Тошкентда футбол: Ўзбекистон Сурияга қарши
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Тошкент: Ўзбекистон 1:0 Сурия

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2018 йилги жаҳон чемпионати 3-босқич саралаш беллашувларининг 1-тур учрашувини ғалаба билан бошлади.

Пойтахт Тошкентнинг "Бунёдкор" стадионида ҳозиргина поёнига етган ўйин тақдирини ягона тўп ҳал қилди.

2-бўлимнинг 74-дақиқасида Сурия миллий терма жамоасининг дарвозасини аниқ нишонга ола билган Александр Гейнрих учрашув қаҳрамонига айланди.

Икки рақиб миллий терма жамоа ўртасидаги ўйин Тошкент вақти билан кеч соат 20:00 да бошланди ва Ўзбекистон пойтахтидаги яқинда қайта таъмирдан чиққан “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Сурияга қарши ҳужумкор ўйин намойиш этди.

Аммо устма-уст ҳужумлари 74-дақиқага қадар бесамар якунланди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи UFF

Ора-сирада қарши ҳужум уюштиришнинг уддасидан чиққан Сурия миллий терма жамоаси яхши ҳимояланди.

Айниқса, Сурия дарвозабони Тошкентдаги ўйинда жамоасига панд бермади. Бир неча бор Сурияни Ўзбекистон миллий терма жамоасининг яққол тўпларидан ҳимоя қилиб қолди.

Сурия миллий терма жамоаси Бош мураббийси Айман Ҳакимнинг ўйинорти матбуот анжуманида эътироф этишича, "Ўзбекистон ҳақли равишда ғалаба қозонган".

Тошкентдаги Ўзбекистон-Сурия учрашуви Ўзбекистон Мустақиллигининг 25 йиллиги санаси ва президент Ислом Каримов "стационар даволаниш"да эканига оид расмий хабарлар манзарасида бўлиб ўтди.

Бу босқич саралаш беллашувлари эса, Осиё қитъасидан футбол бўйича 2018 йилги жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри чиқувчи тўртта миллий терма жамоани аниқлаб бериши билан муҳим.

Устига устак, футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасига ҳозирча бу каби бахт насиб этмаган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси "А" гуруҳидаги 2-тур учрашувини 6 сентябр куни сафарда Қатарга қарши ўтказади.

Ўтказган 1-тур учрашувлари ортидан, "А" гуруҳида Жанубий Корея ва Ўзбекистон, "В" гуруҳида Австралия ва Бирлашган Араб Амирликлари пешқадамлик қилиб туришибди.

Таъкидлаш жоиз, бу икки гуруҳдаги қолган 8 миллий терма жамоа ҳалича ўзларининг 1-тур учрашувларини ўтказишмаган.

Ўйин арафасида

Тошкентдан фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаевнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, маҳаллий футбол ишқибозлари орасида Сурияга қарши ўйинга бўлган қизиқиш ҳам худди шунга яраша бўлмоқда.

“Қизиқиш одатдагидан ҳам баланд. Одамлар янги бир ишонч, яъни ғалабага бўлган ишонч билан стадионга ошиқишмоқда...Ўзим ҳам, албатта, стадионга боришни мўлжаллаб қўйганман. Худо хоҳласа, ёш мураббийлар, ёш журналистларнинг қаторида ўтириб, бу ўйинни томоша қилишни истайман”, - дейди Ахбор ака Имомхўжаев.

Эслатиб ўтиш жоиз, бу босқичда 12 нафар миллий терма жамоа ФИФА томонидан Осиё қитъасига ажратилган 4.5 та йўлланма учун кураш олиб боришади.

Ўзбекистон “А” гуруҳида Суриядан ташқари яна Эрон, Жанубий Корея, Қатар ва Хитойга қарши тўп суради.

“Албатта, 3-давранинг 1-тур учрашувида ғалаба қозониш бу – Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун келгуси мусобақаларига катта тайёргарлик кўриш билан баробар. Биринчи ўйиндаги ғалаба бизга, биласизми, ҳамма ғалабадан кўра қимматли бўлади. Чунки ундан кейин Қатардаги оғир ўйин кутиб турибди. Шунинг учун ҳам бу ўша ўйинга ўзига хос тайёргарлик бўлиши керакки, Қатарга ғалаба билан борилса, бу, албатта, бошқача бўлади”, - дея сўзларида давом этади Тошкентдан фахрий шарҳловчи суҳбатдошимиз.

2012 йилда расман фойдаланишга топширилган “Бунёдкор” стадиони 34000 томошабинга мўлжалланган.

Ўзбекистон-Сурия ўйинига чипталар ўтган ҳафта сотувга чиққан, агар, Ахбор ака Имомхўжаев билан суҳбатимизга таянилса, уларни сотиб олиш учун вилоятлардан пойтахт Тошкентга келган маҳаллий футбол ишқибозлари ҳам озмунча бўлмаган.

“Айниқса, мана, ҳозир водийдан (Тошкент-Поп-Андижон: таҳ.) поезднинг юриши, Бухорога тезюрар поезднинг бориши мухлисларимизнинг ўйинни стадионнинг ўзида кўриб, қайтишлари учун Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллигида катта совға бўлди. Шунинг учун ҳам, мухлислар аввалгидек транспортдан қийналишмайди”, - дейди у киши.

Эслатиб ўтиш жоиз, бугунги икки рақиб жамоа Тошкентдаги учрашувларига қадар бор-йўғи бир маротаба бир-бирларига қарши майдонга тушишган.

1996 йилги Осиё Кубоги гуруҳ босқич беллашувларининг ана шу учрашувида Сурия 2:1 ҳисобида зафар қучган.

Аммо, бошқа томондан таъкидлаш жоиз, бу – Суриянинг ўз тарихида футбол бўйича жаҳон чемпионати 3-босқич саралаш беллашувларида илк бор тўп суриши бўлади.

Устига устак, агар имконли бўлган энг сўнгги хабарларга таянилса, миллий терма жамоа Ўзбекистонга қарши ўйинига беш йилдан буён можаролар ва қуролли низолар ичида қолаётган Суриянинг ўзида тайёрланган.

Агар, ФИФАнинг энг сўнгги рейтингига таянилса, Ўзбекистон 55-ўрин билан Осиё қитъасида юқори тўртликдан жой олган тўртта миллий терма жамоадан биттаси бўлади.

Сурия эса, жорий пайтда Ўзбекистондан 50 ўрин қуйида, Қирғизистон ва Тожикистондан ҳам кейин 105-ўринни эгаллаб турибди.

Ўзбекистондан олинган энг сўнгги расмий хабарларга кўра, айнан Ўзбекистон-Сурия учрашуви ва аҳолининг байрам сайилларидан қайтиш чоғида тирбандликларнинг олдини олиш учун Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан бугун – 1 сентябр кунига режаланган мушакбозлик бошқа кунга кўчирилган.

Футбол бўйича 2018 йилги жаҳон чемпионатига эса, Россия мезбонлик қилади.

Таъкидлаш жоиз, Россия дунёдаги энг нуфузли футбол тадбирига мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритган биринчи собиқ Шўро давлати бўлади.

"А" гуруҳининг бироз аввал поёнига етган дастлабки учрашувида эса, Жанубий Корея ўз майдонида Хитойни 3:2 ҳисобида мағлуб этди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.