Ҳасанбой профессионал боксга ўтадими?

Ҳасанбой Дўстматов Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

espn.com интернет нашрининг хабар беришича, ўзбекистонлик Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларининг чемпиони Ҳасанбой Дўстматов Жанубий африкалик промоутер Родней Берманнинг "Golden Gloves" клуби билан шартнома имзолаган.

Аммо, бу интернет нашрининг ёзишича, икки ўртада жума куни имзоланган шартнома шартлари очиқланмаган.

Худди шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоиз, ҳозирча бу хабарлар Ўзбекистондан расман тасдиқланмаган.

Ўзбекистонда расман дам олиш куни экани боис, Би-би-си Ўзбек Хизматининг бу йўлдаги уринишлари ҳалича ўз самарасини бергани йўқ.

Лекин "Golden Gloves" промоутерлик клуби ҳам ўзининг расмий веб саҳифасида бу ҳақда хабар берган.

19 август кунги сана остида чоп этилган хабарини "Golden Gloves" Олимпиада чемпионини қўлга киритди", - деб номлаган.

Таъкидлаш керак, бу хабарда ҳам шартнома имзоланганидан ортиқ тафсилотлар берилмаган.

"Ўзбек боксчиси Ўйинлар давомида шу қадар устун эдики, у Ёзги Олимпиаданинг ҳар томонлама энг зўр боксчисига берилувчи Вэл Баркер Кубогига номзодлар қаторида", - деб ёзилади бу хабарда.

Агар, расмий веб саҳифасида келтирилган маълумотларга таянилса, унга 1977 йилда асос солинган.

"Golden Gloves" орада кечган вақт давомида аксарияти Жанубий африкалик бўлган 50 дан ортиқ жаҳон чемпионларини етиштирган. 2000 дан ортиқ жангга промоутерлик қилган.

Ҳасанбой Дўстматов ва Рио

23 ёшли Ҳасанбой Дўстматов ўтган якшанба куни -49 кг вазн тоифасида Ўйинларнинг финал жангида колумбиялик боксчи Юберхен Мартинез Ривасни мутлақ устунлик билан, очколар ҳисобига мағлуб этган.

Ўз вазн тоифасида Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларининг чемпионига айланган ва Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳисобига илк олтин медалини келтирганди.

Андижон бокс мактаби вакили бўлган Ҳасанбой Дўстматов Муҳаммадқодир Абдуллаевдан кейин Ўзбекистон тарихидаги иккинчи Ёзги Олимпиада Ўйинлари чемпионига айланди.

Муҳаммадқодир Абдуллаев 2000 йилги Сидней Ёзги Олимпиада Ўйинларининг олтин медали совриндори саналади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Яъни, ўтган 16 йил бадалида бирор бир ўзбекистонлик боксчига Ёзги Олимпиада Ўйинларининг финал босқичига кўтарилиш насиб этмаганди.

Эслатиб ўтиш жоиз, Ҳасанбой Дўстматов Рио Ёзги Олимпиадасининг финалига йўлланма олган биринчи ўзбекистонлик боксчи ҳам бўлганди.

Ҳаваскор боксдаги карьерасида Риодагаси Ҳасанбой Дўстматов учун биринчи Ёзги Олимпиада Ўйинлари бўлган.

Лекин, бунга қарамай, у барча жангларида рақиблари устидан мутлақ устунлик билан ғалаба қозонишга муваффақ бўлган.

Чемпионлик сари жангида америкалик, кубалик боксчиларни мағлуб этишнинг уддасидан чиққанди.

Хабар ва тафсилотлар

Агар, Родней Берманнинг бу интернет нашрида келтирилган сўзларига таянилса, Ҳасанбой Дўстматовнинг профессионал рингдаги Жанубий Африкада бўлиб ўтажак илк дебьют жанги шу йилнинг декабр ойига режаланган.

Мазкур хабар тафсилотларидан маълум бўлишича, "Келаси 2017 йилда ҳам ўзбекистонлик бу боксчи иштирокида яна камида 3 та жанг уюштириш кўзда тутилган".

"Ўтмишда қозоқ боксчилари билан ишлаб кўрганмиз, шу боис ҳам бу биз учун мутлақ янгилик эмас", - деб айтган Родней Берман.

Унинг қўшимча қилишича, Ҳасанбой Дўстматовнинг бўлажак жангларига қачон ва қаерда ҳозирлик кўриши юзасидан ҳалича бир тўхтамга келинмаган. Ва бу масала ҳали ишлаб чиқилиши керак.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, агар бу хабарлар расман ўз тасдиғини топса, бу - Ҳасанбой Дўстматовнинг ҳаваскор рингни буткул тарк этишини англатмайди.

Қарор

Яъни, Халқаро Ҳаваскор Боксчилар уюшмаси - AIBA шу йил июн ойида ўз тартиб-қоидаларини ўзгартирган ва илк бор профессионал боксчиларнинг Ёзги Олимпиада Ўйинларида иштирок этишларига рухсат берганди.

Халқаро Бокс Уюшмаси президенти Дэрил Пиплзнинг баён қилишича, "фаолиятларининг асосий мақсадларидан бири - боксчиларнинг саломатликларини тарғиб этиш бўлгани учун ҳам бу каби мавқеъни тутишлари ўзлари учун муҳим бўлган".

Аммо халқаро уюшма Ўйинларга йўлланмани қўлга киритиши учун профессионал боксчиларнинг ёшини 40 билан чеклаган.

Уларнинг саралаш босқич беллашувларидан ўтишларини ҳам шарт қилиб қўйганди.

Айни ўринда таъкидлаш жоиз, бу қарор профессионал боксдаги барча томонидан ҳам хуш қарши олинмаган.

Жумладан, Халқаро Бокс Уюшмаси(IBA) профессионал боксчилар бу йилги Ёзги Олимпиада Ўйинларида беллашгудек бўлишса, ўз чемпионлик камарларидан мосуво бўлишлари билан ҳам огоҳлантирганди.

Халқаро Уюшманинг даъво қилишича, профессионал боксчиларнинг ҳаваскорлари билан юзма-юз келишининг саломатлик учун хатари бор.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, ҳаваскор боксдаги ёрқин карьераларини якунлаган Артур Григорян ва Руслан Чагаев каби ўзбекистонлик боксчилар профессионал рингда ўз фаолиятларини давом этдиришган, орада ўз тасниф ва вазн тоифаларида бир неча бор жаҳон чемпионлигини ҳам қўлга киритишган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio