Компутер ҳали бери 'одам бўлмайди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Техника асри бошланибди-ки, қўл меҳнати билан шуғулланган кишиларнинг иш ўринларини энди машиналар эгаллар экан деган гап-сўзларнинг чеки йўқ. Компьютер дастурларининг ривожланиши билан бундай хавф-хатар энди ақлий меҳнат қиладиган инсонлар учун ҳам туғила бошлади.

Жумладан “Google Translate” таржималар дастури чамаси бир ойча олдин ўзбек тилидан таржима қилиш имкони яратилганини эълон қилди. Бу ўз ўрнида баъзи бир ўзбек таржимонлари учун бир оз ёқимсиз хабар бўлди. Бунинг сабабини тушунтириб ўтиришнинг ҳожати йўқ… Албатта, тирикчилигингга янги рақобатчи, айниқса “ош, нон сўрамайдиган” компьютер раҳна солиб турган бўлса…

Лекин бундай хавотирга ўрин йўқ эканлиги бир зумда аён бўлди. Бунинг сабаби ўзбек тилининг нақадар гўзал ва бой эканлигидир. Хаттоки, Google компанияси қанчалар буюк бўлмасин, ўзбек тили бўйича мукаммал дастур тузишга қодир бўлмабди. Таржима дастурига ўзбек тилидаги гапни қўйсангиз, у тушунарсиз бўлган сўзлар йиғиндисини беради, гапни оёғини осмондан қилиб таржима қилади.

Мисол учун шу содда гапни киритсангиз:

“Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси (МСК) ЎзМТРК, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА), “Жаҳон” ахборот агентлиги билан Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини ёритиш тўғрисида битимлар имзолади.”

Куйидаги таржимани оласиз:

“The Central Election Commission (CEC), National, National News Agency (UNA), "The World" News Agency President preparations for the elections, and it has signed agreements on the process of lighting.»

Инглиз тилида сўзлашувчи учун бу гап маъно бермайди. Жумла тузилиши нотўғри эканини таҳлил қилиб ўтирмаймиз. Асосий муаммо бу ерда мана шу жойи: “process of lighting” электр чироқ/шаъм билан ёритиш демак. Аслида эса, “media coverage” бўлиши керак.

Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, таржима дастури бошқа тилларда кучли бўлишига қарамай, ҳали ўзбек тили бобида анча ислоҳотлар талаб қилинади.

Шундай бўлса-да, Googleнинг ўзбек тилида таржима дастурини яратишга қўл урганининг ўзи таҳсинга лойиқ. Демак, ўзбек тилига дунёда эътибор бор. Қолаверса, таржимонлар ҳам дастурдан унумли фойдаланса бўлади. Энди уларга сўзларни териб ўтириш керак эмас, фақат таҳрир қилишса бўлгани.

Хуллас, компутер ҳали бери “одам бўлмайди”. Айниқса ўзбек менталитетини хеч ҳам тушунолмайди. Шунинг учун таржимонлар ҳозирча бехавотир тинчгина ухлашлари мумкин, деб эндигина уларнинг кўнглига таскин бермоқчи эдим… Қуйидаги нарса барча хулосаларимни бир баҳяда чиппакка чиқарди:

Компьютер қидирув дастурида “Ахборот” янгилик дастурини изламоқчи бўлгандим. Авто коррект “вы имеете ввиду "Наоборот” деб таклиф берди.

Буни кўриб ёқамни ушладим. Бу ёғи неча пулдан тушди? Бу компьютерни бир парча темир-терсак десам… У менданда ақли чиқиб қолди-ку… Айтмоқчи бўлганим, янгилик дастурларимизда бир нарса айтилса, умуман бошқа бир нарсани тушуниш кераклигини бу матах қайдан билган экан-а?!

Мухлисхон Қайнови

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ