Саудия:Бедаво сирли вирус ёйилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Саудияда тарқалаётган касалликка ҳали даво топилмади

Яқин Шарқ Нафас Йўллари синдроми, Мерс ёки короновирус номлари билан аталаётган бу касалликнинг ҳали давоси топилмади. Шу боис унинг янги ҳудудларга тарқалиши ваҳималарни урчитмоқда.

Қўрқув нафақат Саудия Арабистони, балки бутун Кўрфаз мамлакатларини қамраб олган.

Жеддалик Фуад узоқ йиллик шифокор. У ҳар куни касалларни қабул қилади. Тўғри, тиббий ниқоб тақади, аммо вақт сайин асаблари таранглашмоқда.

"Ҳар куни уйғониб, ваҳимага тушаман. Томоғим ачиса ҳам қўрқиб кетаман. Бедаво дард эҳтимоли хаёлингдан бир сония ҳам кетмайди" - дейди Фуад.

У ҳозир якка ўзи яшамоқда. Рафиқаси касалликни юқтириб қўйишдан қўрқиб, ёш боласини олиб бошқа мамлакатга кетган.

Мерсдан қўрққан одамлар кўчага кам чиқишмоқда. Саудиядаги гавжум бозор ва савдо марказлари шу кунларда анча ҳувиллаб қолган.

Мазкур касаллик худди шамоллашдек бошланади ва одам йўталиб, аста-секин нафас олиши қийинлашади. Кейинги босқичда у зотилжамга айланади.

Айримларда касаллик аломатлари аниқ намоён бўлади, бошқалар туппа тузук юриб, бирданига йиқилишмоқда.

Ҳар учинчи ҳолат - ҳалокатли

Саудия Арабистонида ҳозиргача камида 126 одам бу касалликдан вафот этгани аниқланган. Уни юқтирганлар сони эса 463 нафар. Шифокорларга кўра, бу касални юқтирган ҳар учинчи киши оламдан ўтмоқда.

Асосан, кекса, заиф ва бошқа бирон муттасил касалга чалинган кишилар Мерсни кўтара олишмаяпти.

Айниқса, шифокорлар жуда эҳтиёт бўлиши талаб қилинмоқда. Шу пайтгача Саудияда бир нечта тиббиёт ходими касаллардан Мерсни юқтиришган.

Бир шифокор корновирус боис буйраги ишдан чиқди ва оламдан ўтди.

Ҳозир Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти касалликка даво топиш ва унинг тарқалишини жиловлаш учун халқаро мутахассисларни жалб этмоқда.

Аммо Саудия ярим оролидаги барча давлатларда ҳам шифохоналар талабга жавоб бермайди.

Саудия ҳукумати эса "инқирозни вақтида англаб етмагани" айтилаётир.

Ҳозир ваҳимага тушган одамларни тинчлантириш ва бирон фойдаси тегар, деган умидда чўчқа тумовига қарши ишлаб чиқилган зидди-заҳар берилмоқда. Бироқ бу H1N1 рақами билан машҳур чўчқа тумови дориси Мерсга қарши иш берадими, йўқми - номаълум.

Мутахассисларга кўра, айни вируснинг манбаи туялардир. Лекин унинг қандай ўтиши аниқ эмас.

"Балки туя эмас, бошқа жонивордан ўтаётгандир? Балки овқат орқали тарқаётгандир? Аммо биз ҳеч нарса билмаймиз" - дейди бир шифокор.

Бутун дунёдан мусулмонлар Саудия Арабистонига Умра ва Ҳаж зиёратлари учун келишади. Бир неча кун давомида юз минглаб одамлар ўта яқин мулоқотда бўладилар.

Тезда давоси ё уни жиловлаш йўллари топилмаса, Мерснинг дунё бўйлаб пандемияга айланиб кетиши эҳтимоли ҳозир кўпларни ўйлантирмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ