BBC navigation

Уйқу билан боғлиқ муаммолар хотира йўқолишининг дастлабки белгисими?

Сўнгги янгиланиш 6 сентябр 2012 - 14:57 GMT

Миянинг асосий ҳужайралари фаолияти бузилганлиги касалликнинг охирги босқичларидагина аниқ бўлиши сабабли Альцгеймер бедаво дардга айланган

Альцгеймер хасталиги белгилари касалликнинг охирги босқичларидагина аниқ бўлиши уни бедаво дардга айлантириб қўйган.

Альцгеймернинг биринчи кўринишларини аниқлаш кўп инсонларни фожеали тақдирдан асраши мумкин, дейишмоқда тадқиқотчилар.

Уйқу билан боғлиқ муаммолар Альцгеймер хасталигини билдирувчи белгилардан бири бўлиши мумкин.

Сичқонларда ўтказилган дастлабки тадқиқотлар одамларда ҳам синаб кўрилгач, бу саволга жавоб бирқадар аниқ бўлади.

Мияда оқсилнинг қуюқлашуви, яъни тромбоцитлар хотира йўқолишининг энг кўп тарқалган турларидан бўлган Альцгеймернинг сабабларидан, дея қаралади.

Science Translational Magazine журналининг ёзишича, сичқон миясида биринчи тромбоцитларнинг пайдо бўла бошлаши билан уйқу бузилиши кузатилган.

Британиянинг Альцгеймерга дучор бўлганларга кўмак ташкилотига кўра, инсон миясида ҳам ўтқазилган тадқиқот натижалари маълум бўлгач, хотира йўқолишини анча олдин аниқласа бўлади.

Фикрлаш ва хотиранинг бой берилгани, миянинг асосий ҳужайралари фаолиятининг бузилганлиги касалликнинг охирги босқичларидагина юзага чиқиши сабабли Альцгеймер энг мураккаб, аянчли хасталиклардан саналади.

Олимларнинг асосий мақсади айни касалликни дастлабки босқичларида аниқлашга эришиш бўлмоқда.

Айни пайтда қуюқлашган бета-амилоиднинг миянинг юза қисмини қоплаб бориши сабаблари ўрганилмоқда.

Бета-амилоид оқсилининг сичқонларда ҳам инсонларда ҳам бир кеча-кундузда камайиб-кўпайгани кузатилган.

Бироқ Альцгеймер касаллигида оқсилнинг доимий равишда фақат қуюқлашиб бориши содир бўлади.

Вашингтон университетида ўтказилган тадқиқотлар кўрсатишича, сичқон кундузи ҳар соатда 40 дақиқа ухлар экан.

Олимлар текширилаётган мияда оқсилларнинг қуюқлаша бошлаши билан бу кўрсаткич ҳар соатда 30 дақиқага камайганини аниқлашган.

Лекин сичқонларда ўтказилган тадқиқотлар ҳар доим ҳам инсонларга тўғри келмаслиги учраб туради.

Шунингдек, уйқунинг сифатига бошқа кўп сабаблар ҳам таъсир қилиши мумкин.

Уйқу билан боғлиқ муаммолар ва Альцгеймер ёки хотира йўқолиши орасида қанчалик боғлиқлик борлигини олимларнинг кейинги тадқиқотлари кўрсатади.

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.