Она қорни шаклига қараб ҳомиланинг жинсини аниқлаш мумкинми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Қорин шаклининг ҳомила жинсига алоқаси йўқ экан...

Қориннинг шакли, тўлғоқнинг оғир ва ё енгил келиши, никоҳ узукни осиб кўриш…буларнинг бари, халқ орасида ҳомиланинг ўғил ва ё қизлигидан дарак беришига ишонилади, аммо BBC Future мухбири Клаудиа Хаммондга кўра, бу каби турфа тахминлардан фақат биттасигина тўғри бўлиши мумкин экан...

Агар ҳомиладор аёлнинг қорни дўппайган ва худди копток яширгандай чиқиб турса, унда ўғил, аммо қорин шакли текисроқ ва дўппайиш тенг тақсимланган ҳолда бўлса, қиз кўришидан дарак...ҳар қалай, халқ орасида ҳомиланинг жинсини ана шундай аниқлашади.

Ҳар бир она ўз қариндошлари, дўстлари ва ё танишлари бирор бир халқ ирими билан ҳомиласининг жинсини аниқлаб беришга ҳаракат қилганига гувоҳ бўлган, буни ишонмасангиз оналарда сўранг.

Ҳатто бегона одамлар ҳам айрим пайтларда ҳомиладор аёлларга қараб, ўғилми ё қизми деган, аслида ҳеч ким бермаган саволга жавоб қидириб қолишади.

Аммо ҳаммаси бу қадар жўн ва оддий эмас экан.

Ҳомиладор аёлнинг қорни шакли ва ҳажми энг аввало ҳомиланинг катта-кичиклиги билан боғлиқ бўлади.

Ўғил болалар ростдан ҳам қиз болаларга нисбатан ҳомилалик пайти каттароқ бўлар экан, аммо бу ҳеч қачон ҳомиладор аёлнинг қорин шаклига таъсир қилмайди.

Иккинчидан, бачадон ичида ҳомила жойлашиши ҳам қорин шаклига таъсир қилар экан.

Агар ҳомила қоринга бели билан туриб қолса, қорин каттароқ, аммо онанинг бели билан параллел бўлса яссироқ кўринишда бўлади.

Ҳомиланинг бачадонда жойланиши эса унинг жинси билан боғлиқ эмас, шунинг учун ҳам қориннинг шакли туғилажак фарзанднинг ўғил ёки қизлигини «айтиб беролмайди».

Моможонлар эртаклари

Фото муаллифлик ҳуқуқи Thinkstock
Image caption Ҳозирча энг мақбул йўл - УЗИ ёки ултратовуш текширувлар

Демак, қориннинг шакли ҳомиланинг жинсини аниқлаб беролмайди деб хулоса қилдик, бошқа халқона тахминлар нима дейди?

Қорин ташқарисида никоҳ узугини осиб қўйиб, у қайси тарафга қараб оғишидан ҳомиланинг жинсини «айтишга» уриниш эса, умуман иш бермайди.

Ҳомила ташқи нимарсаларга бачадондан туриб таъсир қилолмайди.

Кўзи ёрадиган аёлнинг қандай таом ейиши ва ё нималарга кўнгли кетиши ҳам ҳомиланинг жинси билан боғлиқ бўлмас экан.

Аммо ҳомиладор аёл қиз кўрадиган бўлса, эрталаблари қаттиқ қайт қилгиси келади деган қараш қанчалар ҳақиқатга яқин?

Айримлар бунинг сабаби, аёл киши икки карра аёл гармонларини ҳазм қилолмасдан, кўнгли айнийди, деб ўйлашади.

Аммо бу қараш ҳам ҳақиқатдан узоқ.

Чунки кўнгил айниш, айнан гормонлар кўпаймаган пайтда, ҳомиладорликнинг биринчи 12 ҳафтада рўй беради.

Ҳомиланинг қиз ёки ўғиллигини билишнинг аниқ йўллари замонавий тиббиётда, масалан, ултратовуш текширувлар экан.

Шунда ҳам бир халқона тахминда жон бор…

Оғир тўлғоқлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи THINKSTOCK
Image caption Тўлғоқ оғир кечса... бўлажак фарзанд ўғил бўлиши мумкин

Асрларки, бувилару янгалар, опалару холалар, аммалару оналар «тўлғоқ оғир келса, ўғил бўлади», деб айтиб келишади.

Аммо бу ҳазиломуз тахминда жон борга ўхшайди.

Ирландия пойтахти Дублиндаги бир туғруқхонада 1997 йилдан 2000 йилга қадар тадқиқот ўтказишган.

Ана шу тадқиқот натижалари Британия Тиббиёт Журнали (British Medical Journal) да нашр қилинади.

Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ўғил бола туғилиши жараёни узоқроқ ва мушкулроқ кечган.

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, агар тўлғоқ узоқ ва оғирроқ кечса, унда фарзандингиз ўғил бўлиши эҳтимоли кўпроқ...

Аммо халқона айтсак, қирқига сабр қилган, бирига ҳам тоқат этса, тўлғоқ тугаши билан...фарзандингизнинг қиз ёки ўғиллигини билиб оласиз...

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ