Иззат Ортиқов: ‘Шокдаман...’

Иззат Ортиқов Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Иззат Ортиқов -69 кг вазн тоифасида Ўйинларнинг совринли учинчи ўрнига кўтарилган, Қирғизистон ҳисобидаги биринчи ва ҳозирча ягона медалини келтирганди.

"Бу каби хабарни эшитиб, шокка тушдим. Ҳозир ҳеч нарса дея олмайман. Мураббийлар билан бирга кенгашиб кўрамиз. Мен маън этилган ҳеч нарса қабул қилган эмасман", - деб айтган оғир атлетикачи Би-би-си Қирғиз Хизмати билан суҳбатида.

Халқаро Спорт Арбитраж маҳкамасининг баён қилишича эса, Иззат Ортиқовнинг намуналаридан стрихнин допинг препарати қолдиқлари топилган.

Маҳкама, худди шу омилни назарда тутиб, қирғизистонлик оғир атлетикачини бронза медалидан маҳрум қилиш, Ўйинлардан четлатиш, -69 кг вазн тоифасидаги беллашувлардан дисквалифация қилиш ва аккредитациясини ҳам бекор қилишга қарор қилганини маълум қилганди.

Аммо Иззат Ортиқовнинг ўзи 12 август куни Қирғизистонга қайтган ва Бишкек халқаро аэропортида катта тантаналар билан кутиб олинганди.

Масъуллар муносабати

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

18 август кунги хабарга муносабат билдираркан, Қирғизистон Оғир атлетика федерацияси вице-президенти Уланбек Молдодосов ҳам 24.kg ахборот агентлигига "бундан шокда экани"ни айтган.

Федерациянинг ўзи эса, Халқаро Спорт Арбитраж маҳкамасининг мазкур қарори юзасидан шикоят аризаси тайёрлашаётганини маълум қилган.

Аён бўлишича, Қирғизистон Оғир атлетика федерацияси, бундан ташқари, халқаро Аксилдопинг ташкилотига ҳам мурожаат қилмоқчи, Иззат Ортиқовдан такроран намуна олиб, қайта текширишларини сўрамоқчи.

Бу ҳақда Қирғизистоннинг Ёшлар, жисмоний тарбия ва спорт давлат агентлиги матбуот хизмати расман билдирган.

Агентлик раҳбари Канат Аманкулов эса, Қирғизистон Миллий Олимпия қўмитаси билан ҳамкорликда бу масаланинг тагига етиш учун махсус ҳайъат тайин этилишини ҳам билдирган.

Унга кўра, ҳар икки ташкилот назарда тутилганда ҳам, бунга ҳақлари бор.

Ҳануз Рио-де-Жанейрода экани боис, Би-би-сининг сўнгги хабар юзасидан изоҳ сўраб, Қирғизистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти шахсан ўзи билан боғланиш уринишлари эса, ҳозирча ўз самарасини бергани йўқ.

Акс-садо

Қирғизистон Олимпия терма жамоаси ҳисобидаги ягона медалнинг олиб қўйилишига оид янгилик ўтган бир кеча-кундуз давомида турли ижтимоий-мулоқот тармоқларида ҳам қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлган.

Қирғизистонлик интернет фойдаланувчиларидан бири, "Агар рост бўлса, бу -уят", - дея ўз таажжублари, бошқаси эса, "Ҳисобимиздаги ягона бронза медалини олиб қўйишди", - деганча ўз афсус-надоматларини изҳор этган.

Улардан бир гуруҳи Иззат Ортиқовнинг "тоза"лигига ишонишларини айтиб, "У - бизнинг чемпион", - дея таъкидлашган.

"Ҳозир ичида турли кимёвий моддалар бўлган озиқ-овқатлар тиқилиб ётибди. Ҳатто, айрим меваларда ҳам стрихнин бўлиши мумкин. Шундай экан, исбот-далиллари бормикан ўзи?", - дегувчилари ҳам озмунча бўлмаган.

Стрихнин

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Айрим соҳа мутахассислари эса, стрихнин баъзи бир юқори қувватли газланган ичимликлар таркибида бўлиши эҳтимолини ҳам назардан соқит этишмаган.

Стрихнин кучли заҳар саналса-да, муайян дозада қабул қилинса, мушак фаолиятини яхшиловчи ўта самарали допинг воситаси сифатида кўрилади.

Бундан ташқари, бу тақиқланган препарат спортчи организми чидамлилик даражасини ҳам оширади.

Стрихнин халқаро спортга жуда узоқ вақтдан таниш допинг воситаларидан бири саналади ва ўз вақтида спортчилар, айниқса, велосипедчилар орасида кенг қўлланган препаратлардан бири бўлгани айтилади.

Иззат Ортиқов эса, допинг машмашаси сабаб, Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларидан четлатилган биринчи марказий осиёлик спортчи бўлган.

Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев Рио Ўйинларининг бронза медали соҳибига 52.000 АҚШ доллари миқдорида мукофот пули, квартира ва машина ваъда қилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.