Тошкентдаги фазо: ‘Гўёки бу бир байрам эди...’
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Тошкентдаги фазо: ‘Гўёки бу бир байрам эди...’

Тошкентдан журналист суҳбатдошимизнинг айтишича, ўз тарихида рекорд натижа қайд этган Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси пойтахт Тошкентда худди ана шундай қарши олинган.

“Тошкент халқаро аэропортида спортчиларимизни минглаб мухлислар қарши олишди. Сонлари минглаб эди, уларнинг саноғига етиб бўлмасди. Тасавввур қилаяпсизми, одамлар уларни кутиб олгани вилоятлардан келишди. Спортчиларни аэропортда қарши олиш учун мухлислар, ҳатто, атайдан Қорақалпоғистон Республикасидан ташриф буюришди”, - дейди ‘News Arena’ спорт нашри масъул котиби Аҳмаджон Эшматов.

“Ҳамманинг кайфияти жудаям, жудаям чоғ. Ҳаммаёқда хурсандчилик...Бу – гўёки, бир байрам эди, ажойиб бир байрам эди”.

XXXI Рио Ёзги Олимпиадасида 4 та олтини дохил жаъми 13 та медал қўлга киритиб, қолган барча Марказий Осиё давлатларини ортда қолдириб кетган, Ўйинларда Россия билан бирга иккита энг яхши натижа қайд этган собиқ Шўро Республикасидан биттаси бўлган Ўзбекистон олимпиячилари кеча душанба – 23 август куни пойтахт Тошкентга қайтишганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўзбекистон боксчилари эса, ҳисобларидаги 3 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медаллари билан илк бор умумжамоа ҳисобида қолган барча Рио Ёзги Олимпиада Ўйинлари иштирокчиларини ортда қолдиришган.

Тарихда биринчи маротаба Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳисобига олтинлари дохил энг кўп медалларни келтирган спортчилар бўлишганди.

Тошкентдан олинган хабарларга кўра, ўзбекистонлик рекордчи олимпиячиларини қарши олиш учун Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти Мираброр Усмонов, Ўзбекистон Спорт курашлари ассоциацияси раиси Салим Абдувалиев, жамоатчилик арбоблари ва фахрийлар ҳам чиқишган.

Эслатиб ўтиш жоиз, ўзбекистонлик олимпиячиларни Риога кузатиш учун уюштирилган тантанали расмий маросимга ҳам мамлакат Бош вазири Шавкат Мирзиёев бошчилик қилганди.

Бошқа томондан, таъкидлаш керак, ўзбекистонлик курашчилар ўтган Ёзги Олимпиада Ўйинларидан фарқли тарзда Риода фақат иккита бронза медали билан кифояланишга мажбур бўлишган.

Кураш бокс қаторида Ўзбекистон Ёзги Олимпиада Ўйинлари тарихида энг кўп медаль қўлга киритган иккита спорт туридан биттаси бўлади.

Ўзбекистонлик курашчилар шу пайтгача Ўйинларнинг 4 та олтини дохил жаъми 8 та медалини олишга муваффақ бўлишган.

Ўша соатда интернетда имконли бўлган видеотасвирлар ва фотосуратларда эса, карнай-сурнайлар, унинг куйига рақс тушаётган одамлар, ғолиб олимпиячиларнинг акслари туширилган плакатлар, Ўзбекистон давлат байроқларини кўтариб олган кексаю ёш кўзга ташланарди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўзбекистон Олимпия терма жамоасини кутиб олиш жараёнини ёритиш учун ўзи ҳам Тошкент халқаро аэропортига чиққан журналист суҳбатдошимизнинг айтишича, бутунбошли тантаналар бир неча соатга чўзилган.

“Албатта, спортчилар ҳам ўзларида йўқ хурсанд эди. Керак бўлса, ҳаяжонлангандан гапларини тополмай қолишди. Чунки бундай кутиб олишни, бундай эътиборни, мухлисларнинг бундай ҳайқириқларини улар тасаввурларига ҳам сиғдира олмаган бўлишса керак, менимча. Шунинг учун, улар жуда ҳам қаттиқ ҳаяжонланишди”, - дейди суҳбатдошимиз.

Тошкент халқаро аэропортидаги тантанали кутиб олиш маросими ортидан, ўзбекистонлик олимпиячилар тушган усти очиқ икки қаватли автобусларни пойтахт аҳолиси кўчаларда қандайин хурсандчилик билан қарши олгани акс этган видеотавсирлар эса, тонггача турли ижтимоий мулоқот тармоқларида қўлма-қўл бўлиб кетди.

Бу видеотасвирларда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси биносига қараб йўл солган “Tashkent City Tour” автобусларида тикка турганча, қўлларида Ўзбекистон давлат байроқларини ҳилпиратиб, “Ўзбекистон чемпион”, - дея ҳайқираётган спортчиларни қарши олиш учун Тошкентнинг Бобур, Нукус, Афросиёб, Шароф Рашидов ва Навоий кўчалари бўйлаб одамларнинг тизилиб кетгани, айримларининг қатор машиналарда бўлган йўл назорати ходимларининг қайта-қайта огоҳлантиришларига қарамай, ҳатто, йўлнинг ўртасигача чиқиб борганликларини кўриш мумкин эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Имконли бўлган видеотасвирларда пойтахт аҳолисининг кўпқаватли уйлари балконларидан туриб, бутун оила аъзолари билан "ура"лаганча бу жараённи томоша қилиш баробарида ўз мобил телефонларида тасвирга олишаётганини ҳам англаш мумкин эди.

Тошкентдан журналист суҳбатдошимизнинг айтишича, шодиёна ва хурсандчиликлар сабаб, эрталабгача кўз юммаган ўзбекистонликлар ҳам озмунча бўлмаган.

“Мисол учун, ўзим ҳам ухладимми, ухламадимми, буни аниқ билмайман, тўғриси. Кўплаб одамлар уйқусидан воз кечди. Чунки уйқудан воз кечишга арзигулик воқеалар юз берди...”, - дейди у.

Энг сўнггида таъкидлаш жоиз, Риодагиси Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси иштирок этган еттинчи Ёзги Олимпиада Ўйинлари бўлганига қарамай, ўтган 24 йил давомида пойтахт Тошкент бу каби тантанали кутиб олиш маросимига саҳна бўлмаган.

“Албатта, бу нафақат мени, балки барчамизни ҳайратда қолдирди, деб айта олишимиз ҳам мумкин. Лекин спортчиларимиз шунга яраша, шунга муносиб натижа кўрсата олишди”, - деркан, журналист суҳбатдошимиз бу тантаналарнинг ҳануз давом этаётганини айтади.

Ўзбекистонни Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларида 70 нафар спортчиси намоён этганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.