Рио 2016: Илк олтин учун жанг
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Рио 2016: Ўзбекистон ҳисобида илк олтин

Ҳозиргина поёнига етган финал учрашуви ортидан, ўзбекистонлик боксчи Ҳасанбой Дўстматов Рио Олимпиадаси чемпиони бўлди.

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳисобидаги илк олтин медалини келтирди.

Ҳасанбой Дўстматов -49 кг вазн тоифасида Ўйинларнинг финал жангида колумбиялик боксчи Юберхен Мартинез Ривасни мутлақ устунлик билан, очколар ҳисобига мағлуб этди.

Ҳасанбой Дўстматов Муҳаммадқодир Абдуллаевдан кейин Ўзбекистон тарихидаги иккинчи Ёзги Олимпиада Ўйинлари чемпионига айланди.

Муҳаммадқодир Абдуллаев 2000 йилги Сидней Ёзги Олимпиада Ўйинларининг олтин медали совриндори саналади.

Яъни, ўтган 16 йил бадалида бирор бир ўзбекистонлик боксчига Ёзги Олимпиада Ўйинларининг финал босқичига кўтарилиш насиб этмаганди.

Эслатиб ўтиш жоиз, Ҳасанбой Дўстматов Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларининг финал босқичига чиққан ҳозирча биринчи ўзбекистонлик боксчи бўлади.

Финал жанги арафасида

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бокс бўйича Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси собиқ мураббийси Уйғун Сиддиқовнинг Тошкентдан Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, шу соатларда ҳамма Ҳасанбой Дўстматов иштирокидаги бу финал жангини интизорлик билан кутмоқда.

“Ҳасанбойнинг имкониятлари жуда катта бугун. Бокс мухлислари, ҳаммамиз унинг жангини ҳозир жудаям хурсандчилик билан кутиб турибмиз. Чунки ўтган 16 йил давомида Олимпиадада ҳали финал иштирокчиси бўлмаган. Бугун мана шу кун келди. Ҳасанбой Дўстматовга омад ёр бўлишини тилаймиз. Шунча жангларидан аъло баҳоларда ўтиб келди. Бугун ҳам ғалаба қозонади, деган умиддаман”, - дейди Тошкентдан Уйғун ака Сиддиқов.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистонни Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларида рекорд сонда: 11 нафар боксчиси барча вазн тоифасида намоён этмоқда.

Шу пайтгача улардан етти нафари Ўйинларнинг чорак финалига чиқишга муваффақ бўлган.

Етти нафар чорак финалчисидан уч нафари ярим финалга йўлланма олган.

Улардан Ҳасанбой Дўстматов финал жангини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритган, Рустам Тўлаганов бронза медали билан кифояланишга мажбур бўлган ва Шаҳрам Ғиёсов Олимпиада чемпионлиги учун курашиш имкониятини сақлаб турибди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Таъкидлаш жоиз, орада кечган вақт давомида Ўзбекистоннинг фақат уч нафар боксчиси Ўйинлардаги иштирокларига совринли ўринларсиз якун ясашган, холос.

Яъни, қолган етти нафар боксчисида ҳали Рио Олимпиадасининг медалларини қўлга киритиш имконияти бор.

Ўзбекистон Ёзги Олимпиада Ўйинларидаги энг кўп медалларини кураш қаторида айнан бокс спорт турида қўлга киритган.

Ўтган олти Ўйинларда боксчилари жаъми 7 та медал олишган.

Шундан биттаси олтин ва олтитаси бронза медаллари бўлади.

Якунида таъкидлаш жоиз, Шаҳрам Ғиёсов ҳам бокс бўйича Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳисобидаги илк кумуш ва ёки яна битта олтин медали келтириш имкониятини сақлаб турибди.

Ўйинларнинг тўққизинчи кунига келиб Ўзбекистон ҳисобидаги медалларнинг сони тўрттага етди.

Ҳисобида 3 та бронза медали бўлган Ўзбекистон Ҳасанбой Дўстматовнинг олтин медали билан медаллар жадвалида 54-ўриндан 19 поғона юқорига сакради ва 35-ўринга кўтарилди.

Агар, Ўйинлар арафасида спортга ихтисослашган қатор интернет нашрлари тарқатган хабарларга таянилса, ўзбекистонлик ғолиб олимпиячи олтин медали учун $200 минг, кумуш медали учун $100 минг ва бронза медали учун $70 минг АҚШ доллари миқдоридаги мукофот пулига умид қила олади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio