Инсон ДНКсида қадимий вируслар ҳамон сақланиб қолмоқда

геном
Image caption Ҳозирда ҳаёт бўлган ҳар бир инсон геномида 100 миллион йил аввал юққан вируслар бор экан

Миллионлаб йиллар аввал аждодларимизга юққан қадимий вирусларнинг танамизда кутилганидан кўпроқ борлиги ошкор бўлди.

Янги тадқиқотга кўра, бизнинг генларимизда ҳаттоки динозаврлар давридан қолган вируслар бор экан.

Бу кашфиёт генларимизнинг катта қисми қандай келиб чиққанига ойдинлик киритади.

Олимлар инсон, сичқон, каламуш, фил ва делфинлар дохил 38 сут хил сут эмизувчининг геномаларини тадқиқ этганлар.

Ушбу тадқиқот Оксфорд Университети, Ню-Йоркдаги Аарон Даймонд ОИТС Тадқиқот Маркази ва Белгиядаги Рега Институти томонидан ўтказилган.

Тахминан 100 миллион йил аввал аждодларимиз геномига юққан вируслар ҳозир ҳаёт бўлган деярли ҳар бир инсонда мавжудлиги тадқиқот давомида аниқланган.

Маймунлар ва инсонлар генида топилган яна бир вируснинг ибтидоий жамоа тузуми пайтида юққани аниқланган.

Тадқиқот пайтида бу вирусларнинг кўпи бир ҳужайрадан иккинчи ҳужайрага ўтиш қобилиятини йўқотгани ҳам маълум бўлган.

Аммо улар ўз она ҳужайраларида яхши ўрнашиб олиб, бутун "ҳаёт"ларини ҳужайра ичида ўтказар эканлар.

Мажбурий танлов

Олимлар кашфиётига кўра, вируслар сут эмизувчилар геномасида шунчалар изчил кўпаяр эканки, буни бир касалликнинг тарқалишига қиёслаш мумкин экан.

Тадқиқот етакчиларидан бири, Оксфорд Университети Зоология Департаментидан Доктор Роберт Белшавнинг айтишича, "бу ҳодиса ҳар бир геном ичида 100 миллион йилдан буён давом этмоқда".

"Гумон қилишимизча, бу вирусларга ё ўз "вируслик" моҳиятини сақлаб қолиб, ҳайвонот ва набототда тарқалиш ёки фақат бир геном ичида тинимсиз тарқалишдан бирини танлаш имкони берилган," - дейди Доктор Роберт Белшав.

Тадқиқот натижасига кўра, қадимий вирусларда бошқа ҳужайраларга тарқатиш учун масъул бўлган ген йўқолган.

Аммо эндоген ретровируслар сифатида танилган бу микро организмлар ўз она ҳужайралари ичида 30 баравар фаоллашганлар.

Ўтказилган тадқиқот инсон геномининг қанчалар мураккаб тузилганини тушуниб етишга қаратилган уринишларнинг биридир.