Муҳаммадқодир Абдуллаев: ‘Йиғламаган одам қолмади’
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Муҳаммадқодир Абдуллаев: ‘Йиғламаган одам қолмади’

Ўзбекистондан Ёзги Олимпиада Ўйинларининг илк чемпиони айтишича, сўнгги икки ғолиб боксчисининг хурсандчилигига ҳам шерик бўлмаган одам қолмаган.

“Шаҳобиддин Зоировнинг жангидан кейин шунақа хурсанд бўлиб кетдик. Унинг орқасидан Фазлиддин Ғойибназаров ҳам яна битта олтин медаль келтирувди, буёғи байрам бўлиб кетди. Ўзиниям кўрсангиз, ўзиям бақираяпти. Унинг бақираётганини кўриб, бизнинг кўзларимиз ҳам ёшланиб кетди. Менимча, буни кўриб, кўзидан ёш оқмаган одам қолмаган бўлса керак”, - дейди Сидней Олимпиадаси чемпиони Муҳаммадқодир Абдуллаев.

“Финал жангларини отам, оилам билан бирга кўрдим. Ўзимнинг турмуш ўртоғим унча боксга қизиқмасди, ундай кўрмасди. Лекин бу финал жангида ўтирволиб, шунақа бақираяпти. Кўзларида ёш...Бақираяпти, “Сол, сол”, - деб. Шунақа бир байрам бўлиб кетди уйимизда”.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Рио Ёзги Олимпиадасининг жаъми беш нафар ўзбекистонлик финалчисидан сўнгги иккиси бўлган Шаҳобиддин Зоиров ва Фазлиддин Ғойибназаров 21 август – Ўйинларнинг якуний кунида рингга кўтарилишган.

Шаҳобиддин Зоиров россиялик рақиби Михаил Алоян, унинг кетидан Фазлиддин Ғойибназаров Риода Озарбайжонни намоён этган асли кубалик боксчи Лоренсо Сотомайорни мағлуб этиб, Рио Олимпиадасининг навбатдаги чемпионларига айланишган, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳисобидаги олтин медалларнинг сонини тўрттага етказишганди.

Ҳасанбой Дўстматов эса, Риода Ўзбекистонни рекорд сонда намоён этган 11 боксчи орасидан биринчи бўлиб бу каби ютуққа эришган, устига устак, Ўзбекистон ҳисобидаги илк олтин медални ҳам келтирганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Alex Livesey

Яна тўрт нафар ўзбекистонлик боксчи эса, Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларининг кумуш ва бронза медалларини қўлга киритишган, бунақаси эса, Ўзбекистон тарихида умуман бўлмаган.

Ўзбекистонлик боксчилар Рио рингларида эришган ютуқлари билан ўзлари учун яна бир рекорд натижа қайд этишган, қўлга киритган медалларининг сони бўйича Куба дохил қолган барча иштирокчи давлатларни ортда қолдириб, медаллар жадвалида биринчи ўринни эгаллашган.

“Бу каби натижа тарихимизда бўлмаган. Нима дейди, бутун Олимпиадада битта биринчи ўринни олишингиз шунча катта ютуқ бўлади, жамоа бўлиб ҳам биринчи ўринни олиш...таърифга, гапиришга тил ожиз...”, - дейди чемпион суҳбатдошимиз.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio