деган пъесасида Шмага деган образни яратдим. Шу пайтда Қўқондан Ҳамза Умаров кептилар, раҳматли. Битта тугун, ичида иккита нон, тўртта мағиз, тўртта туршак. Уни кеннойим юборибдилар, "Тошкентда жиянимиз ўқийди, қанақа аҳволдайкин, отаси йўқ, онаси болаларни эплолдимикан", деб. Ҳамза ака Қўқонда бизнинг маҳаллада турар экан, мактабда кеннойимнинг қўлларида ўқиган экан. Мени қидириб келиб, пъесани томоша қилиб мени танимабди. Залда ўтирганлардан "қайси бири Шуҳрат Аббосов?" деб сўрабди. Мени кўрсатишса, "ё тавба, бу қари рус одами-ку, қандай ўйнаяпти бу ролни?" дебди. Спектакл тугаши билан мени қучоқлаб, ўпиб, эртасига мени қўлимдан маҳкам ушлаб, Театр институти ректорининг уйига олиб борди. "Мана, сиз талантларни қидириб юрибсиз, мен шундай бир йигитни топдимки, бу бизнинг фахримиз бўлади", деб таништирди. Ректор "бўлди, мен Ҳамзани яхши кўраман, эртага ўқишга келинг", деди. Мен актёр бўлмоқчи эдим, лекин комиссия раиси актёрларимиз кўп, лекин режиссёрларимиз йўқ республикамизда", дейишиб, режиссёрлик бўлимига қабул қилишди. Шу билан устозларнинг дуосини олдим.

Би-би-си: Ҳозирги ўзбек киносининнг аҳволи билан боғлиқ саволлар бор экан, Ўшдан Одилжон Маҳдумий ёзибдилар:"Сиз бундан ўн йилча аввал бир чиқишингизда "ҳозирги ўзбек киноларидан кўнглим тўлмайди, ҳаммаси тижорат, бадиийлик йўқ, деб айтган эдингиз. Лекин менинг билишимча, сизнинг ўзингиз ҳозир ана шундай фильмларга бадиий раҳбарлик қилмаяпсизми?", деб ёзибдилар.

Шуҳрат Аббосов: Жуда яхши, тўғри гапирибди-да. Энди қаранг, бир вақтлар ўзбек томошабини бутунлай кинога келмай қўйди. Шунинг учун мана, ёш режиссёрлар хусусий студияларда фильмлар қилишаяпти, ашулачилар, машҳур хонандаларни ўйнатишаяпти. Ҳинд киноларига ўхшаган сюжетлар... Ҳинд киноларини ўзбек томошабини жуда яхши кўради.Томошабин кинотеатрга қайтиб келди. Чунки севги-муҳаббат ҳақида фильмлар йўқ эди. Энди бу режиссёрлар аста-секин оёққа туриб келаяпти, борган сари ажойиб, қизиқ фильмлар яратиб келишаяпти...

Би-би-си: Лондондан Бунёд исмли тингловчимиз сўраган:"Таниқли режиссёр Зулфиқор Мусоқов ўзбек киносининг ривожига асосий тўсиқ сифатида "Ўзбеккино" нинг бошида кинони тушунмайдиганлар ўтирибди, деган эди. Сиз ҳам шундай деб ўйлайсизми?".

Шуҳрат Аббосов: Йўқ. Нотўғри гап бу. Баъзилар сценарий олиб келади-да, сценарийси ўтмай қолса, дарров ҳужумга ўтишади. Президентга ёзишади, шу сценарийни амаллаб ўтқазворгиси келади. Шу томони бор. Бўлмаса, ундай нарсалар йўқ, ҳамма ишлаяпти. Бировни айблаш керак эмас. Ўзидаям хатолар топишга интилиши керак одам. Ўзининг ижодига ҳам танқид кўзи билан қараши керак. Мен шундай деб ўйлайман...

 
 
Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
 
  
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
 
Жўрабек Муродов Би-би-си меҳмони
Жўрабек Муродов:"Cанъат ҳам сиёсат, деганидир"
 
 
Жамол Камол Би-би-си меҳмони
Жамол Камол шеърият, таржима ва ўзбекчилик ҳақида
 
 
Сўнгги янгиликлар
 
 
Дўстингизга йўлланг   Принт - босма кўриниши
 
 
 
BBC Copyright Logo ^^ Юқорига қайтиш
 
  Bosh Sahifa | Ob –havo | Dasturlar | To’lqinlar
 
  BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
 
  Biz haqimizda | Aloqa | privacy