Пластик пул қоғоз пулдан нимаси билан афзал?

Image caption Ўнлаб мамлакатларда пластик купюралар аллақачон амалга кирган

Англия банки 2016 йилдан қоғоз пулларни пластик пуллар билан алмаштиришни режалаяпти.

Банкнинг айтишича, полимер ашёсидан тайёрланган бу пул бирликларини сохталаштириш қийин бўлади, ва улар кир ювиш машинасидан ҳам омон чиқади.

Амалдаги британ пул бирлиги пахта қоғозидан тайёрланган бўлиб, беш фунт стерлинг купюрасининг умр муддати атиги бир йил.

Янги пуллар эса полипропилендан ясалган ингичка, шаффоф ва эгилувчан тасмадан тайёрланади.

Янги пул бирлиги сўнгра сиёҳ қатлами билан қопланади.

Банкнинг ишонишича, янги купюра тозароқ бўлади, у кир ё намни юқтирмайди. Масалан, ҳозирда купюраларда доғ қолдирадиган қизил вино янгиларидан бемалол артиб ташланиши мумкин бўлади.

Янги пуллар, шунингдек, ҳозиргиларидан камида 2,5 марта узоқ амал қилиши мумкин. Лекин, экстремал юқори ҳароратда, масалан, дазмол остига қўйилганда бужмайиши ва қисқариши хавфи бор.

Уларга сохталаштиришга қарши мураккаб жиҳозлар ўрнатилади. Янги Зеландия полимер купюраларни амалга киритганидан бери сохта пуллар миқдори кескин камайганини маълум қилган.

Пластик пуллар табиат учун ҳам фойдали экани айтилади. Австралияда, масалан, ишдан чиққан пластик купюралар қайта ишланиб, туваклар каби бошқа пластик жиҳозларни ишлаб чиқаришда қўлланилади.

Англия банкига кўра, янги купюралар ҳозиргиларидан анча ингичкароқ ва эгилувчанроқ бўлади, шундай экан уларни кистакка ё кармонга сиғдириш осонлашади.

Агар полимер пуллар ишга туширилса, бу Британиядаги илк пластик купюранинг бозорга киришини англатмайди.

1999 йилда Шимолий Ирландиянинг Шимолий банки келгуси 2000 йилнинг шарафига £5 купюрасини тақдим қилганди.

Британиялик тадқиқотчилар полимер купюраларни амалга киритган 20та мамлакатнинг тажрибасини ўрганиб чиққанлар. Улардан еттитаси ҳозирда фақат пластик пуллардан фойдаланади.

Янги купюралар фақат улар учун қўлланилаётган материал эмас, балки уларнинг дизайни билан ҳам ажралиб туради.

Англия Банки 2016 йилдан собиқ бош вазир Уинстон Черчилни £5 купюрасига чизишни режалаяпти. Англия банки пулларида аёллар камлиги ҳақида шикоятлар кўпайиши ортидан, банк £10 устида Жейн Остенни акс эттиришини эълон қилган.