Австралияда йирик пушти олмос топилди

Пушти олмос Фото муаллифлик ҳуқуқи RioTinto
Image caption Кончилар пушти олмосни топиш ва қазиб олиш учун 26 йил кетганини айтишади

Австралияда мамлакат тарихидаги энг йирик пушти олмос топилди, дея хабар беради Австралиянинг Rio Tinto кон ширкати.

12,76 каратга тенг пушти олмос Австралия ғарбидаги Argyle олмос конида топилган.

Тошнинг қиймати миллионлаб долларга тенглаштирилмоқда.

Олмосни Argyle Pink Jubilee дея номлашган.

Ҳозирда унга Австралиянинг Перте шаҳрида ишлов берилмоқда.

Олмос шу йил сотувга чиқарилади, аммо унга қадар дунёнинг турли шаҳарларида, жумладан Нью-Йорк ва Гонконгда намойиш этилади.

Олмосга сайқал бериш сешанба куни Пертеда бошланган ва бу жараён 10 кунча давом этади.

Сўнгра қимматбаҳо тошга халқаро экспертлар гуруҳи баҳо беради.

Rio Tinto ширкати вакили сўзларига кўра, бу йирикликдаги олмос ҳозирга қадар топилмаган.

Топилган тош – очиқ-пушти рангида бўлиб, Танзанияда топилган ва Қиролича Елизаветага тўёна қилинган Williamson Pink тошига ўхшаб кетади.

Ширкатнинг билдиришича, ушбу тошни топиш ва ер остидан қазиб олиш учун 26 йил вақт кетган.

Argyle конидан дунёда мавжуд рангли олмосларнинг 90% топилган, дейилади Rio Tinto ширкати хабарида.

2010-йилда 27,78 каратлик ноёб пушти олмос 46 миллион долларга сотилган эди.

Мазкур олмосни Женевадаги ким ошди савдосидан бир британиялик сотиб олган.