Рио Паралимпиадаси: Ўзбекистонда устма-уст рекорд

Ҳусниддин Норбеков Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўзбекистон Ўйинларнинг илк кунидаёқ 3 та олтини дохил жаъми 8 та медал қўлга киритди.

Енгил атлетикачи Ҳусниддин Норбеков эса, дискни 59.75 метрга улоқтириб, (F37 таснифида) янги жаҳон рекорди ҳам ўрнатди.

Бу каби ютуғи ортидан, Ўзбекистон медаллар жадвалида, ҳатто, АҚШни ҳам ортда қолдириб, Хитой ва Буюк Британиядан кейин юқори учликка кирди.

Ўзбекистон қўлга киритган медаллардан 3 таси олтин, 2 таси кумуш ва 3 таси бронза бўлади.

Таъкидлаш жоиз, агар, Паралимпия тарихлари назарда тутилса, бунақаси ҳозирча на-да Ўзбекистон ва на-да минтақа тарихида кузатилган.

Қолган иштирокчи Марказий Осиё давлатлари орасидан ҳозирча Қозоғистон Ўйинларнинг битта медалини қўлга киритишга муваффақ бўлган ва ҳисобидаги ана шу олтин медали билан медаллар жадвалида 16-ўринни эгаллаб турибди.

Бу борада Риода Ўзбекистонга ҳалича бирор бир собиқ Шўро давлати ҳам ета олган эмас.

Собиқ Шўро давлатлари орасидан шу пайтгача яна Украина, Беларус, Латвия ва Литва Рио Паралимпиадасининг совринли ўринларига кўтарилишган.

Бу тўрт давлатнинг ичидан энг яхши натижа қайд этиб турган Украина ҳисобида битта олтин, битта кумуш ва 7 та бронза медали бор.

Украина ҳисобидаги жаъми 9 та медали билан медаллар жадвалида жорий пайтда 9-ўринда бормоқда.

Рио Ёзги Олимпиадасида бўлгани каби дзюдочилари Ўйинларнинг илк кунидаёқ Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси ҳисобига биринчи медални келтиришди.

Дастлаб Шерзод Намозов (-60 кг) вазн тоифасида дзюдо бўйича эркаклар ўртасидаги баҳсларда олтин медалини қўлга киритди.

Бу - аввалбошданоқ ҳам Ўзбекистон ва ҳам минтақа учун тарихий ютуқ бўлди.

Тафсилот ўрнида

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Шерзод Намозовнинг медали ҳам Ўзбекистон ва ҳам Марказий Осиё минтақаси ҳисобидаги Ёзги Паралимпия Ўйинларининг биринчи олтин медали бўлди.

Ўзбекистон ҳисобидаги қолган 2 та олтин медални эса, яна бир дзюдочиси Ўткир Ниғматов ва енгил атлетикачиси Ҳусниддин Норбековлар келтиришди.

Ўзбекистон Паралимпия жамоаси тарихи ва ҳисобидаги илк бронза медалини -52 кг вазн тоифасида дзюдочи Севинч Алаева олди.

Иккита кумуш ва яна бир бронза медалини эса, ўзбекистонлик сузувчилар: Кирилл Панков, Муслима Одилова ва Фотимахон Амиловалар қўлга киритишди.

Ўзбекистон шундоқ ҳам шу пайтгача қолган Марказий Осиё давлатлари орасидан Ёзги Паралимпия Ўйинларининг медалини қўлга киритган ягона мамлакат бўлиб келаётганди.

Риодагиси Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси иштирок этаётган учинчиси эканига қарамай, 2012 йилги Лондон Ёзги Паралимпиадасида ўзбекистонлик дзюдочи Шариф Халилов Ўйинларнинг кумуш медалини қўлга киритганди.

Энди эса, Ўзбекистон ҳисобидаги жаъми 8 та медали билан минтақада ўзи ўрнатган рекордини яна ўзи янгилади.

Бу галги Рио Ёзги Паралимпия Ўйинларида Ўзбекистонни рекорд сондаги спортчиси намоён этаётир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўзбекистонлик 32 нафар паралимпиячи Ўйинларнинг совринли ўринлари учун кураш олиб боришмоқда.

Устига устак, бу каби катта сондаги паралимпиячининг Ёзги Паралимпия Ўйинларида беллашиши минтақа тарихида кузатилмаган воқеълик бўлади.

32 нафар эканликларидан ташқари, ўзбекистонлик паралимпиячилар Ўйинларга ўз сонларидан деярли икки баробар кўп - жаъми 58 та йўлланма олишга муваффақ бўлишган.

Бу нуқтаи-назардан ҳам Ўзбекистон минтақада ўзига хос рекорд ўрнатган.

Кўп томонлама рекорд ўрнатиши айтилаётган Рио Ёзги Паралимпия Ўйинларида 4000 дан зиёд паралимпиячи 23 спорт тури бўйича совринли ўринлар учун кураш олиб боришмоқда.

Рио Ёзги Паралимпиадасида жаъми 528 тўплам медаль ўйналади.

Ўзбекистонлик паралимпиячилар беш спорт тури: дзюдо, енгил атлетика, сузиш, ўқ отиш ва пауэрлифтинг бўйича ўз кучларини синаб кўришади.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, ХV Ёзги Паралимпия Ўйинлари Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов вафотидан беш кун ўтиб, кеча 7(8) сентябр куни расман очилганди.

Рио Ёзги Паралимпия Ўйинлари 7-18 сентябр кунлари оралиғида бўлиб ўтади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.