Рио 2016: ‘Ўзбекистон тўлиқ таркибда боради’

Рио ва Зика вируси Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ўзбекистонлик масъулларга кўра, Зика вируси билан боғлиқ мавжуд хавотирларга қарамай, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларига тўлиқ таркибда боради.

Бу ҳақда Би-би-си Ўзбек Хизматига Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси матбуот хизмати вакили билдирди.

Вакилга кўра, бу борада хавотирлари йўқ: Жамоа аъзоларини Зикадан огоҳлантириш, ўз-ўзларини вирусдан муҳофаза эта олишлари учун махсус семинарлар ҳам йўлга қўйилмоқда.

Яқинда айнан Зика безгаги билан боғлиқ хавотирлари боис, дунёнинг юздан ортиқ етакчи олимлари Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотига очиқ мактуб йўллашган.

Халқаро ташкилотни безгак эпидемияси боис, Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларини бошқа пайт ёки ерга кўчиришга даъват этишганди.

Очиқ мактуб

Очиқ мактуб 125 нафар тиббиёт эксперти томонидан имзоланган, уларнинг орасида Оксфорд, Гарвард ва Йель Университетларининг таниқли мутахассислари ҳам бор эди.

"Бутун дунёдан Ўйинларда иштирок учун келган 500 минг нафар чет эллик йўқ жойдан ўз ҳаётларини таваккал остига қўйишлари мумкин. Бу одамлар вирус ташувчиларига айланишлари, уйга қайтгач, у борган жойларида янги эпидемия чақириши мумкин", - деб ёзилганди бу очиқ мактубда.

Олимларнинг таъкидлашларича, Олимпия Ўйинларини эпидемия авж олган бир пайтда ўтказиш ахлоққа зид бир иш бўлади.

Уларга кўра, худди шу боис ҳам, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти Зика билан боғлиқ тартиб-қоидалар ва чекловларни қайта кўриб чиқиши лозим.

Аммо ўтган ой Халқаро Олимпия Қўмитаси бунга жавобан хос баёнот билан чиққан, Бразилиядаги Зика эпидемиясига қарамай, Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларининг жой ва вақтини ўзгартиришга ҳожат кўрмасликларини баён қилганди.

Бу йилги Ёзги Олимпиада Ўйинлари 5 август куни старт олади ва 21 августга қадар давом этади.

Ўтган йил Бразилияда бошланган Зика безгаги эпидемияси орада жаҳоннинг 60 дан ортиқ давлатини қамраб олишга улгурган.

Зика безгагининг аломатлари у қадар оғир эмас, аммо асоратлари ўзининг қанчалик жиддийлиги билан олимларни қўрқитмоқда.

Яъни, безгак ўтказган аёлларнинг болалари микроцефалия (миянинг чала ривожланиши) билан туғилишса, катта ёшлиларда ўта оғир ва баъзида ҳалокатли неврологик синдромлар кузатилган.

Гийен-Барре синдроми ўткир мушак заифлиги ва шунинг баробарида нафас йўллари фалажлигини чақириши билан характерланади.

Бу каби аломатлар эса, ВИЧ вирусига чалинган беморларда кузатилади, холос.

Миянинг ноқислиги сабаб, тана аъзоларидан қайсидир бирининг ҳаётий муҳим вазифани бажара олмаслиги болаларда ҳам фожеавий оқибатларга олиб келиши мумкин.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.