Рио 2016: Ўзбекистон ҳисобида тўртинчи олтин

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўйинларнинг якуний кунида сўнгги финал жанги учун рингга чиққан ўзбекистонлик бешинчи финалчи боксчи Фазлиддин Ғойибназаров -64 кг вазн тоифасида Ўйинларнинг олтин медалини қўлга киритиб, Рио Олимпиадаси чемпионига айланган ўзбекистонлик учинчи боксчи бўлди.

Фазлиддин 21 август куни бўлиб ўтган финал жангида асли кубалик, аммо Риода Озарбайжонни намоён этаётган боксчи Лоренсо Сотомайорни очколар ҳисобига мағлуб этди.

Бунгача Ҳасанбой Дўстматов Рио Олимпиадаси чемпионига айланган, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳисобидаги илк олтин медалини келтиришга муваффақ бўлганди.

Бироз аввал бўлиб ўтган яна бир финал жангида эса, Шаҳобиддин Зоиров -52 кг вазн тоифасида Ўйинларнинг олтин медалини қўлга киритиб, Рио Олимпиадаси чемпионига айланган ўзбекистонлик иккинчи боксчига айланганди.

Шаҳобиддин Зоиров Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Шаҳобиддин ўзининг финал жангида россиялик рақиби Миша Алоянни очколар ҳисобига мутлақ устунлик билан мағлуб этди.

Ҳам Фазлиддин Ғойибназаров ва ҳам Шаҳобиддин Зоиров ўз вазн тоифаларида Ёзги Олимпиада Ўйинларининг совриндори бўлган биринчи ўзбекистонлик боксчилар сифатида ҳам тарихга кирадиган бўлишди.

Беш финалчи боксчисидан Шаҳрам Ғиёсов ва Бектемир Мелиқўзиевлар Ўйинларнинг кумуш медалларини қўлга киритишди.

Қолган икки ярим финалчиси бўлган Рустам Тўлаганов ва Муроджон Аҳмадалиев Рио Ёзги Олимпиадасининг бронза медалларини олишди.

Риода қайд этган оламшумул ютуқлари ортидан, Ўзбекистон боксчилари ҳисобларидаги 3 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза - жаъми 7 та медал билан медаллар жадвали пешқадамига айланишди.

Бу борада шу пайтгача бокс бўйича Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларининг 3 та олтин ва 3 та бронза медалини қўлга киритишга муваффақ бўлган кимсан Кубани ҳам ортда қолдиришди.

Ўзбекистон ҳисобидаги 3 та олтини дохил жаъми 13 та медали билан умумий медаллар жадвалида ҳам 21-ўринга кўтарилди ва ҳозирча қолган барча Марказий Осиё давлатлари орасидан энг илғор мавқеъни эгаллади.

Артур Григорян: "Ўзбек боксчилари ютуғидан лолман"

Ҳасанбой Дўстматов Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистонлик 'бокс қироли' ўзбек боксчиларининг Рио Ёзги Олимпиадасида қайд этаётган тарихий натижаларига худди ана шундай баҳо берди.

Эслатиб ўтиш жоиз, Рио Ёзги Олимпиадасида ўзбекистонлик боксчилар аллақачон рекорд натижа қайд этишган.

Дастлаб Рио Ёзги Олимпиадасига рекорд сонда - жаъми 11 та йўлланма олишган.

5 август куни старт олган бу йилги Ўйинларда Ўзбекистонни барча вазн тоифасида намоён этишган.

Ўтказган жанглари ортидан жаъми етти нафар боксчиси Ўйинларнинг ярим финалига кўтарилган.

Улардан бештаси финалда жанг олиб бориш - Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларининг чемпионлиги учун курашиш ҳуқуқини қўлга киритишган.

Алоҳида таъкидлаш керак, бу йил Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Риода қўлга киритган медалларнинг сони энг кўп айнан бокс спорт тури ҳисобига тўғри келди.

Бунақаси Ўзбекистон Ёзги Олимпиада Ўйинлари тарихида бўлмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Би-би-си Ўзбек Хизмати ўзбекистонлик сўнгги икки финалчи боксчининг Ўйинлар якуний кунига режаланган жанглари арафасида Германиядан "бокс қироли" Артур Григорян билан боғланиб, энг аввало ўзбек боксчилари Риода аллақачон қайд этишга улгурган оламшумул ютуқларига муносабатини сўради:

Артур Григорян: Мен энг аввало ўз мамлакатим - Ўзбекистон учун ниҳоятда хурсандман. Чунки мен Ўзбекистон фуқароси бўлганман, Ўзбекистон фуқароси бўламан ва Ўзбекистон фуқароси бўлиб қолавераман. Худди шу боис ҳам, Ўзбекистоннинг Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларида бокс бўйича қўлга киритган ютуқларидан қувончимнинг чеки йўқ. Агар, ўзим ҳаваскор рингда бокс тушиб юрган 80-йиллар охири, 90-йиллар бошлари мисолида айтадиган бўлсам, кимдир ўзбекистонлик шунча боксчи Ёзги Олимпиада Ўйинларининг ярим финалига, яна мунчаси финалига чиқди, камида биттаси аллақачон чемпиони ҳам бўлди, деса, бу гапга ҳеч ким ишонмасди. Худди ақл бовар қилмас воқеълик, мўъжизага ўхшаб туюлиши мумкин. Аммо бунга сиз ҳам, мен ҳам ҳақиқий ҳаётда, телевизор экранлари орқали гувоҳ бўлиб турибмиз. Мана, ўзим ҳам боксчиман, улар Риода эришган ютуқлардан лолман. Худо хоҳлаб, бундан буёғига ҳам Риода Ўзбекистоннинг байроғи янада кўпроқ кўтарилаверсин, мадҳияси ҳам янграйверсин. Мен бундан фақат мамнун бўламан ва ғурурланаман.

Би-би-си: Боксчилари Рио рингларида қайд этаётган ютуқлар манзарасида халқаро спорт шарҳловчилари Ўзбекистонни Кубага қиёслаш даражасига боришмоқда. Уларнинг бу каби баҳоларига нима дейсиз? Бундан қанчалик мамнунсиз?

Артур Григорян: Менимча, энди Ўзбекистонни Кубага эмас, Кубани Ўзбекистонга қиёслаш керак. Ўзбекистон ҳозир бокс бўйича жаҳонни тан олдириш даражасига етди. Яъни, шундайин тан олдирдики, буёғига ҳар бир спортчи ва ҳар бир боксчи Ўзбекистоннинг номини яхши таниб оладиган бўлди. Авваллари бўлганидек, "Ҳа, Ўзбекистон, Марказий Осиёда жойлашган, собиқ Шўро давлати бўлган,..", -дея тушунтириб ўтиришингизга ҳожат қолмайдиган бўлди. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳам ҳеч бир нарса давлатни дунёга спортчалик танитмайди, деб бекорга айтмаган. Чунки айнан байроғингиз кўтарилиб, мадҳиянгизнинг янграши спортчилар ёрдамида давлатингизни бутун дунёга намоён этади. Ҳозир Ўзбекистондаги байрамона кайфиятдан мен ҳам ниҳоятда хурсандман. Мана, ҳозир сиз билан суҳбатлашиб турган пайтимизда ёнгинамдан кутилмаганда ўтиб кетаётган тўй кортежи ҳам, ишонингки, бунга бир далолат каби гўё...

Би-би-си: Мана, бугун - Ўйинларнинг якуний кунида ўзбекистонлик икки боксчи ўзларининг финал жангларини ўтказишади, Рио Ёзги Олимпиада Ўйинлари чемпионлиги учун кураш олиб боришади. Ҳам ҳаваскор бокс ва ҳам профессионал боксда ўзбекистонлик "бокс қироли" бўлган боксчи сифатида Шаҳобиддин Зоиров ва Фазлиддин Ғойибназаровларга тилакларингиз Артур ака?...

Артур Григорян: Ўзим ҳам боксчи эмасманми, менга ғалаба, Олимпиада нима экани жуда яхши маълум. Ўзим ҳам 1992 йилги Барселона Ёзги Олимпиада Ўйинларида иштирок этганман. Аммо совринли ўринларига кўтарила олмаганман. Шу боис ҳам, Ёзги Олимпиада Ўйинлари ва медаллари боксчи учун нимани англатишини жуда яхши биламан. Муҳаммадқодир Абдуллаев бизнинг илк Олимпиада чемпионимиз бўлган. Тилагим, унинг изидан бориб, Олимпиада чемпиони бўлган боксчиларнинг сони кўпаяверсин. Финал жангини ўтказажак қолган икки укам, икки дўстимга эса, энг аввало саломатлик ва жанговар кайфият тилайман. Жангларига жиддий ёндашишсин, жуда эътиборли бўлишсин, энг муҳими, ҳар икковлонга ҳам ғалаба ёр бўлсин. Уларга Ўйинларнинг олтин медаллари насиб этсин, Ўзбекистон давлат мадҳияси Рио-де-Жанейрода икки бор янграсин. Ўзим ҳам улар учун дуода бўлиб қоламан.

"Бокс қироли"нинг ўзи ҳақида:

Артур Григорян профессионал боксда енгил вазн тоифасининг барча асосий версиялари бўйича бир неча карра жаҳон чемпиони, СССР да хизмат кўрсатган спорт мастери.

1991 йилги жаҳон чемпионатининг кумуш медали совриндори, 1990 йилги Яхши Ният Ўйинлари ғолиби.

"Қирол Артур" лақабини олган ўзбекистонлик бокс юлдузи ҳаваскор боксда ҳам 400 га яқин учрашув ўтказган бўлса, уларнинг деярли барчасида ғолиб чиққан.

1994 йилда ҳаваскор боксдаги фаолияти якун топиши ортидан Артур Клаус-Петер Кол бошчилигидаги Олмониянинг Universum Box Promotion жамоасига ўтади.

Артур Григорян шундан сўнг орада кечган 8 йил давомида 19 марта чемпионлик шарафини ҳимоя қилиш учун рингга тушади ва уларнинг деярли барчасида бирдек ғолиблик нашъасини татийди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Қисқача тафсилот ўрнида

Ўзбекистонлик бу икки финалчи боксчидан Шаҳобиддин Зойиров биринчи бўлиб рингга кўтарилади.

Шаҳобиддин -52 кг вазн тоифасида Рио Олимпиадаси чемпионлиги учун россиялик боксчи Миша Алоянга қарши жанг олиб боради.

Икки рақиб боксчи ўртасидаги жанг британ вақти билан кеч соат 18:15, Тошкент вақти билан 22:15 да бошланади.

Финал жанги натижаси қандай бўлишидан қатъиназар, Шаҳобиддин ўз вазн тоифасида Ёзги Олимпиада Ўйинларининг совринли ўринларига кўтарилган биринчи ўзбекистонлик боксчи бўлади.

Фазлиддин Ғойибназаров эса, -64 кг вазн тоифасида Рио Олимпиадаси чемпионлиги учун курашини британ вақти билан кеч соат 19:00, Тошкент вақти билан тунги соат 23:00 да бошлайди.

Фазлиддин Ўйинларнинг якуний финал жангида асли кубалик, аммо Риода Озарбайжонни намоён этаётган боксчи Лоренсо Сотомайорга қарши жанг ўтказади.

Таъкидлаш жоиз, бу финал жанги ҳам қандай якун топишидан қатъиназар, Фазлиддин ўз вазн тоифасида Ёзги Олимпиада Ўйинларининг совринли ўринларига кўтарилган ўзбекистонлик биринчи боксчи бўлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўйинларнинг 16-кунига келиб, Ўзбекистон ҳисобидаги 2 та олтин, 2 та кумуш ва 5 та бронза медали билан медаллар жадвалида 32-ўринда бормоқда.

Бу медалларни Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳисобига дзюдочилари Диёрбек Ўрозбоев, Ришод Собиров, боксчилари Ҳасанбой Дўстматов, Шаҳрам Ғиёсов, Бектемир Мелиқўзиев, Рустам Тўлаганов, Муроджон Аҳмадалиев, юнон-рум курашчиси Элмурот Тасмуродов ва оғир атлетикачиси Руслан Нуриддиновлар келтиришган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio