Рио-2016: Паралимпиячилар Риога кузатилди

Тошкентдаги кузатув маросими Фото муаллифлик ҳуқуқи Gazeta.uz

Расмий хабарларга кўра, Тошкент халқаро аэропортида бўлиб ўтган кузатиш маросимида Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Мажит Каримов, Миллий Олимпия қўмитаси ва Миллий Паралимпия Уюшмаси мутасаддилари, спортчиларнинг яқинлари ва журналистлар иштирок этишган.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, XXXI Рио Ёзги Олимпиада Ўйинлари Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси учун тарихийси бўлган.

Ўйинлар 5-21 август кунлари бўлиб ўтган, унда ўзбекистонлик олимпиячилар 4 та олтин дохил жаъми 13 та медаль қўлга киритишганди.

Рио Олимпиадасида, айниқса, ўзбекистонлик боксчилар ўзларини кўрсатишган.

Боксчилар, ҳатто олтинлари назарда тутилганда ҳам, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳисобидаги энг кўп медалларни келтиришганди.

Улар Риода қўлга киритган медалларнинг сони бўйича қолган барча иштирокчи давлатлар вакилларини ортда қолдириб, ўз тарихларида илк бор медаллар жадвалида ҳам илғорлик қилишганди.

Риода тарихий натижа қайд этган Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси 23 август куни Тошкентга қайтган ва пойтахт халқаро аэропортида Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси Президенти Мираброр Усмонов, Ўзбекистон Спорт курашлари ассоциацияси раиси Салим Абдувалиев, жамоатчилик арбоблари, фахрийлар, журналистлар ва катта сондаги мухлислар томонидан катта тантаналар билан қарши олинишганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Шоҳидлар бу каби тантанали кутиб олиш маросимига Ўзбекистон тарихида гувоҳ бўлмаганликларини эътироф этиш даражасига ҳам боришганди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов худди ўша куннинг ўзида мамлакат тарихида кузатилмаган катта миқдордаги мукофот пулларига оид фармойишни имзолаган.

Ҳар бир олтин медаль соҳибини 200.000, ҳар бир кумуш медаль соҳибини 100.000 ва ҳар бир бронза медали соҳибини 75.000 АҚШ доллари билан тақдирлашга фармойиш берганди.

Аммо ғолиб спортчиларга ваъда қилинган мукофотларни топшириш маросими Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг "стационар даволаниш"да эканига оид расмий хабарлардан кун ўтиб, 29 август куни бўлиб ўтган.

Тошкентдаги "Олимпия шон-шарафи" музейида уюштирилган ана шу расмий маросимда совриндорларга Ўзбекистон президенти номидан экани айтилган пул мукофотлари сертификатлари топширилганди.

Рио Олимпиадаси ғолибларини давлат мукофотлари билан тақдирлашга оид фармон эса, президент Ислом Каримовнинг "даволаниш учун стационарда" эканига оид расмий хабарлардан олдин имзолаган энг сўнгги буйруқларидан бири бўлганди.

Ўзбекистон Олимпия терма жамоасини Риога кузатиш маросими шу йилнинг 20 июл куни пойтахт Тошкентда бўлиб ўтган.

Тантанали бу тадбирга Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзи бошчилик қилганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Кузатув маросими

Ўзбекистонлик паралимпиячиларни Риога кузатиш маросими эса, Ўзбекистон президенти ҳануз "стационар даволанишда" эканига оид хабарлар манзарасида бугун кун аввалида бўлиб ўтган.

Аммо расмий хабарларда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ва Миллий Паралимпия Уюшмаси мутасаддиларидан айнан қай бирларининг Тошкент халқаро аэропортида бўлиб ўтган кузатиш маросимида иштирок этганликлари номма-ном келтирилмаган.

Таъкидлаш жоиз, Рио Паралимпик Ўйинларида Ўзбекистонни мамлакат тарихида кузатилмаган сондаги спортчилари намоён этишади.

Яъни, Ўйинларга жаъми 58 та йўлланмани қўлга киритган ўзбекистонлик 32 нафар паралимпиячи совринли ўринлар учун кураш олиб боришади.

Улар беш спорт тури: дзюдо, енгил атлетика, сузиш, ўқ отиш ва пауэрлифтинг бўйича ўз кучларини синаб кўришади.

Риода медаллар учун беллашажак ўзбекистонлик паралимпиячилар орасида енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати совриндори Дониёр Солиев, 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиадаси кумуш медали соҳиби Шариф Халилов ва Пара Осиё Ўйинларининг ғолиблари бўлган номдор спортчилар оз эмас.

Риодагаси Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси иштирок этаётган учинчи Ўйинлар бўлади.

Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциацияси 2007 йилда ташкил топганига қарамай, терма жамоа 2008 ва 2012 йилги Ёзги Паралимпия Ўйинларида иштирок этган.

Ўзбекистонлик дзюдочи Шариф Халилов 73 кг вазн тоифасида Лондон Паралимпиадасининг кумуш медалига сазовор бўлганди.

2014 йилда Жанубий Кореянинг Инчон шаҳрида бўлиб ўтган Пара Осиё Ўйинларини эса, ўзбекистонлик спортчилар 22 та олтин, 5та кумуш ва 4та бронза, жаъми 31та медал билан якунлашган.

Қўлга киритган медалларининг сони бўйича Ўзбекистон Паралимпия жамоаси Осиё қитъаси бўйича юқори бешликка киришга муваффақ бўлган.

Ўзбекистонлик Рио Паралимпия Ўйинларининг ғолибларига қандайин пул мукофотлари кўзда тутилаётганига оид хабарлар эса, ҳалича кўзга ташлангани йўқ.

XV Рио Паралимпия Ўйинлари 7-18 сентябр кунлари бўлиб ўтади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.