Иззат бронза медалидан мосуво этилди

Иззат Ортиқов Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Қирғизистонлик оғир атлетикачи Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларидан ҳам четлатилди.

Расмий хабарларга кўра, бунга қирғиз штангачиси намуналаридан топилган допинг воситаси сабаб бўлган.

Иззат Ортиқов Ўйинларнинг бешинчи кунида -69 кг вазн тоифасида бронза медалини қўлга киритган.

Бу - Қирғизистон Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларида киритган биринчи ва ҳозирча сўнгги медаль бўлганди.

Сўнгги янгилик ҳақида Халқаро Спорт Арбитраж маҳкамаси расман хабар берган.

Уларнинг билдиришномасида айтилишича, қирғизистонлик бронза медали совриндорининг намуналаридан стрихнин препаратининг қолдиқлари топилган.

Стрихнин кучли заҳар саналса-да, муайян дозада қабул қилинса, мушак фаолиятини яхшиловчи ўта самарали допинг воситаси сифатида кўрилади.

Бундан ташқари, бу тақиқланган препарат спортчи организми чидамлилик даражасини ҳам оширади.

Стрихнин халқаро спортга жуда узоқ вақтдан таниш допинг воситаларидан бири саналади ва ўз вақтида спортчилар, айниқса, велосипедчилар орасида кенг қўлланган препаратлардан бири бўлгани айтилади.

Билдиришнома

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Расмий хабарлардан маълум бўлишича, намуналаридан стрихнин топилгани боис, Иззат Ортиқов бронза медалидан мосуво этилади.

Ўйинлардан четлатилади ва -69 кг вазн тоифасида оғир атлетикачилар баҳсларидан дисквалификация қилинади.

Унинг аккредитацияси ҳам олиб қўйилади.

Иззат Ортиқовнинг ўзи эса, 12 август куни Қирғизистонга қайтган ва Бишкек аэропортида катта тантаналар билан кутиб олинганди.

Расмий хабарлардан аён бўлишича, бу санкцияларнинг ижроси учун масъулият якунида Халқаро Оғир атлетика федерацияси зиммасига юклатилади.

-69 кг вазн тоифасида оғир атлетикачиларнинг рейтингини қайта кўриб чиқиш ва бронза медали тақдирини ҳал қилиш вазифаси билан федерациядан ташқари Халқаро Олимпия Қўмитаси ҳам шуғулланади.

Катта эҳтимол билан бронза медали Иззат Ортиқовдан олиниб, ундан бор-йўғи 1 кг кам натижа қайд этган колумбиялик Луис Хавьер Москерега берилади.

Қирғизистонни Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларида жаъми 19 спортчиси намоён этмоқда.

Натижа

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Аммо Ўйинларнинг 13-кунига келиб ҳам, Қирғизистоннинг Иззат Ортиқовдан бошқа бирор бир спортчиси Рио Олимпиадасининг совринли ўринларига кўтарилишга муваффақ бўлишмаган.

Марказий Осиё давлатлари орасидан Қозоғистон ва Ўзбекистон энг яхши натижа қайд этган иккита давлат бўлиб ўтиришибди.

Қозоғистон шу пайтгача Ўйинларнинг 12 та, Ўзбекистон эса, 7 та медалини қўлга киритишга муваффақ бўлишган.

Аммо ўзбекистонлик тўрт нафар боксчи Рио Ёзги Олимпиадасининг камида тўртта бронза медалини нақд қилишган. Эркин курашчилари ҳам ҳалича ўз беллашувларини бошлашмаган.

Тожикистонлик спортчилар ҳозирча Ўйинларнинг бирор бир медалини қўлга киритишга муваффақ бўлишмаган.

Туркманистон Рио Ёзги Олимпиадасидаги иштирокини аллақачон бирор бир совринли ўринларсиз якунлаб бўлган.

Иззат Ортиқов эса, допинг машмашаси сабаб, Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларидан четлатилган биринчи марказий осиёлик спортчи бўлган.

Аммо, расмий хабарлардан маълум бўлишича, қирғизистонлик оғир атлетикачи маҳкама қароридан шикоят аризаси билан чиқиш ҳуқуқини сақлаб турибди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.