Рио 2016: Камида кумуш медали нақд

Ҳасанбой Дўстматов Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ҳозиргина якунланган ярим финал жанги ортидан, ўзбекистонлик номдор боксчи Ҳасанбой Дўстматов -49 кг вазн тоифасида Ўйинларнинг финал босқичига чиқди.

Ҳасанбой Дўстматов эса, америкалик рақиби Нико Мигель Эрнандесни очколар ҳисобига мағлуб этди.

Рио Ёзги Олимпиадасининг камида кумуш медалини ўзи учун нақд қилди.

Бу - Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳисобидаги камида биринчи кумуш ёки олтин медали, деганидир.

Таъкидлаш жоиз, Ҳасанбой Дўстматов 2000 Сидней Ёзги Олимпиадаси чемпиони Муҳаммадқодир Абдуллаевдан кейин Ўйинларнинг финал босқичига чиққан ўзбекистонлик биринчи боксчи бўлади.

Бокс

Ҳасанбой Дўстматов Ўйинларнинг финал босқичига чиққан биринчи ўзбекистонлик боксчи бўлди.

Ҳасанбой Дўстматов бугун рингга кўтарилаётган ўзбекистонлик тўрт боксчидан биттаси бўлади.

Бокс бўйича 12 август кунига режаланган баҳсларни -51 кг вазн тоифасида ўзбекистонлик боксчи Ёдгорой Мирзаева бошлаб берди.

Таъкидлаш жоиз, Ёдгорой Мирзаева Ўзбекистон тарихида Ёзги Олимпиада Ўйинларига йўлланма олган биринчи аёл боксчи бўлганди.

Ёдгорой британ вақти билан соат 15:00 да канадалик рақибаси Мэнди Бужолдга қарши рингга чиқди.

Аммо чорак финалга чиқиш учун бўлган жангини бой берди.

Рио Олимпиада Ўйинларидаги жангларини устма-уст ғалаба билан бошлаган Хуршид Тожибоев -60 кг вазн тоифасида ўзининг навбатдаги жангини мезбон бразилиялик боксчи Робсон Консейсанга қарши ўтказди.

Аммо Хуршид чорак финал беллашувини рақибига бой бериб, шу ерда Ўйинлардаги иштирокига якун ясади.

Ўзбекистонлик яна бир боксчи - Бектимир Мелиқўзиев бугун -75 кг вазн тоифасида ўзининг илк жангини ўтказади.

Бектимир Мелиқўзиев бугунги нимчорак финал беллашувида австралиялик боксчи Дэниел Льюисга қарши рингга кўтарилади.

Дзюдо

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

+100 кг вазн тоифасида ўзбекистонлик номдор дзюдочи Абдулла Тангриев эса, чорак финалда қирғизистонлик дзюдочи Юрий Краковицкийни ҳам мағлуб этди ва ярим финалга йўл олди.

Номдор дзюдочи нимчорак финал жангида руминиялик рақиби Даниэл Натеани ҳам енгишга муваффақ бўлган ва чорак финалга йўлланма олганди.

2008 йилги Пекин Ёзги Олимпиада Ўйинларининг кумуш медали совриндори бўлган Абдулла Тангриев илк жангида самоалик рақиби Суа Дерекдан устун келганди.

Абдулла Тангриев Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларининг совринли ўринлари учун беллашаётган ўзбекистонлик сўнгги дзюдочи бўлади.

Ўзбекистонни Рио Ўйинларида жаъми 8 нафар дзюдочиси намоён этмоқда.

Улардан икки нафари: Диёрбек Ўрозбоев ва Ришод Собировларнинг Ўйинларнинг бронза медалларини қўлга киритишган.

Номдор дзюдочи финалга чиқиш учун энди япониялик Хисаёши Харасавага қарши жанг олиб боради.

Енгил атлетика

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ўйинларнинг еттинчи кунида ўзбекистонлик енгил атлетикачилар ҳам баҳсларга қўшилишди.

Жумладан, Ситора Ҳамидова ва Екатерина Тунгускова 10 000 метрга югуриш беллашувларида ўз кучларини синаб кўришади.

Екатерина Воронина еттикураш баҳсларини бошлади.

Ўзбекистонлик югурувчи Нигина Шарипова эса, 100 метрга югуриш мусобақаларига киришади.

Бундан ташқари Екатерина Хилько ҳам трамполинда сакраш баҳсларида совринли ўринлар учун ўз курашларини бошлади.

Екатерина Хилько Пекин ва Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларининг иштирокчиси саналади.

Халқаро беллашувларда катта тажрибага эга Екатерина Хилько 2008 йилги Пекин Ёзги Олимпиада Ўйинларининг бронза медали соҳибаси бўлади.

Шаҳбоз Холмирзаев эса, М1х2000 метрга академик эшкак эшиш баҳсларида 13-24 ўринлар учун курашиб кўради.

Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларининг еттинчи кунига келиб, Ўзбекистон ҳисобида 2 та бронза медали бор.

Аммо боксчилари ҳам Ўйинларнинг камида иккита бронза медалини ўзларига нақд қилишган.

Ҳали яна Рустам Тўлагановда ҳам Рио Олимпиадасининг кумуш ва ёки олтин медалини қўлга киритиш имконияти ҳам бор.

Ўзбекистон ҳисобидаги 2 та бронза медали билан ҳозир медаллар жадвалида 48-ўринни эгаллаб турибди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.