Телефонларингиз ё-да, босган қадамингиз жосуслар қўлидами?

Image caption Сноуден Панорама журналистлари билан Москвада учрашган

АҚШ жосуслик хизматининг собиқ ходими Эдвард Сноуден смартфон хавфсизлик хизматлари томонидан "тўла назорат" қилиниши, фойдаланувчилар буни тўхтатишга ожиз эканларини айтган.

Эдвард Сноуденнинг Би-би-си Панорама дастури билан суҳбатда айтишича, Британия ҳукумат алоқалари маркази (GCHQ) телефон эгаларининг хабарисиз шахсий маълумотларни ўғирлаш қудратига эга.

Сноуден жаноблари қўл телефонларига ширфланган SMS жўнатиш билан кира олади. Унга кўра, бундай йўл билан суратлар олиш ва телефон мулоқотларини тинглаш имкониятига эга бўлиш мумкин.

Британия ҳукумат Эдвард Сноуденнинг даъволарига изоҳ бермаган.

'Ўзгалар ишига бурун тиқувчи Смурфлар'

Фото муаллифлик ҳуқуқи GCHQ
Image caption Британия ҳукумат алоқалари маркази (GCHQ)

Америка жосуслик хизматининг собиқ ходими Сноуден Панорама журналистлари билан Москвада учрашган.

У 2013 йил АҚШ Миллий Хавфсизлик Агентлиги (NSA) Интернет ва телефон алоқаларини қанчалар назорат қилгани ҳақидаги тафсилотларни матбуотга чиқариши ортидан Россияга қочиб борганди.

Эдвард Сноуден Британия ҳукумат алоқалари маркази (GCHQ) ё-да, Америка Миллий Хавфсизлик Агентлиги (NSA) фуқароларнинг шахсий мулоқотларини ёппасига кузатадими йўқлиги ҳақида гапирмаган, аммо ҳар икки агентлик смартфонларга кириш имконини берувчи технологиялар билан яхши қуролланганини айтган.

"Улар сизни ўзингиздан кўра телефонингизга эга бўлишни исташади", дейди Сноуден.

Унга кўра, Британия ҳукумат алоқалари марказининг ушбу дастури мультильм қаҳрамонлари Смурфлар номидан олинганини айтган.

"Хаёлпараст Смурф сизнинг телефонингизни ўзингиз билмаган ҳолда ўчириб ёқиш қудратига эга бўлган ускунадир", дейди у.

Унга кўра, "бошқаларнинг ишига бурнини суқадиган "Қизиқувчан Смурф" чўнтакдаги телефон микрафонини ёқиб, атрофда кечаётган мулоқотларни эшита олади. "... ҳатто, телефонингиз ўчирилган бўлса ҳам. Чунки, уларда телефонни очиш учун бошқа ускуналар бор", дея қўшимча қилган Эдвард Сноуден.

Унинг айтишича, "Ахтарувчи Смурф" Британия ҳукумат алоқалари маркази (GCHQ)га географик жойни янада аниқ билиш имконини беради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Смурфлар

'Босган қадамингиз тўла назоратда'

Эдвард Сноуден Паранойя Смурф ускунаси ҳақида ҳам гапиради. Унга кўра, бу телефондаги ғайриоддий техник ҳолат сезиб қолинган тақдирда ҳимояланишда фойдаланиладиган қурулмадир. Сноуден уни "ҳимоя совути" дея таърифлайди.

Жаноб Сноуденга кўра, агентлик қўл телефонига кириб олганидан кейин "қўнғироқларингиз, SMSлар, интернетда очган саҳифаларингиз, контактлар, борган жойингиз, сиз уланган симсиз алоқа тизимлари" барча-барчани кузатиши мумкин.

"Ва улар бундан кўпроқ ишни ҳам қила оладилар. Уларни сизни расмга ҳам олишлари мумкин".

Эдвард Сноуденнинг тушунтиришича, смартфонга кириш учун жўнатилган SMSни қўл телефон эгаси сезмайди ҳам. Яъни, махсус ширфланган мактуб телефонга яширин тарзда келади.

"Бу "эксплуатация" деб аталади... Сиз бунга (телефонга) пул тўлагансиз, аммо кимки software (дастурий таъминот)ни назорат қилса, телефонга ўша эгалик қилади", дейди у.

Британия ҳукумат алоқалари маркази (GCHQ) ва АҚШ Миллий Хавфсизлик Агентлиги (NSA) ўртасидаги муносабатларга тўхталар экан, Британия агентлигини Америка жосуслик хизмати филиали дея таърифлайди.

Унинг айтишича, АҚШ Миллий Хавфсизлик Агентлиги технология билан таъминлайди, вазифа ва йўналишни белгилайди

Тушунилишича, Америка жосуслик хизмати ҳам Смурфларга ўхшаш дастурга эга. Хабарларга кўра, смартфонлардан фойдаланаётган террорчиларга қарши курашиш учун 1 миллиард доллар сарфлаган.

Британия ҳукумати воизи ўз баёнотида жосуслик масалаларида изоҳ берилмаслиги ва бу "узоқ йиллик сиёсат" эканини айтган.

Унга кўра, Британия ҳукумат алоқалари маркази (GCHQ)нинг барча иши қатъий қонун доирасида кечади.

Ҳукумат жаноб Сноуден жосуслик агентликларининг миллий хавфсизлик таҳдидларига қарши курашига жиддий зиён етказганига ишонади.

Эдвард Сноуден эса, омма манфаатларига мувофиқ иш тутганини таъкидлайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ