‘Омадларини берсин, ёруғ юз билан қайтишсин’
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

‘Омадларини берсин, ёруғ юз билан қайтишсин’

2016 йилги Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларининг бронза медали совриндори, ўзбекистонлик номдор эркин курашчи Ихтиёр Наврўзов ўзбекистонлик паралимпиячиларга худди ана шундай тилак билдирди.

XV Рио Ёзги Паралимпия Ўйинлари бугун – 6 (7) сентябр куни расман очилади ва 18 сентябрга қадар давом этади.

Бу – Ўзбекистон паралимпия жамоаси иштирок этаётган учинчи Ўйинлар бўлади ва унда мамлакатни рекорд сондаги, яъни 32 нафар паралимпиячиси намоён этади.

Рио Ёзги Паралимпия Ўйинларига жаъми 58 та йўлланмани қўлга киритган ўзбекистонлик паралимпиячилар 5 спорт тури бўйича совринли ўринлар учун кураш олиб боришади.

“Мен уларга биринчи навбатда соғлик-саломатлик тилайман. Худо хоҳласа, омадларини берсин. Ёруғ юз билан қайтишсин. Ғолиб бўлиш, иккинчи, учинчи ўринларни олиб келиш насиб қилсин”, - дейди Рио Ёзги Олимпиада Ўйинлари совриндори бўлган суҳбатдошимиз.

Ўзбекистон ўзининг қисқа иштирокига қарамай, Ёзги Паралимпия Ўйинларининг битта кумуш медалини қўлга киритишга муваффақ бўлган.

Бу медални Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси ҳисобига дзюдочиси Шариф Халилов 2012 йилги Лондон Ёзги Паралимпия Ўйинларида келтирган.

Аммо, таъкидлаш жоиз, Рио Ёзги Паралимпия Ўйинларининг совринли ўринлари учун беллашажак ўзбекистонлик паралимпиячилар орасида енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати совриндори Дониёр Солиев, ўқ отиш бўйича жаҳон рекордчиси Сервер Ибрагимов, бундан ташқари турли Пара Осиё Ўйинларининг олтин, кумуш ва бронза медали соҳиблари бўлган номдорлари оз эмас.

“Чиқиб, худди охирги кураши ёки сўнгги марта югураётганидек борини бериб, якунига қадар ҳаракат қилишса, Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади”, - дейди ўзбекистонлик номдор эркин курашчи суҳбатдошимиз Ихтиёр Наврўзов.

Фото муаллифлик ҳуқуқи gazeta.uz

Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси 30 август куни мезбон Рио-де-Жанейро шаҳрига жўнаб кетганди.

Эслатиб ўтиш жоиз, бу – Жанубий Америка давлати мезбонлик қилаётган биринчи Ёзги Паралимпия Ўйинлари бўлади.

Бу галги Ўйинларда дунёнинг 170 дан ортиқ давлатидан бўлган 4000 дан зиёд паралимпиячи совринли ўринлар учун кураш олиб боришади.

Таъкидлаш жоиз, Рио Ёзги Паралимпия Ўйинларида илк бор Қочқинлар терма жамоаси ҳам иштирок этади.

Халқаро Паралимпия Қўмитаси Ўйинларни дунё бўйлаб илк бор рекорд сондаги, яъни жаъми 4 миллиард инсоннинг томоша қилишига умид қилмоқда.

Агар, хабарларга таянилса, жаҳоннинг 154 давлати Рио Паралимпиадасини ёритиш истагини изҳор этишган.

Айтилишича, бунақаси ҳам Ёзги Паралимпия Ўйинлари тарихида кузатилмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистон Рио Ёзги Олимпиадасини ўзи учун рекорд сондаги - жаъми 13 та медаль билан якунлаган, тарихий натижа қайд этганди.

Ўйинларда кўрсатган бу каби натижаси билан Ўзбекистон қолган барча Марказий Осиё давлатларини ҳам ортда қолдириб кетган.

Ҳисобидаги медалларининг сони ва тури бўйича Рио Олимпиадасида Россия билан бирга энг яхши натижа қайд этган иккита собиқ Шўро давлатидан биттасига айланганди.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, Рио Паралимпия Ўйинларининг расмий очилиш маросими Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов вафотидан тўрт кун ўтиб бўлиб ўтади.

Президент Ислом Каримов вафоти расман эълон қилинган 2 сентябр куни Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳридаги Олимпия ва Паралимпия шаҳарчасида Ўзбекистон байроғи туширилган.

Халқаро Паралимпия қўмитаси Президенти Филлип Крейвен "Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциацияси ва Ўзбекистон аҳлига чуқур таъзиясини изҳор этганди".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.