'Антибиотик тузатмаса, нажосат қўлланг'

Фото муаллифлик ҳуқуқи SPL
Image caption Нажосат таркибидаги фойдали моддалар заҳарли бактерияни ўлдиради

"Юқумли ичак касалликларида антибиотиклар иш бермаса, инсон нажосатидан фойдаланиш мумкин" - деб маслаҳат бермоқда Британия Миллий Соғлиқни Сақлаш Институти.

Хусусан, қатор одамларда антибиотик қабул қилгандан юзага келадиган Clostridium difficile ичак инфекциясида нажосат билан даволаш катта ёрдам беради.

Антибиотиклар ичаклардаги зарарлик бактерия қаторида бизга фойдали бактерияларни ҳам ўлдиради. Ана шунда Clostridium difficile бактерияси кучайиб, инсонни заҳарлай бошлайди.

Бунда ич кетиши, қоринда оғриқ ва қусиш кузатилади. Тўғри, аксар одамлар антибиотик қабул қилиб, бутунлай тузалишади.

Лекин ҳарт тўрттадан бир кишига антибиотиклар таъсир қилмайди. Оқибат эса баъзан ўлим билан тугаши мумкин.

Худди шундай ҳолатда соғлом одамнинг нажосати олиниб, касалнинг ичагига қўйилади.

Олимларга кўра, инсон ахлати таркибидаги муайян хусусиятлар бу заҳарли бактерияни енгиб, инсонни ўлимдан қутқаради.

Дунёдаги 3% одам ичагида Clostridium difficile бактерияси яшайди ва кўпинча зарар етказмайди. Аммо у кўпая бошласа, заҳарга айланиб, баъзан дори-дармон иш бермай қолади.

Сўнгги пайтлари соғлом одамлар ҳам касалхоналарда ушбу ҳалокатли бактерияни юқтиришмоқда.

Британиялик Профессор Брюс Кемпбеллга кўра, нажосат билан даволаш хунук эшитилса-да, лекин сизни ҳалокатли бактериядан халос этади.

"Донордан олинган нажосат аввал обдон текширувдан ўтказилиши даркор" - дейди профессор.

Инсон нажосати билан даволаш тажрибаси ярим мингдан зиёд кишида синаб кўрилган ва уларнинг деярли барчаси бутунлай тузалиб кетган.

Дунёнинг кўплаб мамлакатлари халқ табобатида турли касалликларни инсон пешоби билан даволаш тажрибаси мавжудлиги маълум.

Ўзбекистон, Туркия, Тайланд ва Афғонистон каби мамлакатларда ҳам ёш бола пешобини қўллаш кузатилади ва бу борада айрим табиблар рисолалар ҳам ёзишган.

Лекин замонавий дори-дармон иш бермаган ҳолатда инсон нажосатини қўллашни бообрў шифокорлар илк бора маслаҳат беришмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ