Шимпанзеларда ҳам инсонлар сингари шахсият бор

Шимпанзе Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Шимпанзелар инсон сингари беш хил хусусиятга эга, дейишади тадқиқотчилар

Тадқиқотчиларга кўра, шимпанзелар ва орангутанларда "инсонлар сингари" шахсият мавжуд.

Узоқ йиллардан буён мутахассислар одамсимон маймунларда инсонлар сингари шахсият борми ёки уларнинг рафтори антропоморфик (инсонга ўхшаш рафтор) инъикосими, деган масалада баҳслашиб келишарди.

Тадқиқот гуруҳи инсонсимон маймунлар рафторига нисбатан кузатувчиларнинг олдиндан шаклланган қарашларини статистик услубдан фойдаланган ҳолда "олиб ташлаган".

Натижада, тадқиқотчилар инсонлар ва маймунлар, ҳақиқатан ҳам, "умумий хусусиятга эгалар", деган хулосага келганлар.

"Шимпанзеларда худди биз каби ижтимоий муаммолар мавжуд. Улар ҳам дўст ва йўлдош топишни, жамиятда ўз мавқеъига эга бўлишни исташади," - дейди тадқиқот гуруҳининг аъзоси Марк Адамс.

Эдинбург Университети катта ўқитувчиси доктор Александр Вейс шимпанзедаги шахсият инсон шахсиятига "жуда ўхшаш"ини айтади.

"Тадқиқотчилар инсон шахсиятини "катта бешлик" номли бешта "хусусият"га ажратишади," - дейди у. - "Бу хусусиятлар: нейротизм (невротизм), экстраверсия, хайрихоҳлик, виждонлилик ва тажрибага очиқликдир"

Приматлар устидан ўтказилган тадқиқотларда чиқарилган хулосаларга кўра, шимпанзеларда ҳам айни хусусиятлар мавжуд, аммо орангутанлар бу беш хусусиятдан учтасига соҳиб: экстраверсия, нейротизм ва хайрихоҳлик.

"Ушбу умумий хусусиятлар бизнинг генларимиздаги ўхшашликларда яққол акс этади", - дейди доктор Вейс. - "Инсонлар ва шимпанзеларнинг умумий аждодлари 4-6 миллион йилга бориб тақалади."

Олимга кўра, инсонлар ва орангутанларнинг умумий аждодлари 15 миллион йил аввал яшаб ўтган.

Шунинг учун, дейди у, шимпанзелар ва инсонлар орангутанлар ва инсонларга нисбатан умумийроқ шахсиятга эгалар.

Бу мавзуда батафсилроқ