Рио-2016: Ўзбекистон ҳисобида яна учта медаль

Феруз Саидов Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўйинларнинг дастлабки икки кунида Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси ҳисобидаги медалларнинг сони 11 тага етди.

9 сентябр кунги беллашувларда ўзбекистонлик паралимпиячилар яна 3 та бронза медалини қўлга киритишди.

Шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, Рио Олимпиадасида тарихий натижа қайд этган ўзбекистонлик олимпиадачилар Ўйинларни жаъми 13 та медаль билан якунлашган.

Дастлаб 10 метрга пневматик тўппончадан ўқ отиш баҳсларида жаҳон рекордчиси Сервер Ибрагимов Ўйинларнинг бронза медалини қўлга киритди.

Қолган икки бронза медалини эса, дзюдочилари Феруз Саидов ва Турсунпошша Нурметова келтиришди.

Ўзбекистон ҳисобидаги медалларнинг 3 таси олтин, 2 таси кумуш ва қолган 6 таси бронза бўлади.

Таъкидлаш жоиз, Рио Олимпиадасида Ўзбекистон ҳисобидаги медалларнинг аксариятини боксчилари келтиришган бўлса, Паралимпия Ўйинларида ҳозирча бу борада дзюдочилари илғорлик қилишмоқда.

Улар дастлабки икки куннинг ўзида Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси ҳисобига 2 та олтини дохил жаъми бешта медаль келтиришди.

Рио Ёзги Паралимпия Ўйинларининг учинчи кунига келиб, Ўзбекистон ҳисобидаги жаъми 11 та медали билан ҳозирча 48 та совриндор давлат орасидан медаллар жадвалида 6-ўринни эгаллаб турибди.

Минтақа

Бу қолган иштирокчи Марказий Осиё давлатлари орасидан қайд этилган энг яхши натижа бўлади.

Минтақа мамлакатлари ичидан жорий пайтда фақат Қозоғистон Ўйинларнинг битта олтин медалини олишга муваффақ бўлган ва медаллар жадвалида 28-ўринни эгаллаб турибди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўйинларнинг илк кунида 50 яшар сузувчиси Зулфия Габидуллина аёллар ўртасида 100 метрга эркин усулда сузиш баҳсларида (43.22 сония) янги жаҳон рекордини ўрнатиб, Қозоғистон Паралимпия терма жамоаси ҳисобига олтин ва биринчи медални келтирганди.

Қирғизистондан бирор бир иштирокчи йўқ, Тожикистон, Афғонистондан биттадан, Туркманистондан эса, иккита спортчи Рио Паралимпиадасида иштирок этишмоқда.

Собиқ Шўро давлатлари

Собиқ Шўро давлатлари орасидан Украина ҳисобидаги 7 та олтин, 6 та кумуш ва 13 та бронза - жаъми 28 та медали билан медаллар жадвалида илғорлик қилмоқда.

Украина жорий пайтда Хитой ва Буюк Британиядан кейин 3-ўринда бормоқда.

Ўтган икки кун ичида қолган собиқ Шўро давлатлари орасидан Озарбайжон (4 та медаль, 19-ўрин), Беларус (2 та медаль, 24-ўрин), Латвия (1 та олтин медаль, 28-ўрин) ва Литва (1 та кумуш медаль, 40-ўрин) Ўйинларнинг совринли ўринларига кўтарилишга муваффақ бўлишган.

Медаллар жадвали илғори Хитой ҳисобида эса, Рио Ёзги Паралимпия Ўйинларининг 20 та олтини дохил 49 та медали бор.

Қисқача маълумот ўрнида

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Рио Ёзги Паралимпия Ўйинларида 4000 дан зиёд паралимпиячи 23 спорт тури бўйича совринли ўринлар учун кураш олиб боришмоқда.

Бу йилги Ўйинларда жаъми 528 тўплам медаль ўйналади.

Ўзбекистонлик паралимпиячилар беш спорт тури: дзюдо, енгил атлетика, сузиш, ўқ отиш ва пауэрлифтинг бўйича ўз кучларини синаб кўришади.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, ХV Ёзги Паралимпия Ўйинлари Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов вафотидан беш кун ўтиб, кеча 7(8) сентябр куни расман очилганди.

Рио Ёзги Паралимпия Ўйинлари 7-18 сентябр кунлари оралиғида бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Паралимпия терма жамоасининг Риодаги натижаларини биз билан бирга кузатиб боринг.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.