Миямизни қандай қилиб «техник кўрик” дан ўтказамиз?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Мия

Ҳар қандай мураккаб яратилган бир механизм каби бизнинг миямиз ҳам эътибор ва парваришга муҳтож. Ёшликда асраб-авайласак, ёшимиз ўтганидан кейин ҳам мия фаол ва тез ишлаши мумкин.

Қанийди, миямиз бўйича ҳам техник қўлланма бўлса, шартта ўқиб чиқардик ва «тузатиб» олардик, шундай эмасми?

Айниқса, ана шу қўлланмада микротузилмалар ва алгоритмлар аниқ-тиниқ кўрсатиб қўйилган бўлса...

Афсуски, бу борада маслаҳатлар ва қўлланмалар доим ҳам бири бирига мос эмас, аксарият ҳолатларда зиддиятли ва бетайинроқ.

Ана шу ҳолат BBC Future мухбирини ўзига хос тадқиқот ўтказиш ва ўз мисолида мияни тез қариб қолишдан сақлаш йўлларини ишлаб чиқишга туртки берди.

Қуйида ана шу маслаҳат ва ёки йўриқномалар билан танишасиз.

1. Ўз қобилиятингизга ишончни йўқотманг

Фото муаллифлик ҳуқуқи Science Photo Library
Image caption Тилсим

Сиз бирор бир хонага кириб, кейин бу ерга нима учун кирганингизни эсдан чиқариб қўйганмисиз?

Ёши каттароқ одам дарров бу ҳолатни қарилик аломатига йўйиб қўяди, аммо бу каби вазият билан ёшлар ҳам дуч келиши мумкин.

Нима учун биз ўз қобилиятларимиз ҳақида сўз борганида одатан энг ёмон ҳолатларни тасаввур қиламиз ва ёки тайёрланамиз?

Салбий тахминларнинг остида бирор илмий асос бўлмаса ҳам алал-оқибат ҳаёт ҳақиқатига айланиб қолиш хавфи бор.

Агар бундай бўлишини истамасангиз, ўзингизга ишонинг!

Шимолий Каролина штатидаги университетда сўнгги ўн йил тадқиқот олиб борган Дайна Туронга кўра, одатда биз ёшимиз улғаяр экан, ўзимизга нисбатан ишончни ҳам сўндириб борамиз.

Гарчанд, ўз қобилиятларимизни тўла сақлаб қолган бўлсак ҳам бунга ишонмаймиз.

Шундан сўнг биз хотирамиз учун «ёрдамчи»лар қидирамиз, блокнот тутамиз, телефонларимизга турли кундалик тақвимлар киритамиз ва ҳоказо.

Ўз қобилиятларимизни чамаламай ва ёки текширмасдан туриб, биз «қарилик»ни бўйнимизга оламиз, шу йўл билан қаришни тезлаштирамиз.

Ана шундай қилиб, мабодо бир хонага кирсангиз ва у ерга нима учун кирганингизни унутсангиз, тушкунликка тушманг, қайтага хотирани аввалгидан кўпроқ бир усулда «машқ» қилдиринг.

2. Қулоқларни асранг!

Фото муаллифлик ҳуқуқи Thinkstock
Image caption Қулоқларни асранг, соч муҳим эмас :)

Агар зеҳниятимиз ва сезиш аъзоларимиз орасида алоқа узиладиган бўлса, бундан биринчи навбатда миямиз зарар кўради.

Эшитиш қобилиятимиз озгина пасайгани тақдирда, мияга ташқаридан келадиган фойдали рағбатлар озаяди, бу эса ўз навбатида «кулранг модда»нинг камайишига сабаб бўлади.

Тадқиқотлардан бирида эса бизнинг ўрганиш, англаш ёки таниб олиш қобилиятимиз олти йилда 24 фоизга камайиши айтилади.

Ёшингиздан қатъий назар, эшитиш қобилиятига таъсир қиладиган ҳар қандай ҳолатдан…қочинг.

Масалан, рок мусиқани «бўкиртириб» 15 лаҳза эшитишнинг ўзи билан қулоқ пардаларига салбий таъсир қилиш мумкин.

Ҳатто соч қуритувчи фенни ҳам кунига 15 дақиқа ишлатиш ана шундай салбий таъсирга эга экан.

Аммо эшитиш қобилиятим ишдан чиққан деб ўйласангиз, албатта шифокорга мурожаат қилинг!

3. Тил ўрганинг, мусиқа чалинг

Фото муаллифлик ҳуқуқи Thinkstock
Image caption Мусиқа чалишни ўрганинг

Ақлли телефонлардан турфа «мияни чархловчи» ўйинларни ўйнашдан кўра, жиддийроқ иш билан шуғулланиш керак.

Масалан, пианино чалиш ва ёки хорижий тил ўрганишни бошлаш фойдалироқ…

Ҳар икки соҳа ҳам хотирани мустаҳкамлайди, қўл ҳаракати ва эшитиш қобилиятини «ўткирлайди».

Ўтган йилги тадқиқотларга кўра, мусиқа билан шуғулланадиганларда кексалик билан боғлиқ ақл ожизлиги касаллигига чалиниш бошқаларга нисбатан 60 фоизга кам экан.

Яна бошқа бир тадқиқот эса хорижий тил ўрганиш Альцгеймер касаллиги ривожланишини беш йил орқага сурар экан.

4. Зарарли ёғлардан парҳез қилинг!

Фото муаллифлик ҳуқуқи Thinkstock
Image caption Мана бунақа қовурилган овқатлар мияга ҳам зарар экан

Семиришнинг кони зарар! Бу мия саломатлигига ҳам салбий таъсир қилади.

Томирларда тиқилиб қоладиган холестерин қоннинг мияга оқимини қисқартиради, бу эса миянинг нормал озиқланиш жараёнига ёмон таъсир ўтказади.

Аммо ҳамма ёғлар ҳам зарарли эмас.

Масалан, таркибида Омега-3 ва D и B12 витаминлари бор ёғлар аслида мия қаришининг олдини олади.

5. Бадантарбия ва спорт билан шуғулланинг

Фото муаллифлик ҳуқуқи Thinkstock
Image caption Бадантарбия ва спорт билан шуғулланиш мияга фойда...

Ўз мулоҳазаларимизда биз кўпинча мия ва тана фаолияти ҳақида алоҳида –алоҳида фикрлаймиз.

Аслида эса танани соғлом ушлаш мия саломатлигининг гаровидир.

Бадантарбия эса нафақат мияга қон оқимини яхшилайди, балки нерв тўқималари ўсишига хизмат қиладиган протеин миқдорини оширади.

Масалан, мактабга пиёда борадиган болалар одатда аълочилар бўлишар экан.

Ҳар куни сайрга чиқадиган кексаларда ҳам хотира яхши сақланади.

6. Ёшингиз катта бўлса ҳам зиёфатларга (тўйларга) боринг !

Image caption Тўй ва зиёфатлардан "ёш ўтди" деган баҳона билан қолманг

Ўз яқинларимиз ва дўстларимиз билан учрашувлар, суҳбатлар одатда бизни илҳомлантиради, турфа сиқилишлар, ғуборларимизни тарқаб кетишига ёрдам беради.

Ижтимоий фаол бўлган қарияларнинг англаш қобилиятлари жуда яхши сақланиб қолгани аниқланган.

Аммо барибир мия фаолиятини яхшилаш учун аниқ бир қўлланма йўқ…

Шунга қарамай, соғ танда соғлом ақл қабилида йўл тутган маъқул экан.

Қолаверса, бизнинг кўнгил хотиржамлигимиз ва миямиз фаоллиги учун дўстлар, қариндошлар ва уларнинг дийдори муҳим, табиийки, бу рўйхатга биз соғлом овқатланиш билан бадантарбия ҳам қўшишимиз шарт.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio