Рио 2016: Ўзбекистон ҳисобида илк медал

Диёрбек Ўрозбоев Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Бу йилги Ёзги Олимпия Ўйинларининг илк кунида -60 кг вазн тоифасида гиламга чиққан дзюдочи Диёрбек Ўрозбоев бронза медалини қўлга киритди.

Диёрбек Ўрозбоев бронза медали учун курашда гуржистонлик рақиби Амиран Папинашвилини мағлуб этди.

Сўнгги рақибига қадар Диёрбек Австралия, Швейцария ва Бразилия вакилларини ҳам енгишнинг уддасидан чиқди.

Қўшни Қозоғистон ҳам Ўйинлардаги дастлабки медалларига айнан аёллар(48кг) ва эркаклар (-60кг) ўртасидаги дзюдо мусобақаларида эришди. Бир бронза ва бир кумуш медали олди.

Қозоғистон ҳисобидаги кумуш медални ярим финалга чиқиш учун курашда айнан Диёрбек Ўрозбоевни енгишга муваффақ бўлган амалдаги жаҳон чемпиони Елдос Сметов қўлга киритди.

Жорий пайтда Қозоғистон ҳисобидаги 2 та медали билан медаллар жадвалида 12-ўринни эгаллаб турибди.

Ўзбекистон ҳозирча битта бронза медали билан 17-ўринда бормоқда.

Қолган Марказий Осиё давлатлари ҳисобида ҳалича бирор бир медал йўқ.

Ўйинларнинг илк куни

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўзбекистонлик боксчилар орасидан биринчи бўлиб рингга чиққан Хуршид Тожибоев ҳам совринли ўринлар учун курашини ғалаба билан бошлади.

Хуршидбек (-60 кг) вазн тоифасида туркиялик рақиби Ҳоқон Эрескерни енгиб, Рио Олимпиадасининг нимчорак финалига чиқди.

Ўзбекистонлик боксчи энди Ўйинларнинг чорак финалига чиқиш учун 9 август куни британиялик боксчи Жозеф Кординага қарши рингга тушади.

Ўйинларнинг илк кунини Зоҳиджон Кенжаев ҳам спорт тенниси бўйича баҳсларда ғалаба билан бошлади.

У чехиялик рақиби Любомир Жанжарикни мағлуб этиб, мусобақаларнинг иккинчи босқичига чиқди.

Зоҳиджон Кенжаев Ёзги Олимпиада Ўйинларининг эркаклар орасида стол тенниси бўйича беллашувларига йўлланма олган ўзбекистонлик илк спортчи бўлганди.

Собиқ Шўро давлатлари орасидан илк олтин медални Россия қўлга киритди.

Бу ҳам эркаклар ўртасидаги (60кг) дзюдо баҳсларига тўғри келади.

Яъни бу беллашувларнинг олтин, кумуш ва бронза медаллари Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон, Япония вакилларига насиб этди.

Финал учрашувида Елдос Сметовни мағлуб этган Беслан Мудранов Ўйинларнинг олтин медалини олди.

Медаллар жадвали

Россия ҳисобидаги битта олтин медали билан медаллар жадвалида Аргентина ва Белгия билан бирга 6-ўринни бўлишиб турибди.

Медаллар жадвалида ҳисобидаги 2 та олтин ва битта бронза медали билан Австралия илғорлик қилмоқда.

Иккита олтин медали билан Можаристон иккинчи ўринда бораётир.

Ўз ўрнида, 5 август куни бу учовлондан ташқари қолган бошқа ҳеч бир собиқ Шўро давлати Ўйинларнинг медалларини қўлга кирита олишмади.

Буюк британиялик сузувчи Адам Пеати эса, Ўйинларнинг илк кунида 100 метрга брасс усулида сузиш баҳсларида 57.55 сония натижа кўрсатиб, жаҳон рекордини янгилади.

Рио Олимпиадасида Ўзбекистондан 70 та спортчи қатнашмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.