Таниқли олим Жуманазар Бекназар туғма жинсий норасоликлар, буйрак тош касаллиги, тиббиёт ва дин ҳақида

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Жуманазар Бекназарни нафақат Ўзбекистону Марказий Осиё, қолаверса, бутун собиқ Шўро Иттифоқи давлатлари бўйича энг йирик шифокор олимлар қаторига киритиш мумкин.

У асосан болалар буйрагидаги тош касалликлари, болаларда учрайдиган туғма норасоликлар, уларнинг асоратлари ва бу асоратларни бартараф қилиш йўлларига оид қатор ихтиролар, илмий ишлар муаллифидир.

Жуманазар Бекназар 1946 йил 4 майда Қашқадарё вилоятининг Қамаши тумани Отгузар қишлоғида дунёга келган.

У 1964-1971 йилларда Тошкент Давлат Медицина институтининг Педиатрия факультетида таҳсил олган. Институтни қизил диплом билан битиргач, Жуманазар Бекназар Қашқадарёнинг турли минтақаларида жарроҳ сифатида ишлайди.

1973 йилдан бошлаб эса, Тошкент педиатрия тиббиёт институтида фаолият олиб боради.

Жуманазар Бекназар 1985 йилда Сантк-Петербург шаҳрида "Болалар буйрагидаги тош касалликлар" мавзуида номзодлик ишини ёқлайди.

1995 йилнинг апрелида эса, у "Болалардаги жинсий норасоликларни бартараф этиш" мавзуида докторлик ишини ҳимоя қилади.

Бугунда Жуманазар Бекназар ўз илмий фаолиятини амалий жабҳада давом эттириб келмоқда. Олим болаларнинг буйраклари, сийдик найларида, қовуқлари ва жинсий аъзоларидаги туғма нуқсонлар ҳамда орттирилган касалликлар бўйича қатор илмий мақолалар муаллифи ҳам.

Ҳозирга қадар унинг 300дан ортиқ илмий мақолалари Россия, Қозоғистон, Белорус каби қатор мамлакатлардаги илмий нашрларида чоп этилган. Унинг раҳбарлиги остида битта докторлик диссертацияси, олтита номзодлик илмий ишлари ёқланган.

Жуманазар Бекназар болаларда қовуқ ўсмасини бартараф этиш, болаларда гидромефроз норасолиги устида жарроҳлик усуллари бўйича қатор кашфиётлар қилган.

Айни пайтда у ўзининг қатор адабий асарлари билан ҳам танилган. "Тош балосидан...", "Гулдек нозик", "Изтироблар комидан", "Ёниқ юрагим", "Қуёш меҳри", "Манзилдан кейинги йўл" каби ўнга яқин китоблари дунё юзини кўрган.

Жуманзар Бекназарнинг айтишича, бу китобларда "кўп ҳолларда тиббиёт бадиийлаштириб", ҳикоя, достон, ривоят шаклида ўқувчиларга тақдим этилади.

"Улар тиббиётни ўқувчилар тушунишлари осон бўлиши учун ёзилган китоблар",-дейди Жуманазар Бекназарнинг ўзи.

Жуманазар Бекназар билан суҳбат

Би-би-си: Бугунги Би-би-си меҳмони таниқли жарроҳ, тиббиёт фанлари доктори Жуманазар Бекназар. Ассалому алайкум Жуманазар ака, Би-би-си дастурига хуш келибсиз!

Жуманазар Бекназар: Ваалайкум ассалом!

Би-би-си: Жуманазар ака, Сиз "Болалардаги жинсий норасоликларни бартараф этиш" мавзуида докторлик ишини ҳимоя қилгансиз. Ва фаолиятингиз давомида ҳам ана шундай туғма нуқсон билан туғилган болалар устида жарроҳлик амалиёти ўтказгансиз. Бундай ҳоллар минтақада қанчалар кўп учрайди?

Жуманазар Бекназар: Айтайлик, бундан 20 йил илгари жинсий аъзонинг норасолиги бўлган гепоспадия касаллиги ҳар 500-600 боладан биттасида учраётган бўлса, ҳозирги пайтда дунё олимларининг таъкидлашича ҳам ҳар икки юз боладан биттасида учрамоқда. Кейин яна қовуқ экстрофияси деган касаллик бор, яъни бу-қовуқ деворининг ташқари томонга очилиб қолиши. Илгари ҳар 50 минг, 60 минг боладан биттасида учрайдиган бўлса, кейинги пайтларда ҳар 20 минг боланинг биттасида кузатилмоқда. Уруғдонларнинг ўз жойига тушмай қолиши авваллари ҳар 200 юзта боланинг биттасида учраса, ҳозир ҳар 100 боланинг бирида учрамоқда.

Би-би-си: Бу ҳолларнинг кўпайишига сабаб нима, Жуманазар ака?

Жуманазар Бекназар: Бу ҳолларнинг асосий сабаби бу-охирги пайтларда экологик мувозанатнинг издан чиқиши ҳамда шу экологик мувозанатнинг ўзгаришига яраша инсон организмининг етарли равишда мослашмаётганлиги асосий сабаб бўлса керак. Ҳаёт ритмининг тезлашганлигини ҳам бундан истисно қилиб бўлмайди. Учинчидан, биз тиббиёт ходимлари ҳар қандай генетик касалликлар пайдо бўлишига ўз аралашувимизни бошлаганлигимиз ва шундай касалларни даволаб ҳаётга қайтараётганлигимиз ҳамда уларнинг келажакда уйланиб фарзанд кўраётганлари ҳам сабаб бўлмоқда. Чунки, ҳар қандай норасолик озми-кўпми, қандайдир бир миқдорда наслдан-наслга ўтишини ҳам истисно қилиб бўлмайди. Лекин, бу асосий омил эмас. Буни битта омилга боғлаб бўлмайди. Кўп салбий оқибатлар ва салбий омилларнинг бирлашмаси пайдо бўлганлиги сабабли кўпайиш кузатилмоқда. Илгари маҳалларда аҳолининг тиббиёт ходимларига эрта мурожаат қилмасликлари оқибатида анча кеч муддатларда аниқланар эди. Кейинги пайтларда аҳолининг тиббий маданиятининг ўсиши ҳисобига жинсий норасоликларни эрта ташҳислаш ва уларни операция қилиш анча кўпайиб қолди.

Би-би-си: Энди норасоликлар қай усул билан батараф этилади?

Жуманазар Бекназар:Асосан жарроҳлик йўли билан бартараф этилади. Бу норасоликларни дорилар воситасида бартараф этиш мумкин эмас. Балки, санъаткорона йўл билан пластик усулда операция қилиш натижасида норасоликни бартараф этиш мумкин ва уларни ҳаётга қайтариш мумкин. Ва бу жарроҳлик амалиёти қанчалик эртароқ бошланса, беморларнинг ўзига ҳам, уларнинг ота-онасига ҳам, ўша ижтимоий муҳитга ҳам ўшанчалик яхши бўлади. Сабаби қанчалик эртароқ бартараф этилса, уларнинг социал муҳитга кўникиши ва ўша муҳитга яшаб кетиши ҳамда руҳий жиҳатдан эртароқ ўзларини тиклаб олишлари ўшанчалик тез рўй беради.

Би-би-си: Туғма нуқсон билан туғилган болалар қанча эрта жарроҳлик амалиётини бошидан кечиришса, шунча яхши деб айтаяпсиз. Энди бу болалар неча ёшда бўлишади жарроҳлик амалиёти ўтказилган пайт?

Жуманазар Бекназар: Туғма норасолик бўлганлиги учун бу туғилган пайтидаёқ аниқланади. Аниқланган муддатда ҳам операция қилинадиганлари бор. Ёки аниқ муддатга бориб қилинадиганлари ҳам бор. Масалан, қовуқ экстрофияси билан туғилганларнинг катта чилласи чиқмасдан туриб, операция қилинса, уларнинг келажаги ўшанчалик яхши бўлади. Гепоспадия билан туғилган болаларда эса, 8 ойлигидан бошлаб, 1 ёшгача бўлгунларига қадар улар бартараф этилса, болалар ўзларининг операция қилинганларини ҳам билмай қолишади. Ва руҳий жиҳатдан ҳам яхши, баркамол авлод бўлиб етишади. Жинсий туғма нуқсоннинг асосий аломати сийдик чиқариш тешиги олатнинг бошида бўлмасдан, балки унинг тана қисмида ёки ёрғоқ қисмида ва ё оралиқ қисмида бўлади. Агар бу нуқсонлар жарроҳлик йўли билан бартараф этилмаса, улар уйланиш қувватига улар эга бўлолмайдилар. Улардан мутлақо фарзанд ҳам бўлмайди.

Би-би-си: Ўша болалар бу ёшда ўзларининг қайси жинсга мансуб эканларини англашга қодир бўладиларми? Масалан, улар каттароқ бўлганларидан кейин, жарроҳлик амалиёти нотўғри қилинган бўлиб чиқса-чи? Бу амални ахлоқий жиҳатдан қандай оқлаш мумкин?

Жуманазар Бекназар: Гепоспадия норасолиги оралиқ шакли бўлган ҳолатларда ва икки томонлама уруғдонлар ёрғоғига тушмай ҳолатларда, ҳақиқатдан ҳам, икки жинслик бўлиши мумкин. Бундай ҳолларда хромосомалари қайси жинсга тааллуқли эканлиги аниқланади. Агарда, хромосомалари Х Х бўладиган бўлса, улар қиз бола тарафга Х Y бўладиган бўлса, ўғил бола тарафга мойил бўлади. Ва ўша маҳалларда буларда ўғил болалик жинсига тааллуқли бўлган аъзолар билан биргаликда қиз болага тааллуқли бўлган жинсий аъзолар ҳам бўлиши мумкин. Ва хромосомаларнинг Х Х ва Х Y бўлишига қараб туриб, уларда пластик опрерациялар ўтказилади. Токи, 7-8 ёшгача кутиб ўтиришнинг ҳеч ҳожати йўқ. Агарда уларнинг онги шаклланиб, ўзларининг қайси жинсга тааллуқли эканларини билмай юришса ёки ўғил бола қиз бола қилиб, қиз ўғил қилиб ўстирилаётган бўлса, уларнинг жинсини ўзгартириш масаласида биз катта муаммоларга дуч келамиз. Чунки, улар ўша жинсга тегишли тарбияни олганлари учун уларни қайта тарбиялаш қийин кечади.

Би-би-си: Фаолиятингиз давомида жарроҳлик амалиёти нотўғри қилинган бўлиб чиққан ҳол учраганми?

Жуманазар Бекназар: Шундай ҳолатлар учраган. Тузатишга ҳаракат қилганмиз, кўпинча тузатганмиз ҳам. Чунки, арзимас хатоликлар бўлиб, бу арзимас хатоликларни қайтадан тўғирлаш унчалик қийин кечмайди. Лекин, битта нарсани унутмаслик керакки, ўғил болани, қиз бола қилиб, қиз болани ўғил бола қилиб, исмлари қўйилиб, тарбияланаётган ҳоллари кўп бўлган. Ҳатто, 9-10 ёшга кирган қиз болани ўғил болага, ўғил болани қиз болага айлантирган пайтларимиз ҳам бўлган. Кейинги пайтларда мана шунақа адашишлар ҳаддан ташқари кам бўляпти. Чунки, бизнинг шифокорларимиз бу норасоликларнинг ҳақиқий моҳияти нимадан иборатлигини жуда яхши тушунаётганликлари учун бундай хатолар охирги пайтларда жуда камдан-кам учрамоқда.

Би-би-си: Жуманазар ака, мана Сиз асосан болалар буйрагидаги тош касалликлари бўйича ҳам мутахассиссиз? Бундай ҳоллар минтақада, қолаверса, Ўзбекистонда қанчалар кўп учрайди ва буйракда тош йиғилишига асосий сабаб нима?

Жуманазар Бекназар: Бутун дунё олимлари томонидан ҳам бир тўхтамга келинган сабаб йўқ. Лекин, битта нарса аниқ: буйракда тош пайдо бўлиши ҳам ташқи, ҳам ички омилларга боғлиқ. Шу ерда битта мисол айтсам, масалан, Ўзбекистонда ҳозирги текширилган далилларга қараганда, ҳар юзта катта ёшли одамнинг бештасида, ҳар 10 минг нафар боланинг 17-18 тасида буйрак тош касаллиги учрайди. Африка мамлакатларини оладиган бўлсак, у ердаги бир миллион аҳолига буйрак тош касаллиги билан фақат битта одам тўғри келади. Бу ерда жуда катта фарқ бор. Ҳар доим бир хил овқатланиш буйракдаги мувозанатни бир жойда сақлаб турганлиги оқибатида буйракнинг ички ҳужайраларида мувозанат ўзгармайди. Ички муҳити ўзгармаганлиги, бир қолипда ишлаганлигидан ўша жойларда тузларнинг йиғилиб қолиши турган гап. Организм қанчалик турли хил овқатларни истеъмол қиладиган бўлса, буйракнинг ички муҳити нордон муҳитдан ишқорий, ишқорий муҳитдан нордон муҳитга ўзгариб туриши натижасида унинг нафис каналчаларида тузларнинг тўпланиб қолиши деярли кузатилмайди. Шунинг учун, хилма-хил овқатланиш ва бунга эътибор бериш, жисмоний ҳаракатлар билан шуғулланиш буйрак тош касаллигининг пайдо бўлмаслигининг асосий омили сифатида бутун дунё олимлари томонидан тан олинган ҳақиқат.

Би-би-си: Ўзбекистонда бу ҳоллар кўпроқ учрашини айтдингиз, бунга сабаб нима?

Жуманазар Бекназар: Ҳозирги пайтда ултратовуш аппаратлари билан ташҳис қўйиш ва аҳолининг шифокорларга эрта мурожаат қилаётганлиги асосий сабаблардан бири бўлмоқда. Ултратовуш аппаратида 0,3, 0,4 миллиметр катталикдаги йиғилиб қолган тузларни ҳам диагностика қилиш имкони пайдо бўлганлиги учун ҳам уларнинг сони кўпаяётгандек туюляпти.

Би-би-си: Буйракдаги тошни табобат усули билан, масалан, гиёҳлар билан даволаш, тушириб юбориш мумкинми?

Жуманазар Бекназар: Албатта, мумкин. Агарда уларнинг уларнинг ўлчамлари 0,3, 0,4 сантиметргача, ҳаттоки, 0,5 сантиметр бўлган тақдирда ҳам халқ табобатида қўлланиладиган гиёҳлар натижасида уларнинг ўлчамларини кичрайтириб, буйракдан сийдик йўлига, сийдик йўлидан қовуққа чиқариб, ташқарига чиқариб юбориш ва уларни эритиш мумкин. Уларни ҳозирги замонавий аппаратларда парчалаб, майдалаб юбориш мумкин. Бу литотрипсия дейилади, бунда ҳам операция қилишга ҳожат қолмайди. Бунинг учун эрта ташҳислаш, тошларнинг ўлчамига қараб, кераклиги гиёҳларни берса, бу тошларни эритиб юбориш мумкин. Масалан, буймодорон, рўян, ёввойи сабзининг уруғи, буйрак чойи, турп уруғининг қайнатмаси...Кўрдингизми, халқ табобатида анча узоқ вақтлардан бери ишлатилиб келинаётган гиёҳлар воситасида тошларни эритиб чиқариб юбориш мумкин. Бунинг учун эрта ташҳис қўйиш муҳим.

Би-би-си: Жуманазар ака, Сиз нафақат шифокор, балки адабиёт соҳасида ҳам қалам тебратасиз. Сизнинг "Манзилдан кейинги йўл" китобингизда умр мазмуни, инсоннинг яшашдан мақсади, умуман руҳий оламнинг сирли томонларини акс эттиришга ҳаракат қилгансиз. Шифокорлик фаолиятингиз давомида ўзингизнинг диний ва ё маънавий қарашларингизга мос тушмайдиган ҳолларга дуч келганмисиз? Умуман, айтмоқчиманки, яъни Сиз қўллайдиган замонавий тиббиёт билан дин ўртасида бирон бир зиддият кўрганмисиз? Бундай пайтларда қандай йўл тутасиз?

Жуманазар Бекназар: Ҳозирги замонавий тиббиёт билан дин ўртасида ҳеч қандай зиддият йўқ. Аслини олганда ҳозирги замонавий тиббиёт ҳам, қадимги халқ тиббиётидан ўсиб чиққан. Ўшаларнинг асосида қурилган замонавий тиббиёт. Фақат синтетик моддалар пайдо бўлди. Янги техника воситалари пайдо бўлди, холос. Динда энг асосий нарса "ёмонлик қилма, бировга зарар етказма", дейилади. Агар Сиз ўша организмда кетаётган жараёнларни билсангиз ва ўша жараёнларга хос равишда ҳаракат қилсангиз, кетаётган модда алмашинуви жараёнларининг моҳиятини тушуна олсангиз, қандай динда бўлишидан қатъий назар, модда алмашинув жараёни динга қараб эмас, организмнинг тузилишига қараб ривожланади. Ҳозирги замон маънавий-маърифий тушунчалари билан диннинг ўртасида ҳеч қандай зиддият бўлиши мумкин эмас. Ва шундай пайтларга мен ҳеч дуч келганим йўқ. Балки, бу менинг маънавий, маърифий савиямнинг қандай эканлигига боғлиқдир.

Би-би-си: Суҳбатимизни Аброр исмли тингловчимизнинг саволлари билан давом эттирсак, Аброржон шундай савол йўллабдилар: Жуманазар ака, матбуотда мақолаларингизни тез-тез ўқиб тураман. Аҳолининг тиббий маданияти ва саводхонлигини оширишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни катта албатта. Шунга қарамай, бугунги кунда юртимизнинг оммага мўлжадданган тиббиёт нашрларининг деярли йўқлигини қандай изоҳлайсиз? Одамларнинг тиббий билимлари ошиб-тошиб кетгану бунга эҳтиёж қолмаганми?

Жуманазар Бекназар: Ҳозирги пайтларда ҳаёт ритмининг тезлашганлиги туфайли тиббиёт ходимлари ўзининг соҳасига берилиб, аҳоли орасида тиббий маданиятнинг янада юксалишига эътиборларини сал сусайтирганлари рост. Лекин соҳанинг камчилигини, кемтигини тўлдириш учун охирги пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳам, оммавий ахборот воситалари ходимлари томонидан ҳам, "Баркамол авлод" йилига мўлжалланган ҳар хил нашрларни кўпайтириш тўғрисида келишиб олинди. Шунинг учун, битта нарсани айтиш керак, аҳолини тиббий маданиятини кўтармасдан туриб, соғлиқни сақлаш соҳасида бирон бир катта ўзгартиришлар қилиш мумкин эмаслигини кўпчилик тушуниб етганлиги натижасида бу нарсага уриниш кейинги пайтларда анча жонланиб қолди. Шунинг учун бу соҳадаги кемтик яқин вақтлар ичида, албатта, тўлдирилади.

Би-би-си: Жуманазар ака, умуман, Ўзбекистондаги тиббиёт билан боғлиқ вазиятни қандай баҳолайсиз ҳозир? Масалан, илмий изланишлар олиб бориш учун шарт-шароитлар етарлими?

Жуманазар Бекназар: Ўзбекистонда тиббиёт тараққиёти собиқ СССР даврида ҳам анча юқори даражада эди. Ва ўша юқори даражада эканлиги ҳозир ҳам сезиларли. Айниқса, кейинги пайтларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ҳукуматимизнинг қарорлари асосида туман шароитида ҳам шифоханларни янги замонавий жиҳозлар таъминлаётганлиги, эрта ташҳис қўйиш ва касалликларни ўз вақтида даволашда катта муваффақиятларга эришаётганлигимиз бунинг битта кўриниши. Кейинги пайтларда тиббиёт соҳасида фидоий ёшлар пайдо бўлиб, анча мураккаб жабҳаларда ўзларининг ким эканликларини кўрсатмоқдалар. Масалан, юрак хирургияси, кўкрак хирургияси, қорин хирургияси, норасоликларни пластик операциялар қилиш соҳасида диссертацияларнинг ёқланиши ва уларнинг хориж олимлари томонидан тан олиниши ҳам анча салмоқли тус олди. Биз илгари пайтларда фақат рус ва ўзбек тиллари билан чегараланиб қолган эдик. Чет тили ва бошқа тилларни деярли билмас эдик. Ва ҳозирги пайтларда ёшларнинг инглиз, француз ва немис тилларини билаётганлари учун кўп конкурсларда ғолиб чиқиб, масалан, Кореяга, Англияга, Америка, Олмонияга бориб, саводларини ошириб келаётганлар анчагина ҳозирги ёшлардан.

Би-би-си: Яқинда Ўзбекистон ҳукумати тиббиёт ходимларини, яъни шифокорларни чет элга чиқишларига чекловлар ўрнатиш ҳақида қарор қабул қилди. Бунинг ортида нима сабаблар турган бўлиши мумкин?

Жуманазар Бекназар: Менимча, бу миш-миш гаплар бўлса керак. Бунақа гапларни расмий равишда ҳеч ердан олмаганмиз. Бу тўғрида бизларда бунақа гаплар ҳам бўлмаган.

Би-би-си: Янги мутахассисларни тайёрлаб чиқариш жараёни ҳақида фикрингиз қандай? Масалан, ҳозир Медицина институти талабаларига мурдани ёриб кўриш гўё тақиқлангани айтилади. Бу ҳол янги мутахассисларни тайёрлаш жараёнига қандай таъсир кўрсатади?

Жуманазар Бекназар: Анатомия ва топографик анатомия соҳаси бўйича бирон бир янгилик қилиш мутлақо мумкин эмас. Чунки, бу соҳалар текширилиб бўлинди. Ҳар бир мускул, ҳар бир суяк, ҳар бир нервнинг ўрни ва уларнинг аҳамияти, улар эгаллаган жойи ҳаммаси маълум ҳозирда. Маълум нарсани яна қайтадан такрорлаб ўтиришга ҳеч қанақа ҳожат йўқ. Шунинг учун, ҳозир институтларда янги ускуналарнинг ўқитиш соҳасида ишлатилаётганлиги ўша мурдани ёриб кўришга ҳеч қанақа ҳожат қолдирмайдиган муҳитни вужудга келтирди.

Би-би-си: Тошкентдан Улуғбек исмли тингловчимиз: Жуманазар Бекназар беморларни қаерда қабул қиладилар ва уларга қандай қилиб кўриниш мумкин? деб сўрабдилар.

Жуманазар Бекназар: Мен Республика тез ёрдам кўрсатиш марказида ишлайман. Ўша ерда куни бўйи ўша жойда кун бўйи бемалол беморларни қабул қилишим мумкин.

Би-би-си: Жуманазар ака, биз билан суҳбатлашишга имкон топганингиз катта раҳмат! Ҳам шифокорлик, ҳам ижодий фаолиятингизга бундан ҳам каттароқ муваффақиятлар тилаб қоламиз!

Жуманазар Бекназар: Раҳмат, саломат бўлинг!

Бу мавзуда батафсилроқ