‘Артур Таймазов олтин медалидан мосуво этилиши мумкин’ми?

Артур Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

'Flowrestling' нинг даъво қилишича, "икки забардаст курашчидан бири қаторида Артур Таймазов ҳам 2008 йилги Пекин Ёзги Олимпиадасида қўлга киритган олтин медалидан мосуво этилиши мумкин".

Уларнинг бу хусусдаги хабаридан аён бўлишича, бунга Пекин Ўйинларида допинг учун олинган намуналарнинг қайта текширув жараёнида ижобий чиққани сабаб бўлган.

Аммо бу хабарда сўз айнан қандай допинг препарати ҳақида бораётгани тафсилотлари келтирилмаган.

Худди шунинг баробарида сўнгги янгиликни тасдиқлашга муваффақ бўлганини айтаркан, 'Flowrestling' ўз манбасини очиқламаган.

Асли осетиялик эркин курашчи бўлган Артур Таймазов Риодагисига қадар бўлиб ўтган тўртта Ёзги Олимпиада Ўйинларида Ўзбекистонни намоён этган.

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси 2008 йилги Пекин Олимпиадасини 1 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза, жаъми 6 та медаль билан якунлаган.

Афсонавий курашчиси Артур Таймазов маҳрум этилиши мумкинлиги айтилаётгани эса, Ўзбекистон ҳисобидаги ана шу ягона олтин медали бўлганди.

'Flowrestling' Техасда жойлашган FloSports инноватив спорт медиа ва тадбирлар ширкатини намоён этади.

Муносабат

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Сўнгги янгиликка ҳозирча бу номдор эркин курашчининг ўз муносабати маълум эмас.

Ўзбекистон Спорт курашлари ассоциацияси вакили эса, Би-би-си Ўзбек Хизматига жорий пайтда бу хусусда расман изоҳ беролмасликларини билдирди.

Эслатиб ўтиш жоиз, Артур Таймазов 2000 йилги Сидней Ёзги Олимпиадасининг кумуш, Афина, Пекин ва Лондон Ўйинларининг олтин медали соҳиби саналади.

Агар, сўнгги хабар расман ўз тасдиғини топса, 2008 йилги Пекин Ёзги Олимпиадасининг эркин кураш бўйича 120 кг вазн тоифасидаги курашчилар ўртасида бўлиб ўтган баҳсларининг олтин медали финал жангида Артур Таймазовга мағлуб бўлган россиялик курашчи Бахтиёр Аҳмедовга насиб қилиши мумкин.

Агар, 'Flowrestling' хабарига таянилса, допинг можароси сабаб, россиялик эркин курашчи Бесик Кудухов ҳам 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиадасида қўлга киритган кумуш медалидан мосуво этилиши мумкин.

Эслатиб ўтиш жойиз, Бесик Кудухов 2013 йили автоҳалокатга учраб, ҳаётдан кўз юмган.

'Flowrestling' чоп этган энг сўнгги хабардан маълум бўлишича, допинг намуналари ижобий чиққани боис, ҳали яна Қозоғистон, Озарбайжон ва украиналик қатор курашчилар ҳам Пекин ва Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида қўлга киритган медаллари билан хайрлашишлари мумкин.

Ўтган ой турли интернет нашрларида бўй кўрсатган хабарлардан Артур Таймазов "Единая Россия" партияси аъзоси эканлиги, у Россия Давлат думасига сайловда депутатликка номзод сифатида иштирок этаётгани англашилганди.

Россия Давлат Думасига сайловлар эса, шу йилнинг 18 сентябрида бўлиб ўтади.

Артур Таймазов ва Ўзбекистон

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўзбекистон Ёзги Олимпиада Ўйинларида қўлга киритган энг кўп медаллар бокс билан бир қаторда айнан кураш спорт тури ҳиссасига тўғри келади.

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳисобидаги энг кўп(4 та) олтин медалларни ҳам ўтган олти Ёзги Олимпиада Ўйинларида айнан курашчилари қўлга киритишганди.

Шундан учтасини афсонавий курашчиси Артур Таймазов жамоа ҳисобига келтирганди.

Артур Таймазов эркин кураш бўйича 120 кг вазн тоифасида кетма-кет уч - Афина, Пекин ва Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларининг олтин медаллари соҳибига айланиб, кураш афсонаси сифатида тарихга ҳам кирганди.

Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида ҳам Артур Таймазов Ўзбекистон ҳисобидаги ягона олтин медални келтирганди.

Ўзбекистонлик донгдор курашчи ўзининг сўнгги ютуғи билан 33 ёшида юнон-рум кураши бўйича собиқ Шўро курашчиси Александр Карелин ва эркин курашчиси Александр Медведлар билан тарихдаги учта буюк курашчидан бирига айланди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Лондон Олимпиада Ўйинларида эришган ютуғи учун Артур Таймазовни "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан тақдирлашга қарор қилган.

Ўзбекистонлик кураш афсонаси сўнгги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларида эришган оламшумул ютуғи учун Осиё Олимпия Кенгашининг махсус мукофотига ҳам лойиқ, деб топилганди.

Артур Таймазов катта спортдаги фаолияти давомида Ўзбекистон ва жаҳоннинг энг кўп медал олган спортчиларидан бири саналади.

Бу номдор курашчи ўз вазн тоифасида бир неча бор Жаҳон рекорди ҳам ўрнатган.

Артур Таймазов, бундан ташқари, уч карра Осиё Ўйинлари чемпиони ва турли нуфузли халқаро турнирлар ғолиби ҳамдир.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.