"Мобил телефондан ҳаддан ташқари кўп SMS жўнатиш ва ёмон хулқ-атвор ўртасида боғлиқлик бор"

Image caption Тадқиқотчиларнинг айтишларича, SMS ва Интернетга муккасидан берилиш билан ёмон хулқ-атвор ўртисида боғлиқлик бор.

Америкалик тадқиқотчиларнинг огоҳлантиришларича, SMSга муккасидан берилиш ва ўсмирлар соғлиғи, шунингдек хулқ-атвори ўртасида боғлиқлик бўлиши мумкин экан.

Статистик тадқиқотларга кўра, кунига мобил телефонидан 120 тадан ортиқ SMS жўнатган ўсмирнинг алкогол ичимликлар ва чекишга берилиб кетиши эҳтимоли ҳам кучаяр экан.

Кливленддаги Тиббий Тадқиқотлар марказидан бўлган доктор Скот Франк маҳаллий мактаблардаги ёшлари 13, 18 ва 20 да бўлган ўқувчилар ўртасида интернет орқали ижтимоиий тармоқлар ва мобил телефонлари орқали юборадиган хабарлари даражасини ўрганиб чиқди.

Тадқиқот ўтказилган ёшлардан 20 фоизи SMSга "ўта муккасидан кетганлар" тоифасига кириб, кунига 120 дан кўпроқ хабар жўнатар эканлар.

Улар орасида шунингдек, алкогол ичимликлар ичиш, чекиш, гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш ва шаҳвоний амалларга берилиш ҳам кўпроқ учрар экан.

Интернетдаги ижтимоиий тармоқларда кунига уч соатдан кўпроқ "ўтирган" ўсмирлар орасида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар қайд этилган.

Доктор Франкка кўра, ушбу тадқиқот шундан далолат берадики, SMS ёда Интернет ижтимоиий тармоқларига берилиб кетиш ҳолатини назардан қочириш ўсмирлар соғлиғига хавфли таъсир ўтказиши мумкин.

"Бу ота-оналар учун огоҳ бўлиши керак. Улар фақатгина ўз фарзандларининг хавфсизлиги борасида қайғуриб, телефонда гаплашаётган ё SMS юбораётган вақти машина ҳайдамасликларигагина эътибор қаратмасдан, мобил телефон ва интернетдан ҳаддан ташқари кўп фойдаланмасликларига ҳам рағбатлантиришлари лозим", деб айтди доктор Франк.

Тадқиқот натижаларини шарҳлаган Британиянинг Лидс университетидан доктор Катриона Моррисоннинг айтишича, кўринишича кичик бўлса ҳам бир гуруҳ шундай инсонлар борки, улар учун Интернетдан фойдаланиш носоғлом, патологик ва ҳаётларини бойитмайдиган бир нарсага айланган.

"Бу ҳудди қиморга муккасидан берилишга ўхшайди", деди доктор Моррисон.

Доктор Моррисон Интернетдан ўта кўп фойдаланиш билан руҳий тушкунлик касаллиги ўртасидаги алоқа борасида тадқиқот ўтказганлардан.

Унга кўра бир нарсага муккасидан кетганларда бошқа бир носоғломлик аломатлари ҳам топилади.

Ана шу ҳолат нима учун SMS ё Интернет ижтимоиий тармоғидан ҳаддан ташқари кўп фойдаланувчилар ичкилик ва тамакига кўпроқ берилиб кетишлари сабабларига ҳам ойдиклик киритиши мумкин бўлган кўрсаткич бўлса эҳтимол.