Бугун бир ўғилнинг онаси, эртага эса беш ўғил ва бир қизнинг

Image caption Март ойигача Александра қорнимда эгиз чақалоқлар бор, деб юрган.

Чехиялик 23 ёшли Александра Кинова бу мамлакат тарихида илк бор бирданига беш фарзандга кўзи ёриди.

У тўрт ўғил ва бир қиз туғди.

Пойтахт Прагадаги шифокорларга кўра, чақалоқлар 2 июн якшанба куни туғилганлар.

Она ва Бола парвариши Институти докторларига кўра, Александра Кинованинг чақалоқлари Кесарево жарроҳлик амалиёти билан дунёга келганлар.

Шифокорларнинг айтишларича, туғруқ "бирор бир мураккабликсиз" амалга ошган.

Она ва болалари институтнинг махсус эътибор бўлимига ётқизилганлар, аммо ҳаммаларининг аҳволи яхши.

Она ва Бола парвариши Институтининг Неонатал бўлими раҳбари Збинек Странак айтишича, чақалоқларнинг соппа-соғ катта бўлишлари учун 95 фоизлик кафолат бор.

Туғилган ўғил болаларга Даниил, Михаил, Алекс ва Мартин деб исмлар қўйилган.

Қизалоқни эса ота-онаси Терезка деб аташга қарор қилиптилар.

Институтдан айтишларича, ҳар бир чақалоқнинг ўртача вазни 460 граммни ташкил этган.

Шу пайтгача Александра бир ўғилнинг онаси эди.

У шу йилнинг мартигача эгиз чақалоқларга ҳомиладаман, деб юрган эди.

Бироқ навбатдаги текширувни ўтказган шифокорлар "қорнингда тўртта бола бор" деб онани ҳайратлантирганлар.

Апрел ойидаги текширувда эса Александра беш ҳомиласи борлигидан огоҳ бўлган.

Чехия маҳаллий рўзномалари хабар қилишича, чақалоқлар дунё юзини кўраётган пайтлари уларнинг отаси оналарининг ёнида бўлган.

"Поезди кечикканига қарамасдан, бешовлоннинг отаси туғруқ пайтига улгурди", деб ёзади "Чешске Новини" рўзномаси.

Ёш ота-она Прагадан 20 километрча узоқликдаги Миловиче шаҳарчасида истиқомат қилишади.

"Мен поездда йўл бўйи йиғлаб келдим, чунки бундай бўлишини ақлимга сиғдиролмагандим", деб айтган чақалоқларнинг отаси.

Айни пайтда Влтава дарёси тошиши туфайли Прага шаҳрининг айрим қисмларидан аҳолини кўчириш бошланган.

Бу мавзуда батафсилроқ