Рио 2016: Назарбоев олтин медалчиларини табриклади

Қозоғистон спортчиси Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Бу ҳақда Қозоғистон президенти маъмурияти расман маълум қилди. Оғир атлетикачиси Нижат Раҳимов ва сузувчиси Дмитрий Баландин Ўйинларнинг олтин медали совриндорларига айланишганди.

Расмий хабарларга кўра, президент Назарбоев уларнинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида табрик йўллаган.

-79 кг вазн тоифасида баҳсларини бошлаган оғир атлетикачиси Нижат Раҳимов 379 кг натижа билан Қозоғистон ҳисобига илк олтин медални келтирган.

Бунинг ортидан 200 метрга брасс усулида сузиш баҳсларида шов-шувли натижа (2:07,46) қайд этиб, Дмитрий Баландин қозоғистонлик яна бир Олимпиада чемпионига айланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Дмитрий олтин медал учун курашда америкалик Жон Прено ва россиялик Антон Чупковларни ҳам ортда қолдириб кетган.

Устига устак, 21 ёшли Қозоғистон тарихида бу каби ютуққа эришган биринчи спортчи бўлган.

Таъкидлаш жоиз, бу икковлон Марказий Осиё давлатлари спортчилари орасидан Ўйинларнинг олтин медалларини қўлга киритган биринчи олимпиячилар ҳам бўлишган.

10 август куни аёл оғир атлетикачиси Жазира Жаппарқул Қозоғистон ҳисобига иккинчи кумуш медални ҳам келтирган.

Рио Олимпиада Ўйинларининг олтинчи кунига келиб, Қозоғистон ҳисобидаги медалларнинг сони еттитага етган.

Қозоғистон Олимпия терма жамоаси иккита олтин, иккита кумуш ва учта бронза медали билан медаллар жадвалида 12-ўринни эгаллаб турибди.

Ўзбекистон ҳисобида ҳозирча иккита бронза бор.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Аммо боксчилари ҳам Ўйинларнинг камида иккита бронза медалини ўзларига нақд қилишган.

Яъни, Рустам Тўлаганов ва Ҳасанбой Дўстматовда Рио Олимпиадасининг кумуш ва олтин медалларини қўлга киритиш имконияти ҳам бор.

Қирғизистон эса, орада кечган вақт давомида битта бронза медали олишга муваффақ бўлган.

Тожикистон ва Туркманистон ҳисобида ҳозирча бирор бир медаль йўқ.

Бу давлатларнинг деярли барчаси ғолиб олимпиячиларига турли миқдордаги пул мукофотлари ваъдаси билан чиқишган.

Бу борада Қозоғистон ва Ўзбекистон ваъданинг энг каттасини берган иккита Марказий Осиё давлати бўлишган.

Қозоғистон Рио Олимпиадаси чемпионига $250 минг АҚШ доллари ваъда қилган.

Агар, Ўйинлар арафасида спортга ихтисослашган қатор интернет нашрлари тарқатган хабарларга таянилса, ўзбекистонлик ғолиб олимпиячи олтин медаль учун $200 минг АҚШ доллари мукофот пулига умид қила олади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.