Рио-2016: Ўзбекистон тарихий натижа қайд этмоқда

Ўзбекистон паралимпиячиси Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўйинларнинг дастлабки уч кунида Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси ҳисобидаги жаъми медалларнинг сони 19 тага етди.

Шундан 4 таси олтин, 4 таси кумуш ва 11 таси бронза медаллари бўлади.

Ўзбекистонлик паралимпиячилар бор-йўғи уч куннинг ичида қўлга киритган медаллари сони бўйича яқинда Риода тарихий натижа қайд этган Ўзбекистон Олимпиада терма жамоасини ҳам ортда қолдириб кетишди.

Ўзбекистон олимпиадачилари XXXI Рио Ёзги Олимпиадасида 4 та олтини дохил жаъми 13 та медал олишганди.

Ўзбекистонлик паралимпиячилар эса, битта олтини дохил 8 та медалларини кеча шанба - Ўйинларнинг учинчи кунида қўлга киритишди.

Ўзбекистон ҳисобидаги 19 та медали билан медаллар жадвалида 8-ўринда бормоқда ва Украина билан бирга Рио Паралимпиадасида энг яхши натижа қайд этиб турган иккита собиқ Шўро давлатидан биттаси бўлиб турибди.

Марказий Осиё минтақаси назарда тутилганда эса, Ўзбекистон энг пешқадами бўлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Эслатиб ўтамиз, Риода Ўзбекистонни жаъми 32 та паралимпиячиси намоён этмоқда.

Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси ҳисобидаги энг кўп (10 та) медалларни дзюдочилари келтиришмоқда.

Рио Олимпиадасида эса, ўзбекистонлик боксчилар ўзларини кўрсатишганди.

Ўзбекистон Паралимпия терма жамоаси ҳисобидаги қолган медалларни енгил атлетикачилари, сузувчилари ва пневматик тўппончадан ўқ отувчиси келтирган.

Қолган иштирокчи Марказий Осиё давлатлари орасидан фақат Қозоғистоннинг битта олтин медали бор.

Қозоғистон жорий пайтда медаллар жадвалида 37-ўринни эгаллаб турибди.

Қирғизистондан бирор бир иштирокчи йўқ, Тожикистон, Афғонистондан биттадан, Туркманистондан эса, иккита спортчи Рио Паралимпиадасида иштирок этишмоқда.

Афғонистонлик енгил атлетикачи бирор бир медалсиз аллақачон Ўйинлардаги иштирокига якун ясаб ҳам улгурди.

Собиқ Шўро давлатлари

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Собиқ Шўро давлатлари орасидан энг яхши натижа қайд этиб турган Украина ҳисобида эса, жаъми 37 та медаль бор.

Шундан 12 таси олтин, 10 таси кумуш ва қолган 15 таси бронза бўлади.

Украина Ўйинларнинг тўртинчи кунига келиб, медаллар жадвалида 3-ўринда бормоқда.

Қолган собиқ Шўро давлатлари орасидан Латвия ҳисобидаги 2 та олтин медали билан 22-ўрин, 1 та олтини дохил жаъми 5 та медали билан Озарбайжон 25-ўрин, Гуржистон 1 та олтин медали билан 37-ўрин ва Литва 1 та кумуш медали билан 49-ўринни эгаллаб туришибди.

Рио Ёзги Паралимпия Ўйинларида 4000 дан зиёд паралимпиячи 23 спорт тури бўйича совринли ўринлар учун кураш олиб боришмоқда.

Бу йилги Ўйинларда жаъми 528 тўплам медаль ўйналади.

Ўзбекистонлик паралимпиячилар беш спорт тури: дзюдо, енгил атлетика, сузиш, ўқ отиш ва пауэрлифтинг бўйича ўз кучларини синаб кўришади.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, ХV Ёзги Паралимпия Ўйинлари Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов вафотидан беш кун ўтиб, 7(8) сентябр куни расман очилганди.

Рио Ёзги Паралимпия Ўйинлари 7-18 сентябр кунлари оралиғида бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Паралимпия терма жамоасининг Риодаги натижаларини биз билан бирга кузатиб боринг.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.