BBC navigation

БМТ иқлим ўзгариши анжуманида ниҳоят келишувга эришилган

Сўнгги янгиланиш 11 декабр 2011 - 15:18 GMT

Анжуманда иссиқхона газларини камайтириш бўйича ривожланган ва ривожланаётган давлатлар вакиллари ўртасида қаттиқ баҳс кечган

БМТнинг Жанубий Африканинг Дурбан шаҳрида якунланган иқлим ўзгаришига бағишланган анжумани иштирокчилари илк бор дунёдаги атроф-муҳитни энг кўп ифлослантираётган мамлакатларни глобал исишни чеклаш мақсадида чора кўришга кўндира олганлар.

28 ноябрда бошланган халқаро анжуманда дунёдаги 190 дан ортиқ мамлакат вакиллари қатнашганлар.

Якуний битим матни борасида ривожланган мамлакатлар билан ривожланаётган мамлакатлар вакиллари ўртасида келишмовчилик келиб чиққан, ҳужжатни имзолаш деярли икки кунга ортга сурилган.

Би-би-сининг атроф-муҳит масалалари бўйича мухбири Ричард Блэк хабар қилишича, якуний келишувда Киото протоколида Оврўпо Иттифоқининг атмосферага чиқарилаётган иссиқхона газларини камайтириш борасида ўз зиммасига олган мажбуриятлари қайд этилади.

Жанубий Африкадаги халқаро анжуманда иштирок этган ривожланаётган мамлакатлари вакиллари ушбу банд янги ҳужжатга киритилишини талаб қилганлар.

Атроф-муҳит ифлосланишига қарши Киото шартномаси ўрнини эгаллайдиган ҳужжат борасидаги музокаралар 2012 йилда бошланиши ва 2015 йилда якунланиши керак. БМТ воситачилигида ўтказилиб, бир қарорга келишилган шартнома 2020 йилдан кучга кириши керак.

Анжуманда Оврўпо Иттифоқи билан Ҳиндистон ўртасида келгуси режадаги ҳаракатлар борасида келишмовчилик юзага чиққан.

Оврўпо Иттифоқи янги келишувдаги бандларни бажариш барча иштирокчи мамлакатлар учун мажбурий бўлиши кераклигини талаб қилган.

Ҳиндистон вакили бунга қарши чиққан.

Ниҳоят Бразилия вакилининг янги битим ҳуқуқий кучга эга бўлиши ҳақидаги таклифи томонларга маъқул бўлган.

Ривожланган мамлакатларга кўра, Ҳиндистон ва Хитой сингари ҳавога кўп иссиқхона газини чиқараётган мамлакатлар бу газларни камайтирмагунича, Ер ўртача ҳароратини пасайтириб бўлмайди.

Илмий тадқиқотлар натижаларига кўра, атмосферага чиқарилаётган иссиқхона газларини шу кеча-кундуздаги миқёсда камайтириш давом эттирилса, 2100 йилга бориб Ер сайёрасининг ўртача ҳарорати 4 даража қизийди.

Бирлашган Миллатлар ташкилоти ташаббуси билан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар эса аср охирида ўртача ҳарорат кўтарилишининг 2 даражадан ошмаслигига қаратилгандир.

Кўплаб ривожланаётган мамлакатларга кўра, ривожланган мамлакатлар ўзларининг атроф-муҳит ифлосланишига қарши зиммаларига олган мажбуриятларини бажармаяптилар, барча масъулиятни ривожланаётган мамлакатлар бўйнига қўймоқдалар.

"Ғарб мамлакатлари ваъда қилганларидек ўзларининг иссиқхона газларини қисқартираётганлари йўқ. Нега улар учун бу ишни камбағалроқ мамлакатлар қилиши керак? - деб айтган Ҳиндистоннинг Атроф-муҳит вазири Жаянтхи Натаражан.

Бунга Хитой ҳайъати раҳбари ҳам қўшилган.

Анжуманда Бразилия, Жанубий Африка, Ҳиндистон ва Хитой вакиллари келишувдаги талаблар ижроси учун жуда қисқа вақт берилганини танқид қилганлар.

Дурбандаги анжуманда "Яшил иқлим жамғармаси" борасида томонлар келишувга эришганлар.

Ушбу жамғармадан кўзланган мақсад, дунё бўйлаб йилиги 100 миллиард доллар миқдорида маблағ тўплаш ва бу маблағни глобал иқлим исишидан зарар кўраётган мамлакатларга тарқатиш.

Анжуман иштирокчиларига кўра, дунё бўйлаб ўрмонлар майдонлари қисқариши олдини олишга қаратилган дастур бўйича ҳам салмоқли натижага эришилган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.