Рио 2016: Ўзбекистонлик Олимпиада рекордини янгилади

Руслан Нуриддинов Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Оғир атлетикачи Руслан Нуриддинов Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳисобига иккинчи олтин медални келтириш баробарида Олимпиада рекордини ҳам янгилади.

Руслан Нуриддинов -105 кг вазн тоифасида даст кўтаришда 194 кг, силтаб кўтаришда 237 кг тошни кўтаришга муваффақ бўлди ва Рио Олимпиадаси чемпионига айланди.

Айнан тошни силтаб кўтаришда қайд этган натижаси Руслан Нуриддиновнинг Олимпиада рекордини янгилаши учун кифоя қилди.

Руслан Нуриддинов ғолиблик учун курашда арманистонлик оғир атлетикачи Симон Мартиросян(417 кг) ва қозоғистонлик Александр Зайчиков(416 кг)ларни ортда қолдириб кетди.

Бу - ўзбекистонлик оғир атлетикачилар Ёзги Олимпиада Ўйинларида қўлга киритган биринчи олтин медали бўлади.

Оғир атлетика бўйича -105 кг вазн тоифасидаги спортчиларнинг беллашувлари кеча душанба куни кечқурун бўлиб ўтган ва унда Ўзбекистонни икки олимпиячиси намоён этганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Яъни, Руслан Нуриддинов ва Иван Ефремовлар Рио Ўйинларининг совринли ўринлари учун кураш олиб боришганди.

Жаҳон чемпиони, Бутунжаҳон Универсиадаси ғолиби Руслан Нуриддинов спорт оламида энг номдор оғир атлетикачилардан бири саналади.

Руслан Нуриддинов ўз вазн тоифасида жаҳон чемпионатининг кумуш медали совриндори ва икки карра Осиё чемпионлигини ҳам қўлга киритган спортчи бўлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Худди шу боис ҳам, ўзбекистонлик бу спортчи Рио Олимпиадаси ғолиблигига асосий даъвогарлардан бири сифатида ҳам кўрилаётганди.

Унинг жамоадоши Иван Ефремов эса, умумий ҳисобда 414 кг натижа қайд этиб, юқори бешликка киришга муваффақ бўлди.

Рио Олимпиадаси

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Таъкидлаш керак, Ўзбекистон Риода қўлга киритиб бўлган медалларини сони бўйича шу пайтгача Ёзги Олимпиада Ўйинларида қайд этган натижасини ҳам яхшилаб бўлди.

Ўйинларнинг 11 кунига келиб, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳисобидаги медалларининг сонини олтитага етказиб олди.

Бу медаллардан иккитаси олтин ва тўрттаси бронза бўлади.

Тўрт бронза медалини жамоа ҳисобига икки дзюдочиси: Диёрбек Ўрозбоев, Ришод Собиров, боксчиси Рустам Тўлаганов ва юнон-рум курашчиси Элмурот Тасмуродовлар келтиришган.

Олтин медалларни эса, боксчиси Ҳасанбой Дўстматов ва оғир атлетикачиси Руслан Нуриддиновлар қўлга киритишган.

Бундан ташқари, ўзбекистонлик боксчи Шаҳрам Ғиёсов кеча душанба куни Ўйинларнинг финал босқичига чиқиш билан Олимпия жамоаси ҳисобига камида битта кумуш медалини нақд қилди.

Бошқа бир боксчиси Бектемир Мелиқўзиев эса, ўз вазн тоифасида ярим финалга йўлланма олиш билан Рио Олимпиадасининг камида бронза медалини олиш имкониятини қўлга киритди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Яна қолган тўртта боксчиси Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларининг совринли ўринларига кўтарилиш имкониятини сақлаб туришибди.

Устига устак, ўзбекистонлик эркин курашчилар ҳам ҳалича Ўйинларнинг гиламларига чиқишга улгуришмаган.

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси жорий пайтда ҳисобидаги олтита медали билан Рио Олимпиадаси медаллар жадвалида 27-ўринни эгаллаб турибди.

Руслан Нуриддиновнинг олтин медали жамоага 35-ўриндан 12 поғона юқорилашга имкон берди.

Ўзбекистон Ёзги Олимпиада Ўйинларида қайд этган энг яхши натижа 2004 йил Афинада бўлиб ўтганига тўғри келади.

Жамоа ўшанда Ўйинларнинг 2 та олтин, битта кумуш ва 2 та бронза медалларини қўлга киритишга муваффақ бўлганди.

Медаллар жадвалида ҳисобидаги 76 та медали билан АҚШ илғорлик қилмоқда.

Собиқ Шўро давлатлари орасидан энг яхши натижа ҳануз Россияда: улар 35 та медаллари билан жадвалда тўртинчи ўринни эгаллаб туришибди.

Марказий Осиё давлатлари орасидан эса, Қозоғистон пешқадамлик қилаётир.

Қозоғистон ҳисобидаги 2 та олтин, 3 та кумуш ва 5 та бронза медали билан медаллар жадвалида 15-ўринда бормоқда.

Ўз фикр-мулоҳазаларингизни Би-би-си Ўзбек хизматининг Whatsapp, Telegram ва Viber орқали билдирмоқчи бўлсангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.