BBC navigation

Мусулмонларнинг Salamworld ижтимоий тармоғи глобаллашмоқчи

Сўнгги янгиланиш 5 сентябр 2012 - 09:41 GMT
salamworld

Salamworld ижтимоий тармоғи маркази Туркияда жойлашган

Facebookка рақиб бўлишни мақсад қилган Salamworld янги исломий ижтимоий мулоқот тармоғи нобяр ойида глобал миқёсда ишга тушмоқчи.

Янги ижтимоий мулоқот тармоғи жаҳон бўйлаб мусулмонларнинг бир-бирлари билан мулоқотда бўлишларини осонлаштирмоқчи.

Ҳозир "Саломворлд"нинг синов нусхаси дунёнинг энг йирик мусулмон давлатлари Индонезия, Малайзиядан ташқари, мингга яқин интернет фойдаланувчи томонидан Босния-Герцеговина, Туркия ва Мисрда ҳам синаб кўрилмоқда.

Бир қарашда, "Саламворлд" бошқа ижтимоий мулоқот тармоқларидан фарқ илмайди.

Яъни, худди Facebook илк бор ишга тушган пайтдаги шаклини эслатади, ҳошиялари кўк ва оқ рангда, шарҳларингиз, сурат ва видеоларингизни юклаб қўйишингиз учун ажратилган махсус форма...

Кўптилли ва турфамаданият аҳлига мўлжалланган лойиҳа ташаббускорларига кўра, "Саламворлд"нинг бир фарқли жиҳати – унинг мазмуни бўлади..

Янги ижтимоий мулоқот тармоғи кибер фазода мусулмонлар учун шарм-ҳаёсиз, гардкам ўйинлар ва исломий қадриятларга зид бошқа ҳар қандай кўринишлардан холи хавфсиз ҳудуд яратмоқчи.

Уятсиз сурат ёки видеотасвирлар масаласида Facebook ҳам анча қаттиқ бўлса-да, унинг Bingo Friendzy каби гардкам ўйинлари бор.

Биринчиси эмас

"Саламворлд" мусулмонларга мўлжалланган илк ижтимоий мулоқот тармоғи эмас.

Аммо улардан ҳеч бири интернет фойдаланувчилари орасида кенг миқёсда оммалаша олмаган.

Дейлик, 2006 йилда Финляндияда очилган Muxlim.com аллақачон ёпилиб кетган.

Мисрдаги "Мусулмон биродарлиги" ҳаракати икки йил аввал асос солган Ikhwanbook.com веб саҳифаси ҳам ҳозир ишламайди.

Бу каби лойиҳа танқидчиларига кўра, улар фақат ўзлари фаолият юритишни бошлаган ҳудудлар билан чекланиб қолишган, холос.

"Саламворлд" бошқача бўлади

Янги исломий ижтимоий мулоқот тармоғи Туркияда жойлашган эса-да, ушбу лойиҳа устида ишлаган ва дунёнинг ўндан ортиқ давлатидан бўлган маслаҳатчилар унинг бошқача бўлишига умид қилишмоқда.

Тармоқ бутун дунё бўйлаб мусулмонларни кибер фазода бирлаштириш мақсадига, бир томондан, материалларни уч бор фильтрдан ўтказиш орқали ҳам эришмоқчи.

Бу эса, масъулларга давлатига қараб, исломий тартиб-қоидалар бир-биридан бироз фарқланувчи бир дунёда веб саҳифа учун ягона тартиб-қоидани ишлаб чиқишга ёрдам беради.

Чунки, дейлик, ҳижобсиз муслмон аёлининг сурати дунёвий Индонезияда ҳеч бир муаммога сабаб бўлмаса-да, Саудия Арабистонида бу нарса умуман тақиқланади.

Аммо бу каби чекловларга интернет фойдаланувчиларининг муносабати қандай бўлиши маълум эмас.

Мисол учун, масъулларнинг интернетни назорат этиш уринишлари Малайзияда кескин қаршиликка учраганди.

‘Осон бўлмайди’

Таҳлилчиларга кўра, "Саламворлд" дунё бўйлаб мусулмонлар орасида оммалашиб кетган тақдирда ҳам, унинг Facebookка бас келиши осон бўлмайди.

Alexa интернет ахборот ширкатига кўра, ҳозир "Саламворлд" синовдан ўтказилаётган барча давлатларда Facebook энг оммабоп ижтимоий мулоқот тармоғи саналади.

Дейлик, Малайзияда аксарият дўстлари билан мулоқот қилиш учун уларга қўнғироқ қилишнинг ўрнига Facebookдан фойдалнишни афзал билишаркан.

Аммо "Саламворлд"нинг Facebookка муқобил ижтимоий мулоқот тармоғи бўлиши шарт эканига қаттиқ ишонган Осиё-Тинч уммони бўйича раҳбари Салом Сулеймановни бу заррача хавотирга солаётгани йўқ.

"Балки, менинг фикримга унча кўпчилик қўшилмас, аммо сўз 1.5 миллиардга яқин мусулмон ҳақида кетаркан, бу анчагина катта рақам", деб айтган Сулейманов жаноблари.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.