Эркак киши нима учун кал бўлади?

Image caption Ялтирбош одамлардаги соч илдизларининг сони сочи кўп одамлардаги илдизлардан кам эмас.

Америкалик олимларга кўра, улар эркаклардаги соч тўкилишига нима сабаб бўлишини аниқлашнинг уддасидан чиққанлар.

Ўзларининг тадқиқоти натижаларини Journal of Clinical Investigation нашрида эълон қилган мутахассислар фикрича, ялтирбошлик сабаби бошда соч йўқлигида эмас, балки тўкилган соч ўрнига ўсиб чиққан янги сочларнинг сифатида.

"Ёши 50 дан ошган эркакларнинг ярмидан кўпи турли шаклдаги ялтирбошликка дуч келадилар. Айримларнинг сочи эса 20 ёшда тўкилишни бошлайди. Энди эса экспертлар эркаклардаги калликнинг сабаби илдизини аниқлашга муваффақ бўлганларидан кейин бунинг даъвосини топишга яқинлашиб қолганларини айтмоқдалар", деб ёзади Би-би-сининг саломатлик масалалари бўйича мухбири Мишел Робертс.

Пенсилвания университети олимлари сочи тўкилган инсонларнинг бошини ўрганганларидан кейин шундай хулосага келганлар: ялтирбош одамлардаги сочларнинг илдизи сони сочи кўп одамлардаги илдизлардан кам эмас.

Фақат сочнинг асос ҳужайрасидаги қусур туфайли бу соч шунчалик ингичка бўладики, уни фақат микроскоп орқалигина кўриш мумкин.

Демак, биз кал деб атайдиган кишилар бошида соғлом эркаклар бошидагичалик соч бор экан.

"Бу асос ҳужайраларнинг активацияси билан боғлиқ муаммо мавжудлигини кўрсатади. Тўкилган соч ўрнига ўсиб чиққан сочнинг асос ҳужайраси шаклланишида қийинчилик юзага келади", дейди тадқиқотчилар гуруҳи раҳбари Жорж Костарелис.

"Сочи тўкилган бошда ҳам ўшанча сондаги асос ҳужайралари сақланиб қолиши уларни реактивация қилишга умид уйғотади", дейди жаноб Костарелис.

Экспертлар бошда яна табиий соч ўсиб чиқишига сабаб бўладиган асос ҳужайрасини ўз ҳолига қайтарадиган крем ишлаб чиқармоқчи бўлганлар.

Шу пайтгача ҳам тепакаллик асл сабаби нимада эканлиги аниқланмаган.

Бироқ мутахассислар соч тўкилиши сабаби эркаклар организмидаги тестостерон гормони билан боғлиқ деб билишади.

Шунингдек, ялтирбошлик наслдан наслга ҳам ўтади.