Руфат Рисқиев: ‘Тарихда ҳали бунақаси бўлмаган’
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Рио 2016: Ўзбекистон ҳисобида илк кумуш

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Шаҳрам Ғиёсов Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳисобига илк кумуш медалини келтирди:

Шаҳрам -69 кг вазн тоифасида ҳозиргина бўлиб ўтган финал жангида ажойиб бокс намойиш этганига қарамай, қозоғистонлик рақиби Данияр Елеуссиновга кичик ҳисобдаги фарқ билан мағлуб бўлди.

Аммо, бунга қарамай, Шаҳрам Ғиёсов ўз вазн тоифасида Ёзги Олимпиада Ўйинларининг совринли ўринига кўтарилган ўзбекистонлик биринчи боксчи бўлди.

Донгдор Руфат Рисқиевдан кейин Ёзги Олимпиада Ўйинларининг кумуш медалини қўлга киритган иккинчи ўзбек боксчисига айланди.

Финал жангига қадар Шаҳрам амалдаги жаҳон чемпиони марокашлик ва Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларининг совриндори бўлган кубалик рақибларини яққол устунлик билан енгишга муваффақ бўлди.

Рио Ўйинларида намойиш этган бокс санъати билан ўзбекистонлик бу боксчи кўплаб халқаро шарҳловчиларнинг олқишларига ҳам сазовор бўлиб улгурди.

Бунгача Ҳасанбой Дўстматов -45 кг вазн тоифасида Рио Олимпиадаси чемпионига айланган ва Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳисобига илк олтин медални келтирганди.

Бу йилги Ёзги Олимпиада Ўйинларида Ўзбекистонни рекорд сондаги: жаъми 11 нафар боксчиси намоён этган бўлса, улардан яна тўрт нафари - Бектемир Мелиқўзиев, Фазлиддин Ғойибназаров, Муроджон Аҳмадалиев ва Шаҳобиддин Зоировлар ярим финалга кўтарилишган ва жорий пайтда камида бронза медалини ўзларига нақд қилишган.

Яъни, Шаҳрамдан бироз аввал чорак финал жангида рингга кўтарилган Шаҳобиддин Зоиров ўз вазн тоифасида Ўйинларнинг ярим финалига йўлланма олган ўзбекистонлик сўнгги боксчи бўлди.

Таъкидлаш жоиз, Ўйинларнинг финал босқичига чиққан тақдирларида, бу боксчиларда Рио Ёзги Олимпиадасининг кумуш ёки олтин медалларини қўлга киритиш имконияти бор.

Ўзбекистон эса, ҳисобидаги 2 та олтин, битта кумуш ва тўртта бронза медали билан медаллар жадвалида расман 25-ўринга кўтарилди.

Ёзги Олимпиада Ўйинларининг илк совриндори бўлган ўзбек боксчиси Руфат Рисқиевнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, бунақаси Ўзбекистон тарихида ҳалича бўлмаган.

Руфат Рисқиев...

Шаҳобиддин Зоиров Фото муаллифлик ҳуқуқи YURI CORTEZ

Ёзги Олимпиада Ўйинларининг совриндори бўлган илк ўзбек боксчиси Руфат Рисқиев ўзбекистонлик қўлқопдошларининг Риода қайд этаётган оламшумул натижаларига ана шундай баҳо берди.

“Биз бу ерда уларнинг жангларини болалар билан сакраб ўтириб, кўрдик. Бизнинг боксчиларимиз фазога етишди, Гагарин бўлиб кетишди. Ҳали яна финалга чиқиши мумкин бўлган боксчилар бор. Бу тарихда бўлмайдиган нарса. Бу ерда ҳаммамиз оёғимиз ерга тегмай, осмонда юрибмиз”, - дейди ҳаваскор бокс бўйича Монреал Олимпиадаси кумуш медали совриндори Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

Рио Ёзги Олимпиадасида Ўзбекистонни рекорд сонда ва барча вазн тоифасида намоён этаётган боксчилар эса, Ўйинларнинг 12-кунига келиб қўлга киритган медалларининг сони бўйича қолган барча рақибларини ортда қолдиришга муваффақ бўлишган.

Жаъми 11 боксчидан бир нафари аллақачон Рио Олимпиадаси чемпионига айланган, яна бири Ўйинларнинг камида кумуш медалини нақд қилган, бошқаси бронза медали соҳибига айланган ва яна тўрт боксчиси совринли ўринлар учун курашиш имкониятини сақлаб туришибди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Таъкидлаш жоиз, Рио Ёзги Олимпиадасида Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳисобидаги илк олтин медалини ҳам айнан бокс спорт турида қўлга киритган.

-45 кг вазн тоифасида боксчиси Ҳасанбой Дўстматов 16 йил деганда яна Олимпиада чемпионлигини қўлга киритган.

Шу пайтга қадар Ўзбекистон Ёзги Олимпиада Ўйинларида қўлга киритган медаллар айнан бокс ва кураш спорт турлари ҳиссасига тўғри келган.

Аммо, таъкидлаш керак, Ўзбекистон ўтган олти Ёзги Олимпиадада бокс бўйича жаъми 7 та медал олган бўлса, Риода бир Ўйинларнинг ўзида олган ва аллақачон нақд қилган медалларининг сони олтитага етган.

Ўзбекистонлик номдор суҳбатдошимиз Руфат ака Рисқиевнинг айтишича, ўзбек боксчиларининг Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларига олган йўлланмаларининг сони ва аллақачон у ерда қайд этиб улгурган натижалари назарда тутилганда ҳам, Ўзбекистон тарихида бунақаси бўлмаган.

“Совринли ўринлар учун курашаётган қолган боксчиларга ҳам омад ёр бўлсин. Ўзбекистонлик боксчилар бутун жаҳонни лол қолдириб, ҳаммаси чемпион бўлишса, ажаб эмас, зўр бўларди...Шунақа бўлиши ҳам мумкин, ажаб эмас...”.

“Бутун жаҳон қаердаю, бизнинг Ўзбекистон қаерда...11 боксчидан тўртта-бештаси чемпиони бўлса...Жуда зўр бўларди-да...Жуда хурсанд бўлардим. Аммо шундоқ ҳам улар шу пайтгача эришган ютуқлар шов-шув бўлиб кетган...”, - дейди Руфат ака Рисқиев.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, Шаҳрам Ғиёсов -69 кг вазн тоифасида Рио Олимпиадаси чемпионлиги учун финал жангини бугун – 17 август куни қозоғистонлик рақиби Данияр Елеуссиновга қарши ўтказади.

Ҳал қилувчи бу жанг британ вақти билан кеч соат 20:30, Тошкент вақти билан тунги 24:30 да бошланади.

Шаҳрамдан бир соат аввал рингга кўтарилувчи ўзбекистонлик яна бир боксчи Шаҳобиддин Зоиров эса, Ўйинларнинг ярим финалига чиқиш учун -52 вазн тоифасида озарбайжонлик боксчи Элвин Мамишзода билан жанг олиб боради.

Шу пайтга қадар Бектемир Мелиқўзиев, Фазлиддин Ғойибназаров ва Муроджон Аҳмадалиевлар финалга йўлланма учун жанг олиб бориш ҳуқуқини қўлга киритишган. Аммо аллақачон Ўйинларнинг бронза медалини ўзлари учун нақд қилишган.

Ҳар икки жанг натижасини билиш учун бизни кузатиб боришни унутманг.

  • Ўз фикр-мулоҳазаларингизни Би-би-си Ўзбек хизматининг Whatsapp, Telegram ва Viber орқали билдирмоқчи бўлсангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.