Тери саратонига қарши дори синови

Фото муаллифлик ҳуқуқи d

Тери саратонига қарши икки халқаро синов натижалари “умидбахш” эканлиги билдирилган.

Иккала синалган дори инсон иммунитет тизимини шишларга қарши ишга солади.

Синов натижалари Чикагода Америка Онкология Жамияти йиғилишида эълон этилган.

Пембролизумаб ва ниволумаб деган дорилар тери саратони туғдирувчи хужайраларнинг иммун тизимидан беркинишига қарши мўлжалланган.

Маълумки, тери саратони энг оғир кечувчи саратонлардан деб ҳисобланади.

Бу вақтга қадар тери саратонига чалиганларнинг умргузаронлиги ўрта ҳисобда олти ойдан ошмаган.

Умидбахш натижалар

411 синовга тутилган беморнинг 69% пембролизумаб қўллаганидан кейин камида бир йил яшаган.

Лондондаги Royal Free касалхонасининг шифокори Давид Чаонинг айтишича пембролизумаб саратон касалликларини даволашда йўл очади.

Унинг қарамоғидаги беморлардан бири 64 яшар ўтган октябрь ойида бери ҳар уч ҳафта давомида пембролизумаб ила эмланмоқда.

Даволаш бошланишидан бурун у зўрға юра оларди, саратон унинг ўпкасига ўтиб нафасини қисарди.

Энди эса у боғдорчилигу, дўконларга чиқиб оддий ҳаёт кечирмоқда.

Унинг ўпкасининг скани юқоридаги суратда кўрсатилгандек шишлардан деярли тозаланган.

Бошқа дорилар

Иккинчи дори ниволумаб эса синовларда авваллари кашф этилган ипилимумаб билан биргаликда қўлланилган.

53 бемор орасида ўтказилган синовда биринчи йил тирик қолганлар сони 85%, иккинчи йил эса 79% бўлган.

Бироқ шифокорлар синов натижаларига эҳтиёткорлик билан ёндошишга ундашмоқда. Чоп этилган натижалар синовнинг биринчи палласидир.

Ҳозирда Британия касалхоналарида бу халқаро синовнинг учинчи палласи давом этмоқда.

Бир йилдан сўнг бу синовнинг тўлиқ натижалари эълон этилгач шифокорлар ушбу дориларнинг муолажа қудрати ҳақида аниқ-таниқ айтишга муваффақ бўлишади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.