‘Токиода ҳам олтинга ҳозирлик’
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Президент Каримов ғолиб олимпиячиларни тақдирлади

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг фармонига мувофиқ, Рио Ёзги Олимпиадаси олтин ва кумуш медалларини қўлга киритган беш нафар боксчи "Ўзбекистон ифтихори" фахрий унвони билан тақдирланишган.

Яъни, Ҳасанбой Дўстматов, Фазлиддин Ғойибназаров, Шаҳобиддин Зоиров, Шаҳрам Ғиёсов ва Бектемир Мелиқўзиев бу каби шарафга лойиқ, деб топилишган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат, маънавият ва маърифат, оммавий-ахборот воситалари ҳамда ижтимоий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонида айтилади.

Шу соатларда эълон қилинган фармонга кўра, Рио Олимпиадасининг бронза медаллари совриндорлари Рустам Тўлаганов, Муроджон Аҳмадалиев, Магомед Ибрагимов, Ихтиёр Наврўзов, Диёрбек Ўрозбоев "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи" унвони билан тақдирланишган.

Риода Олимпиада рекордини янгилаб, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳисобига яна бир олтин медали келтирган "Ўзбекистон ифтихори" оғир атлетикачи Руслан Нуриддинов ва кетма-кет уч Ёзги Олимпиада Ўйинларининг бронза медалларини қўлга киритган номдор дзюдочи Ришод Собиров "Эл-юрт ҳурмати" ордени эгалари бўлишган.

Юнон-рум кураши бўйича Рио Олимпиадасининг ягона бронза медали соҳиби Элмурот Тасмуродов эса, "Меҳнат шуҳрати" орденига лойиқ, деб топилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 23 август куни эълон қилинган фармойишига мувофиқ, бундан ташқари, Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларининг олтин медали соҳиблари 200.000, кумуш медали совриндорлари 100.000 ва бронза медали эгалари 75.000 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотлари билан ҳам тақдирланишади.

Ҳасанбой Дўстматов нима дейди?

Риода Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳисобига илк олтин медалини келтирган боксчи Ҳасанбой Дўстматовнинг айтишича, Жанубий Африканинг ‘Golden Gloves’ промоутерлик клуби билан шартнома имзолаганига оид хабарлар ҳақиқатдан йироқ.

“Бу – нотўғри хабар. Кимдир чиқариб юборган. Бўлмаган нарса”, - деди бокс бўйича Рио Олимпиадаси чемпиони Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

Ҳасанбой Дўстматовнинг айтишича, бундан буёғига ҳам бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси сафида 2020 йилги Токио Ёзги Олимпиада Ўйинларига ҳозирлик кўради.

“Бу гал ҳам асосий мақсад ва режа Токио Ўйинларининг олтин медалини қўлга киритиш бўлади”.

Вэл Баркер Кубоги

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Эслатиб ўтиш жоиз, Ҳасанбой Дўстматов бу йилги Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларининг "Энг яхши боксчиси", деб ҳам топилган.

23 ёшли ўзбекистонлик боксчига куни-кеча нуфузли Вэл Баркер Кубоги топширилганди.

Ҳасанбой Дўстматов бу нуфузли мукофотга лойиқ, деб кўрилган биринчи ўзбекистонлик боксчи ҳам бўлганди.

Вэл Баркер Кубоги 1934 йилдан буён Ёзги Олимпиада Ўйинларининг техник жиҳатдан етук, энг зўр боксчисига бериб келинган.

"Бу Кубокни 207 давлат вакиллари ичидан менга беришганидан жудаям хурсандман. Кутмагандик. Кубок ҳозир, албатта, олдимизда", - дейди Ҳасанбой Дўстматов.

Ўзбекистон боксчилари эса, ҳисобларидаги 3 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медаллари билан илк бор умумжамоа ҳисобида қолган барча Рио Ёзги Олимпиада Ўйинлари иштирокчиларини ортда қолдиришган.

Ўтган олти Ёзги Олимпиада Ўйинларида кузатилмаган бир даражада Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Риода энг кўп медалларини (шу жумладан, олтинларини ҳам) бокс спорт турида қўлга киритганди.

Ҳасанбой Дўстматов Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида бу каби тарихий натижа, "ўзлари учун ҳам кутилмаган бўлгани", эришган бу каби ютуқларидан "жудаям хурсанд" эканликларини ҳам айтади.

Рекорд натижа

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Эслатиб ўтиш жоиз, Рио Ёзги Олимпиадасида ўзбекистонлик боксчилар аллақачон рекорд натижа қайд этишган.

Дастлаб Рио Ёзги Олимпиадасига рекорд сонда - жаъми 11 та йўлланма олишган.

5 август куни старт олган бу йилги Ўйинларда Ўзбекистонни барча вазн тоифасида намоён этишган.

Ўтказган жанглари ортидан жаъми етти нафар боксчиси Ўйинларнинг ярим финалига кўтарилган.

Улардан бештаси финалда жанг олиб бориш - Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларининг чемпионлиги учун курашиш ҳуқуқини қўлга киритишган.

Бунақаси Ўзбекистон Ёзги Олимпиада Ўйинлари тарихида бўлмаган.

Ҳасанбой Дўстматов

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Андижон бокс мактаби вакили бўлган Ҳасанбой Дўстматов Муҳаммадқодир Абдуллаевдан кейин Ўзбекистон тарихидаги иккинчи Ёзги Олимпиада Ўйинлари чемпионига айланди.

Муҳаммадқодир Абдуллаев 2000 йилги Сидней Ёзги Олимпиада Ўйинларининг олтин медали совриндори саналади.

Яъни, ўтган 16 йил бадалида бирор бир ўзбекистонлик боксчига Ёзги Олимпиада Ўйинларининг финал босқичига кўтарилиш насиб этмаганди.

Эслатиб ўтиш жоиз, Ҳасанбой Дўстматов Рио Ёзги Олимпиадасининг финалига йўлланма олган биринчи ўзбекистонлик боксчи ҳам бўлганди.

Ҳаваскор боксдаги карьерасида Риодагаси Ҳасанбой Дўстматов учун биринчи Ёзги Олимпиада Ўйинлари бўлган.

Лекин, бунга қарамай, у барча жангларида рақиблари устидан мутлақ устунлик билан ғалаба қозонишга муваффақ бўлган.

Чемпионлик сари жангида америкалик, кубалик боксчиларни мағлуб этишнинг уддасидан чиққанди.

Рио Ёзги Олимпиадасида тарихий натижа қайд этган Ўзбекистон спортчилари кеча - 23 август куни Тошкентга қайтишган ва пойтахт халқаро аэропортида катта тантаналар билан кутиб олинишганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.