ЖЧ-2018: Қатар 0:1 Ўзбекистон

Александр Гейнрих Фото муаллифлик ҳуқуқи UFF

Ўзбекистон миллий терма жамоаси футбол бўйича 2018 йилги Осиё қитъаси 3-босқич саралаш беллашувларини устма-уст ғалаба билан бошлади.

Миллий терма жамоа ҳозиргина Доҳада поёнига етган ўйинда мезбон Қатарни 0:1 ҳисобида мағлуб этди.

Учрашув тақдирини ягона тўп ҳал қилди.

Сўнгги дақиқаларда рақиб дарвозасини аниқ нишонга ола билган Егор Кримец Доҳадаги ўйин қаҳрамонига айланди.

Учрашувнинг 86-дақиқасида Егор Александр Гейнрих томонидан йўлланган тўпни боши билан қойилмақом тарзда рақиб дарвозасига йўллади.

Миллий терма жамоа 1 сентябр куни Тошкентда ўтказган 1-тур учрашувида Сурияни ҳам 1:0 ҳисобида мағлуб этганди.

Кетма-кет икки ғалабаси ортидан, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳисобидаги 6 очко билан "А" гуруҳи пешқадамига айланди.

Бу учрашувда Александр Гейнрихнинг ўзи ягона тўп муаллифига айланганди.

Гуруҳдаги қолган тўрт миллий терма жамоа бугун ўтказган 2-тур учрашувларида дуранг натижа қайд этишди.

Хитой 0-0 Эрон, Сурия 0-0 Жанубий Корея ўйинида ҳисоб очилмади.

Дастлабки икки учрашувини ҳам бой берган Қатар гуруҳда сўнгги ўринда қолмоқда.

Эрон ва Жанубий Корея ҳисобларидаги 4 тадан очко билан "А" гуруҳида иккинчи ўринни бўлишадиган бўлишди.

Ҳар икки учрашуви ортидан биттадан очко жамғаришга муваффақ бўлган Хитой ва Сурия эса, учинчи ўринда боришмоқда.

Ўзбекистон 3-тур учрашувини 6 октябр куни Тошкентда Эронга қарши ўтказади.

Вадим Абрамов: 'Қатарни енгса бўлади'

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ Бош мураббийсининг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, Қатар унга қарши ўйин олдидан ҳаяжонланишга арзийдиган жамоа эмас.

"Ҳамма нарса ўйинчиларнинг тайёргарлигига боғлиқ. Ҳар доим худди ана шундан келиб чиқиб сўз юритиш лозим. Рақибингиз қандай жамоа бўлишидан қатъиназар, ҳамиша учрашув арафасида ғалаба қозониш имкониятлари 50:50 бўлади. Умуман олганда, футболчиларимиз Қатарни бемалол енга олишлари мумкин. Сўнгги йилларда намойиш этиб келаётган ғолиблик руҳияти ҳануз уларни тарк этмаган, деган фикрдаман", - дейди Вадим ака Абрамов.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Қатарга қарши 2018 йилги жаҳон чемпионати 3-босқич саралаш беллашувлари 2-тур учрашувини бугун - 6 сентябр куни сафарда ўтказади.

Икки рақиб миллий терма жамоа ўртасидаги ўйин Тошкент вақти билан кеч соат 21:00 да бошланади ва пойтахт Доҳадаги қарийб 13000 кишига мўлжалланган "Жассим Бин Ҳамад" стадионида бўлиб ўтади.

Расмий хабарларда айтилишича, миллий терма жамоанинг мурожаатига кўра, Қатарга қарши 3-босқич саралаш беллашувларининг 2-тур учрашуви "Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг ёрқин хотираси учун 1 дақиқалик сукут билан бошланади".

Бундан ташқари, Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчилари Қатарга қарши ўйинда қора рангдаги мотам боғичида майдонга тушадилар.

Бу ҳақда Ўзбекистон Футбол Федерацияси ўзининг Facebook даги саҳифасида маълум қилган.

78 ёшида ҳаётдан кўз юмган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 3 cентябр куни она шаҳри Самарқандда дафн этилган ва унинг вафоти муносабати билан бутун мамлакат бўйлаб уч кунлик мотам эълон қилинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи TAYANCH

Эслатиб ўтиш жоиз, бугунги рақиби Қатардан фарқли тарзда Ўзбекистон миллий терма жамоаси 3-босқич саралаш беллашувларини ғалаба билан бошлаган, 2 сентябр куни Тошкентда бўлиб ўтган 1-тур учрашувида Сурияни 1:0 ҳисобида мағлуб этган.

Қатар эса, худди ўша куни сафарда ўтказган ўйинида Эронга 0:2 ҳисобида мағлуб бўлган.

2018 йилги жаҳон чемпионати Осиё қитъаси 3-босқич саралаш беллашувлари 1-тур учрашувлари ортидан, бу икки рақиб миллий терма жамоа тўп сурувчи "А" гуруҳида ҳисобларидаги 3 тадан очко билан (тўплар нисбатидаги фарққа қараб) Жанубий Корея, Эрон ва Ўзбекистон 1-ўринни бўлишиб туришибди.

Доҳада 5 сентябр куни бўлиб ўтган ўйинолди расмий матбуот анжуманида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийси Самвел Бабаян "ҳар бир ўйинда ғалаба учун ҳаракат қилишлари керак"лигини айтди.

Қатар Бош мураббийси Хосе Каррено эса, "Эронга қарши мағлубиятни унутиб, Ўзбекистон билан ўйинга эътибор қаратишлари лозимлиги"ни таъкидлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи UFF

Агар, имконли бўлган маълумотларга таянилса, бугунги икки рақиб миллий терма жамоа Осиё Кубоги, жаҳон чемпионатлари саралаш босқич беллашувлари ва ўртоқлик учрашувлари доирасида бир-бирларига қарши 11 марта майдонга тушишган.

Шундан 6 тасида Ўзбекистон ғалаба қозонган, икки учрашувда дуранг натижа қайд этилган ва қолган 3 ўйин жамоанинг мағлубияти билан якунланган.

Бу ғалабалардан биттаси Вадим Абрамов Ўзбекистон миллий терма жамоасига Бош мураббийлик қилган йилларга ҳам тўғри келган.

Жамоа Вадим Абрамов қўл остида 2011 йилги Осиё Кубогининг очилиш ўйинида мезбон Қатарни 2:0 ҳисобида мағлуб этган.

"Бу каби турнирга ҳозирлигингизни ўйинларингиз намойиш этади. Бу ҳақда, ҳатто, менинг изоҳ бериб ўтиришимнинг ҳам бирор бир ҳожати йўқ. Миллий терма жамоанинг тайёргарлигини ўйин кўрсатиши лозим".

"Ишончим комил, мураббийлар анча вақтдан буён бу хусусда иш олиб боришмоқда. Бу турнир улар меҳнатининг самарасини кўрсатиши керак", - дейди Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ Бош мураббийси.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, бугунги икки рақиб миллий терма жамоага ҳам ҳозирча футбол бўйича жаҳон чемпионатининг якуний босқич беллашувларига чиқиш насиб этмаган.

Устига устак, Ўзбекистондан фарқли тарзда, Қатарнинг жаҳон чемпионати саралаш босқич беллашувларидаги илк иштироки 1978 йилга бориб тақалади.

Агар, ФИФАнинг сўнгги рейтингига қаралса, Ўзбекистон 50-ўрин билан бугунги рақиби Қатардан 30 поғона юқори мавқеъни эгаллаб турибди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида икки бор футбол бўйича жаҳон чемпионати Осиё қитъаси саралаш беллашувларининг плей-офф босқичига қадар кўтарилишга муваффақ бўлган.

Қатар-Ўзбекистон учрашувини биз билан бирга кузатиб боришни унутманг.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.