Рио 2016: Халқаро Бокс Уюшмаси: 'Агар...'

Профессионал бокс

...профессионал боксчилар бу йилги Ёзги Олимпиада Ўйинларида беллашгудек бўлишса, ўз чемпионлик камарларидан мосуво бўлишади.

Бундай огоҳлик билан IBF - Халқаро Бокс Уюшмаси чиққан.

Халқаро Уюшманинг даъво қилишича, профессионал боксчиларнинг ҳаваскорлари билан юзма-юз келишининг саломатлик учун хатари бор.

Худди шу боис ҳам, ким бўлишидан қатъиназар, ўз таснифидаги ҳар қандай боксчи, агар, Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларида рингга чиққудек бўлса, бир йилга чемпионлик мақомидан маҳрум бўлади.

IBF таснифида турли вазн тоифаларида жаҳон чемпионлари бўлган Энтони Жошуа, Жеймс ДиГейл ва Келл Бруклар эса, шундоқ ҳам Риода беллашишмоқчи эмас.

AIBA шу йил июн ойида ўз тартиб-қоидаларини ўзгартирган ва илк бор профессионал боксчиларнинг Ёзги Олимпиада Ўйинларида иштирок этишларига рухсат берганди.

Халқаро Бокс Уюшмаси президенти Дэрил Пиплзнинг баён қилишича, "фаолиятларининг асосий мақсадларидан бири - боксчиларнинг саломатликларини тарғиб этиш бўлгани учун ҳам бу каби мавқеъни тутишлари ўзлари учун муҳим бўлган".

XXXI Рио Ёзги Олимпиада Ўйинлари шу йилнинг 5 август куни бошланади.

Қарор

Бу ҳақдаги қарорни Халқаро Ҳаваскор Боксчилар уюшмаси (AIBA) Швейцарияда бўлиб ўтган олиймақом йиғини ортидан берган.

Уюшма қарорига мувофиқ, профессионал бокснинг бир неча таснифида ўз вазн тоифасида амалдаги жаҳон чемпиони бўлган Тайсон Фьюрига ўхшаш боксчилар ҳам энди бемалол Рио-де-Жанейрода Олимпиада чемпионлиги учун рингга чиқишлари мумкин бўлади.

Аммо Ўйинларга йўлланмани қўлга киритиши учун 40 ёшгача бўлган истаган профессионал боксчи Венесуэладаги саралаш босқич беллашувларида иштирок этиши керак бўлади.

Халқаро Ҳаваскор Боксчилар уюшмаси раҳбари Чинг Куо Вунинг айтишича, жорий пайтда қанча профессионал боксчининг Риодаги Ўйинларда иштирок этиш истагида эканликлари борасида аниқ бир гап айтиш қийин.

Аммо Халқаро Ҳаваскор Боксчилар уюшмасининг сўнгги қарори барча профессионал боксчилар томонидан ҳам бир хилда қарши олинмаган.

Улардан бирига кўра, бу - профессионал рингда пишиб етилган боксчи билан ҳаваскор ғўри ўртасидаги хавфли қарама-қаршилик бўлади.

Яна бошқасининг айтишича, халқаро уюшманинг қарори мантиқсизликдан бошқа нарса эмас.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02#
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.