Бокс: Риода рекорд кўрсаткич
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Рио 2016: Тўрт боксчи кейинги босқичда

Сидней Олимпиадаси чемпиони Муҳаммадқодир Абдуллаевга кўра, ўзбекистонлик боксчилар Риода совринли ўринлар учун беллашишга тайёр.

Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларининг учинчи кунига келиб эса, тўрт нафар ўзбекистонлик боксчи ўз жангларини муваффақиятли бошлашди ва кейинги босқичга йўлланмани нақд қилишди.

Дастлаб (-60 кг) вазн тоифасида Хуршид Тожибоев Ўйинларнинг нимчорак финалига чиқди.

Унинг ортидан Шаҳрам Ғиёсов (-69 кг) вазн тоифасида чорак финалга чиқиш учун курашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

8 август - Ўйинларнинг учинчи кунида Рўстам Тўлаганов (-91 кг) ва Ҳасанбой Дўстматов(-49 кг)лар рингга чиқишди.

Икковлон Олимпиада чемпионлиги учун курашларини нимчорак финалидан бошлашди.

Рустам Тўлаганов эквадорлик рақиби Хулио Сезар Кастильо ва Ҳасанбой Дўстматов мексикалик боксчи Хоселито Веласкесни мағлуб этди.

Дастлабки ғалабалари ортидан чорак финалга йўлланмани нақд қилган бу икки боксчи навбатдаги жангларини 10 август куни ўтказишади.

Ўйинларнинг ярим финалига чиқиш учун Рустам Тўлаганов озарбайжонлик рақиби Абдуқодир Абдуллаев, Ҳасанбой Дўстматов эса, қозоғистонлик боксчи Биржан Жакиповга қарши жанг ўтказади.

Ярим финалга йўлланма эса, ҳар бир иштирокчи боксчи учун камида Ўйинларнинг бронза медали соҳиблигини англатади.

Хуршидбек Тожибоев эса, (-60 кг) вазн тоифасида чорак финалга чиқиш учун бугун - 9 август куни рингга чиқади ва британиялик боксчи Жозеф Кордина билан жанг ўтказади.

Тафсилот ўрнида

Ҳасанбой Дўстматов Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Бу йилги Ёзги Олимпиада Ўйинларининг бокс беллашувларида Ўзбекистонни рекорд сондаги боксчиси ҳимоя этади.

Ўзбекистон эркаклар бокс терма жамоаси Ўйинларнинг барча вазн тоифасида совринли ўринлар учун рингга чиқади.

Ёдгорой Мирзаева эса, мустақил Ўзбекистон тарихида Ёзги Олимпиада Ўйинларига йўлланма олган биринчи аёл боксчи бўлади.

Бу дегани Риода Ўзбекистон жаъми 11 боксчиси билан иштирок этади.

Бундан аввал ўзбекистонлик боксчилар фақат 2000 йилги Сидней Ёзги Олимпиада Ўйинларида барча вазн тоифалари бўйича ғолиблик учун кураш олиб боришган, холос.

Бошқа томондан, бокс кураш билан бирга Ёзги Олимпиада Ўйинларида Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси энг кўп медалларни қўлга киритган иккита спорт туридан биттаси бўлади.

Терма жамоа бу спорт турида битта олтини дохил Ўйинларнинг жаъми еттита медалини қўлга киритишга муваффақ бўлган.

Ўзбекистон сўнгги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида ҳам анчайин катта сондаги – жаъми 6 нафар боксчиси билан иштирок этганди.

Худди ўша Ўйинларда Ўзбекистон Олимпия ҳаракати тарихида илк бор улардан беш нафари чорак финалга чиқишга муваффақ бўлишганди.

Аммо, боксчиларининг эришган бу каби ютуғига қарамай, улардан фақат бир нафари – Аббос Атоевгина Ўйинларнинг бронза медалини олишга муваффақ бўлганди, холос.

Бокс мутахассислари эса, ўшанда ўзбекистонлик боксчиларнинг имкониятлари яхши экани, уларнинг совринли ўринларга бемалол даъвогарлик қилишлари мумкинлигини айтишганди.

Бу йил ҳам Рио рингларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя этажак боксчилар орасида Жаҳон Кубоги соҳиблари, жаҳон ва Осиё чемпионатлари совриндорлари ва кўплаб халқаро турнирлар ғолиблари оз эмас.

Булар:

49 кг гача: Ҳасанбой Дўстматов

52 кг гача: Шаҳобиддин Зоиров

56 кг гача: Муроджон Аҳмадалиев

60 кг гача: Ҳуршид Тожибоев

64 кг гача: Фазлиддин Ғойибназаров

69 кг гача: Шаҳрам Ғиёсов

75 кг гача: Бектемир Мелиқўзиев

81 кг гача: Элшод Расулов

91 кг гача: Рустам Тўлаганов

91 кг дан юқори: Баҳодир Жалолов

51 кг: Ёдгорой Мирзаевалардир.

Бокс бўйича Сидней Ёзги Олимпиада Ўйинларининг олтин медали соҳиби Муҳаммадқодир Абдуллаевнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, бу боксчиларнинг барчаси Риода совринли ўринлар учун беллашишга тайёр.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, номдор боксчиси Баҳодир Жалолов Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларининг расмий очилиш маросими чоғида Ўзбекистоннинг иккита байроқдоридан биттаси бўлади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.