Ҳиндистонлик талаба дунёнинг энг қисқа бўйли аёли деб топилди

Жйоти Эмге ва Гиннес рекордларини қайд этувчи ходим
Image caption Жйоти Эмге орзуси Болливуд юлдузи бўлиш эканини айтади

Бўйи 62 сантиметрдан сал баландроқ бўлган ҳиндистонлик талаба, Жйоти Эмге "Гиннес Дунё Рекордлари" китобига ер юзидаги энг пакана аёл сифатида қайдга олинди.

Жйоти Эмгенинг бўйи собиқ энг паст бўйли аёл, америкалик Бриджет Жордандандан нақд етти сантиметр қисқадир.

Жйоти Эмгега дунёнинг энг паст бўйли аёли унвони Нагпур шаҳрида берилган.

Бугун 18 ёшини қарши олган Жйотининг қадди энди ўсамаслиги башорат қилинмоқда.

2009 йилда у 61,95 сантиметр бўй билан "дунёдаги энг пакана ўсмир", деб топилган эди.

Нидерландиялик Паулин Мастерс (1876-1895) тарихдаги энг пакана аёл сифатида рўйхатга олинган.

Унинг бўйи 61 сантметр бўлгани хабар қилинади.

"Катта бахт"

Эмге хонимга "Дунёнинг энг пакана аёли" сертификати Нагпур шаҳрида унинг ота-онаси ўнгида топширилган.

"18 ёшни янги дунё рекорди билан қарши олиш катта бахт, бу худди туғулган кунингдек сенга берилган тўҳфага ўхшайди," - деди Жйоти.

"Менга шундай бўй берилганига шукр қиламан. Агар дунё рекордини ўрнатмаганимда эди Япония, Оврўпо ва дунёнинг кўплаб давлатларига сафар қилмаган бўлардим," - деди у.

Ҳиндларнинг миллий либоси сарига ўранган Жйоти "Гиннес Рекордлар Китоби"ининг вакили Роб Моллой ўнгида стол устига чиқиб, таваллуд кунига аталган тортни кесди.

"Бизнинг тартибга мувофиқ, Жйотининг бўйи 24 соат давомида шифокор томонидан уч марта ўлчанди," - деди Роб Миллой.

Эмга хоним тўрт ёшидан мактабга қатнайди ва яқинда ўрта мактабни битириш имтиҳонларини битирди.

У энди университетга киришни режаламоқда.

"Гиннес Дунё Рекордлари" китоби мулозимларига кўра, Жйоти Болливуд юлдузи бўлишни орзу қилар экан.