Элмурот Тасмуродов: ‘Халқимиз шунақа кутиб олдики...’
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Элмурот Тасмуродов: ‘Халқимиз шунақа кутиб олдики...’

‘...бунақасини тасаввур ҳам қилмагандим. Буни кўриб, кеча шунақа ҳолатда эдимки, тўртта жанг бўлса, тушиб кетардим’, - дейди Рио Ёзги Олимпиадасининг бронза медали совриндори Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

“Тўғрисини айтсам, Бразилиядан 20 соат деганда учиб келдик. Шунча соатлаб учиб, чарчаганмиз. Яна эрталаб, ҳали мослашмагансиз...Шунақа чарчаб, самолетдан чиқдим. Лекин спортчиларни халқимиз шунақа кутиб олишини тасаввур ҳам қилмагандим”, - дея сўзларида давом этади суҳбатдошимиз.

Элмурот Тасмуродов Ўйинларда Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳисобига бронза медали келтирган биринчи курашчига айланган.

-59 кг вазн тоифасида юнон-рум кураши баҳсларида қўлга киритган бу медали ўзбекистонлик номдор курашчининг ўзи учун ҳам биринчиси бўлганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ўйинларни кетма-кет ғалаба билан бошлаган Элмурот ярим финал учрашувини кутилмаганда кубалик рақибига бой бериб қўйган, аммо, бунга қарамай, Рио Ёзги Олимпиадасининг бронза медалини қўлга киритишга муваффақ бўлганди.

Элмурот Тасмуродов ўз вазн тоифасида икки карра жаҳон чемпионатининг бронза медали совриндори, уч карра Осиё чемпиони, қитъа биринчилигининг кумуш медали совриндори бўлган номдор курашчи саналади.

“Олтин медаль, барибир, бундан ҳам яхши эди-да. Энди, нима дейди, барибир, жудаям хурсандман. Олимпиадада медалим йўқ эди-да, Олимпиада медалини олдим”, - дейди Элмурот Тасмуродов.

“Ўзимни, гўё, спортга биринчи келган спортчидек ҳис қилаяпман. Менда шундай бир истак пайдо бўлдики, ҳозир Токиога, деган. Энди келаси Токио Олимпиадасида ана шу бронза медалини олтинига айлантириш учун бор вужудим билан ҳаракат қиламан”.

“Энди, нима дейди, ҳар бир мағлубият яхши спортчи учун дарс, деб ўйлайман. Ўзимга бир сабоқ бўлди-да ҳозир шу. Ҳамма билан ҳар хил курашиш керак-да”, - дейди Элмурот.

Ўзбекистонни бу йилги Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларининг эркин ва юнон-рум кураши баҳсларида жаъми 8 нафари курашчиси намоён этган.

Элмурот Тасмуродов дохил, улардан уч нафари Ўйинларнинг бронза медалларини қўлга киритишганди.

Яъни, Ихтиёр Наврўзов ва Магомед Ибрагимовлар эркин кураш бўйича Рио Олимпиадасининг совринли учинчи ўринларига кўтарилишганди.

Эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистон Ёзги Олимпиада Ўйинларида қўлга киритган энг кўп медаллар бокс билан бир қаторда айнан кураш спорт тури ҳиссасига тўғри келади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳисобидаги энг кўп(4 та) олтин медалларни ҳам ўтган олти Ёзги Олимпиада Ўйинларида айнан курашчилари қўлга киритишган.

Шундан учтасини афсонавий курашчиси Артур Таймазов жамоа ҳисобига келтирган.

Юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Бош мураббийси Комил Фатхуллин ҳам Ўйинлар арафасида Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида Риода совринли ўринларга умидвор эканликларини айтганди.

“Ҳар бир спортчининг шунақа бир ниятлари бўлади-ку, юртбоши билан учрашиш, Олимпиада Ўйинларида пьедесталда туриш, яна ота-онамга берган ваъдамнинг устидан чиқдим. Шунга ҳам хурсандман...”, - дейди Элмурот.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.