Ўзбекистон: Риога 100 дан ортиқ спортчи билан

Осиё Ўйинлари Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Тошкентдан олинган энг сўнгги расмий хабарларга кўра, XXXI Рио Ёзги Олимпиада ва Паралимпия Ўйинларида Ўзбекистонни худди шунча сондаги спортчиси намоён этади.

Қўлга киритилган йўлланмадан 70 таси ўзбекистонлик олимпиячилар, қолгани паралимпиячилар ҳиссасига тўғри келади.

Агар қиёс учун олинса, сўнгги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида Ўзбекистон шарафини 63 нафар олимпиячиси ҳимоя қилган.

Ўзбекистонлик юзга яқин олимпиячи Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларининг кўплаб спорт турлари, жумладан, эркин кураш, юнон-рум кураши, дзюдо, сузиш, таэквондо, бадиий, спорт гимнастикаси, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, енгил ва оғир атлетика, теннис ва трамполиндан сакраш,..бўйича совринли ўринлар учун кураш олиб боришади.

Бу спортчилар орасида Ришод Собиров, Абдулла Тангриев, Баҳодир Жалолов, Оксана Чусовитина, Екатерина Хилько каби Ёзги Олимпиада Ўйинларида катта тажрибага эга, жаҳон ва қитъа миқёсидаги энг нуфузли беллашувларнинг совриндорлари бўлган номдор спортчилар кам эмас.

Риодагиси - Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси иштирок этаётган олтинчи Ёзги Олимпиада Ўйинлари бўлади.

Ўзбекистон бу Ўйинларда 5 та олтини дохил жаъми 20 та медал қўлга киритишга муваффақ бўлган.

Ўзбекистонлик олимпиячилар ҳисобидаги энг кўп медаллар курашчилари ва боксчилари ҳиссасига тўғри келади.

Аммо дзюдо ва гимнастика бўйича Ўйинларнинг совринли ўйинларига кўтарилган ўзбекистонлик олимпиячилар ҳам оз эмас.

Ўзбекистон Олимпия терма жамоасини Риога кузатиш маросими шу йилнинг 20 июл куни пойтахт Тошкентда бўлиб ўтган.

Тантанали бу тадбирга Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзи бошчилик қилган.

Риода 5 август куни бўлиб ўтажак расмий очилиш тантаналарида байроқдор этиб бокс ва енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати совриндорлари Баҳодир Жалолов ва Ҳусниддин Нурбековлар танланган.

5 август куни расман старт олажак Рио Ёзги Олимпиада Ўйинлари 21 августга қадар давом этса, Паралимпия Ўйинлари 7 ва 18 сентябр оралиғида бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ва ҳайъати шу йилнинг 1 август куни Риога жўнаб кетган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.