Тарихча ўрнида: Ўзбекистон ва Лондон Олимпиадаси

Лондон Олимпиадаси Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

2012 Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинлари Ўзбекистон терма жамоаси учун ўз тарихидаги бешинчиси бўлган.

Аммо, шунда ҳам, Ўзбекистон Олимпия терма жамоасининг Лондонда эришган ютуқлари Пекиндагиси билан таққосланганда, бироз камтарроқ бўлганди.

Улар Лондонда битта олтин ва учта бронза медали билан турнир жадвалида 47-ўринни эгаллашганди.

Ҳисобларидаги илк олтин медални эса, фақат ўйинлар якунига келибгина қўлга киритишга муваффақ бўлишганди.

Бу - Марказий Осиё давлатлари орасида қайд этилган иккинчи яхши кўрсаткич бўлганди.

2008 йилги Пекин Олимпиадасида эса, ўзбекистонлик спортчилар битта олтин ва учта бронза медалидан ташқари иккита кумуш медали олишга ҳам муваффақ бўлишганди.

Эслатиб ўтиш жоиз, олимпиячиларнинг Лондонда қайд этган кўрсаткичлари Ўзбекистон президентининг Ўйинлар натижаларини чуқур таҳлил қилиш ва ундан тегишли хулоса чиқаришга оид даъватига ҳам сабаб бўлганди.

Худди ўша йили охирида эса, Ўзбекистон Футбол Федерацияси раҳбари, сенатор Мираброр Усмонов мамлакат Миллий Олимпия Қўмитасининг янги президенти этиб сайланганди.

Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида Ўзбекистондан жаъми элликдан ортиқ спортчи иштирок этган ва улар 20 га яқин спорт тури бўйича совринли ўринлар учун кураш олиб боришганди.

Уларнинг, айниқса, Ўзбекистон катта сонда беллашган бокс, дзюдо ва кураш каби якка кураш спорт турларида ўзларини кўрсатишлари кутилганди.

Иштирок

Ўзбекистон Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида катта сондаги, яъни жаъми олти нафар боксчиси билан иштирок этган ва мамлакат Олимпия тарихида илк бор улардан беш нафари чорак финалга чиқишга муваффақ бўлишганди.

Аммо боксчиларидан аксарияти ўйинларнинг чорак финалига чиқишга муваффақ бўлишган эса-да, номдор боксчилари орасидан фақат Аббос Атоевгина биронза медали олишга муваффақ бўлганди.

Ўзбекистонлик боксчилар 2008 йилги Пекин Олимпиадасидан фарқли тарзда, ўз жангларини кетма-кет ғалаба билан бошлашган.

Бокс мутахассислари ўзбекистонлик боксчиларнинг имкониятлари яхши экани, уларнинг совринли ўринларга даъвогарлик қилишлари мумкинлигини айтишганди.

Чунки уларнинг орасида ҳаваскор боксда икки карра Жаҳон чемпиони Аббос Атоев, Осиё Ўйинлари кумуш медали совриндори Ўктам Раҳмонов, қатор халқаро турнирлар ғолиби Элшод Расулов ва Фазлиддин Ғоипназаровлар бор эди.

Сафларида кўплаб халқаро турнирлар ва жаҳон биринчилиги ғолиблари бўлган ўзбекистонлик дзюдочилар ҳам Лондон Ёзги Олимпиадасида якка Ришод Собиров қўлга киритган ягона бронза медали билан чекланишга мажбур бўлишди.

Аммо

Аммо ўзбекистонлик Артур Таймазов эркин кураш бўйича 120 кг вазн тоифасида кетма-кет уч - Афина, Пекин ва Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларининг олтин медаллари соҳибига айланиб, кураш афсонаси сифатида тарихга киради.

Ўзбекистонлик донгдор курашчи ўзининг сўнгги ютуғи билан 33 ёшида юнон-рум кураши бўйича собиқ Шўро курашчиси Александр Карелин ва эркин курашчиси Александр Медведлар билан тарихдаги учта буюк курашчидан бирига айланади.

Кураш афсонаси Артур Таймазов сўнгги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида эришган оламшумул ютуғи учун Осиё Олимпия Кенгашининг махсус мукофотига ҳам лойиқ деб топилади.

27 июл куни старт олган ва икки ҳафта давом этган Ўйинларда дунёнинг икки юздан ортиқ давлатидан минглаб спортчилар беш мингга яқин медаллар учун кураш олиб боришганди.

Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида энг кўп медал олган жамоа - АҚШ бўлганди.

Ўйинларнинг сўнгги кунида бир олтин, бир кумуш ва бронза медали олиб, жаъми медаллари сонини 13 тага етказиб олган Қозоғистон эса, Марказий Осиё давлатлари орасидан энг яхши натижа кўрсатганди.

Тожикистон битта бронза медали олган бўлса, Қирғизистон ва Туркманистон бирор бир совринсиз Ўйинлардаги иштирокларига якун ясашганди.

Айни ўринда шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, Қозоғистон минтақадан энг катта сондаги, яъни юздан ортиқ спортчиси билан иштирок этганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.